Озодлик Радиоси

Эҳтиëт бўлинг! Махфий қароргоҳ устидан учиш тақиқланган

Озодлик

феврал 23, 2021

Озодлик суриштируви қайси манбалардан молиялангани мутлақ сир бўлиб қолаëтган Угом-Чотқол тоғ тизмасининг Оҳангарон ҳудудида жойлашган ҳашаматли дам олиш мажмуасининг президент Шавкат Мирзиëев учун қурилганини ўртага чиқарди.

Мирзиëевнинг сири тоғларга яширилган қароргоҳ

2018 йилнинг октябрида Тошкентдан 65 км жануб-шарқда жойлашган Оҳангарон шаҳрининг марказий кўчасида йўллар шошилинч таъмирланиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилганини оҳангаронликлар яхши эслашади.

Шахси очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган қурувчилар¸ маҳаллий ва республика даражасидаги мулозимлар берган тафсилотлар¸ қолаверса¸ тошкентлик фаол Алексей Гаршин аниқлаган маълумотлар бу алоқадорликни тасдиқлади.

Шоввозсойдаги жамоатчиликдан блокпостлар¸ тиканли сим ва қуролли қўриқчилар билан ўраб олинган ушбу ҳашаматли мажмуа қурилишини бевосита Шавкат Мирзиëевга боғлайдиган ҳужжатлар очиқ манбаларда йўқ ҳисоби.

Айни пайтда қурилишда бевосита иштирок этган қурувчилар Озодликка ўз мобил телефонларининг олиб қўйилгани¸ расм ëки видеога олишнинг мутлақ имкони бўлмаганини билдиришди.

Очиқ манбаларда бу махфий мажмуанинг сурати у ëқда турсин¸ номини ҳам топиш қийин.

Озодлик суриштируви давомида топилган кам сонли ҳужжатларнинг бари бир манзил – Шоввозсой ўрмон хўжалигининг расмий бошқарувчиси¸ дам олиш мажмуасининг буюртмачиси, 2002 йилдан бери Очилбой Раматов раҳбари бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” давлат компаниясига бориб тақалади.

Агар бу ҳужжатлар бевосита гувоҳлар кўрсатмаларида айтилаëтгани каби, Шоввозсой мажмуасининг шахсан Шавкат Мирзиëев учун қурилганини тасдиқлашга етарлидек кўринмаса¸ бу ишни битта ҳужжатнинг ўзи қилишга қодир. У ҳам бўлса, Ўзбекистонда учиш тақиқланган қизил зоналарнинг расмий рўйхатидир.

Оҳангарон тоғларининг кўздан панадаги мудроқ даралари¸ хусусан¸ Шоввозсой дам олиш зонаси жойлашган адир ва унга ëндош сув омбори Ўзбекистонда устидан учиб ўтиш тақиқланган олтита зонадан биридир.

Буни эса Озодлик ва Вашингтонда жойлашган C4ADS ноҳукумат гуруҳи Ўзбекистонда жорий этилган авиация фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви ва назоратига оид маълумотларни таҳлил қилиш асносида аниқлади.

Ўзбекистон ҳукуматининг ўтган йил декабрида янгиланган расмий рўйхатига кўра¸ бу no fly ҳудудлардан радиуси энг катта – 10 километрлиги Тошкент халқаро аэропорти¸ унинг ëнида жойлашган президент учоғи учиб-қўнадиган ҳукумат терминалини қоплайди.

Яна бир учиш тақиқланган ҳудуд советлар давридан буён Ядро физикаси институти жойлашган Тошкентдаги Улуғбек посëлкаси устидан ўтган.

Рўйхатга киритилган яна уч ҳудудда президентга қарашли расмий резиденциялар¸ шунингдек¸ расмий рўйхатга ҳалигача киритилмаган Байтқўрғон резиденцияси жойлашган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаро авиацияси агентлигининг Озодлик боғланган мулозими лотин алифбосининг “P” ҳарфи билан таснифланган учиш тақиқланган зоналарда асосан президент резиденциялари жойлашганини тасдиқлади.

“Учиш тақиқланган зоналарни бизнинг ҳарбийлар белгилашади. Ҳаммаси Мудофаа вазирлиги билан келишилган¸ бу зонани белгилаш ваколати уларга тегишли. Радиуси 2 километрлиги бор¸ 5 километрлиги бор. Улуғбек посëлкасидан ташқари, бу зоналарда президент резиденциялари жойлашган. Улуғбекда Ядерний институт жойлашган. Бу объектларнинг устидан учиб ўтиш мумкинмас. Уларнинг устида воздушний трассалар ҳам мавжуд эмас. Айтмоқчи бўлганим¸ агар ҳаво кемаси қанақадир ноқулай об-ҳаво шароитини айланиб ўтаман, деганда кесиб ўтмаса¸ бошқа пайт кесиб ўтмайди”¸ - деди Фуқаро авиацияси агентлиги мулозими.

Қуйида Ўзбекистон ҳукумати учиш тақиқланган ҳудуд деб белгилаган олтита зонага назар ташлаймиз.

Махфий Шоввозсой мажмуаси

Радиуси 2 километр бўлган олтинчи қизил ҳудуднинг маркази Шоввозсой мажмуасидаги икки вертолëт қўниш майдончасидан 200 метрча¸ қурувчилар Мирзиëевларга мўлжалланганини айтган бинодан 350 метрча масофада жойлашган.

Икки километрлик радиус бутун мажмуа учун ҳаво муҳофазасини таъминлайди. Тоғ дарасида жойлашган ва яқин атрофида тирик жон кўринмайдиган ҳудуд устидан учишнинг тақиқланиши ушбу мажмуанинг ким учун қурилгани борасида деярли савол қолдирмайди.

Шоввозсой мажмуасининг айнан қачон учиш тақиқланган ҳудудлар рўйхатига киритилгани маълум эмас. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мулозимларидан бири бу мажмуа қурилишига Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “махфий” тамғаси босилганини билдирди. Фуқаро авиацияси агентлиги мутахассиси ҳам бу саволга аниқлик киритмади.

«Додамизнинг дачаси»: Тошкентлик фаол президентнинг сирини очди

Тошкентлик 50 яшар фаол Алексей Гаршин президент Шавкат Мирзиëев учун Оҳангарон тоғларида яширин дача қурилаëтганини биринчи марта 2018 йил охирларида овчи ўртоқларидан эшитганини айтади.

Шоввозсой ўрмон хўжалигидаги ҳашаматли дам олиш мажмуаси ва шу номдаги сув омбори қурилиши¸ Озодлик кўрган ҳужжатларга кўра¸ 2017 йилда бошланиб¸ унинг асосий қисми 2018 йил кузигача битирилган. Махфий қурилишга¸ энг камтар ҳисоб-китобларга кўра¸ бир неча юз миллион доллар сарфланган.

Мирзиëевнинг харитада йўқ сув омбори

Оҳангароннинг Чотқол тоғлари этагида жойлашган Тут қишлоғи ҳаëти азалдан Шоввозсойга боғланган. Чорвачилик ва деҳқончилик билан тирикчилик қилиб келган тутликлар, қишлоқ айнан шу сой туфайли пайдо бўлган, деб ишонишади.

Сунъий йўлдошдан олинган суратлар Шоввозсой мажмуаси тикланадиган адир устида вертолëт майдончаси қурилишининг 2017 йил январида бошланганини кўрсатди. 2018 йил октябрида Озодлик суҳбатлашган оҳангаронлик мулозим Бош вазир Абдулла Арипов ва унинг сўзларига кўра, президент Мирзиëевнинг ўзи ҳам Шоввозсойга вертолëтда келиб-кетаëтганини айтган эди.

Каримовдан қолган Қайнарсой қароргоҳи

Расмий рўйхатга кўра¸ учиш тақиқланган олти ҳудуддан бири бўлган бу ҳаво ҳудуди Қайнарсой қароргоҳи осмонини қоплайди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 256 гектарлик “Бурчмулла” ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган “Қайнарсой қароргоҳи” Ислом Каримов даврида президентнинг шаҳар ташқарисидаги дам оладиган асосий дачаси бўлган.

Қайнарсой қароргоҳи Бош вазир Абдулла Арипов 2019 йил мартида имзолаган қарорга кўра¸ ҳамон Ўзбекистон президенти администрацияси тасарруфида қолмоқда. Озодлик гаплашган мулозим¸ қурувчи ва дизайнерларга кўра¸ Қайнарсой қароргоҳида ҳам Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг кенг кўламли ва қимматбаҳо таъмир ишлари амалга оширилган.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан буён унинг бу қароргоҳдан фойдалангани фақат бир марта - Беларус президенти Александр Лукашенконинг 2018 йил сентябрида Ўзбекистонга қилган расмий сафари муносабати билан тилга олинди.

Лукашенкога ҳамроҳлик қилган расмий Белта агентлиги мухбирлари Тяншан тоғлари этагидаги Чорвоқ сув омбори бўйида¸ денгиз сатҳидан 900 метр баландликда жойлашган “Қайнарсой” қароргоҳида турар-жой комплексидан ташқари вертолёт қўниш майдончаси ва катерлар, қайиқлар учун махсус порт борлигини ҳам ëзди.

Беларус агентлиги, Лукашенконинг Мирзиëев “Қайнарсой” қароргоҳида меҳмон қилган биринчи хориж раҳбари бўлганини алоҳида урғулади ва қароргоҳни “шахсий резиденция” сифатида тақдим қилди.

Ҳокимиятга келиши билан Оҳангарон тоғларида ўзи ва меҳмонлари учун янги дача қуришга киришган Шавкат Мирзиëев¸ афтидан Ислом Каримовдан қолган Оқсарой ва Дўрмон қароргоҳини ўз иш ва яшаш жойи сифатида қабул қилмагани каби¸ “Қайнарсой қароргоҳи”ни ҳам ўзи ва меҳмонлари учун муносиб жой деб топмаганидан дарак беради.

“Қайнарсой” дачасига яқин ҳудудда яшовчиларнинг Озодликка айтишича¸ бу қароргоҳга элтувчи йўллар ҳамон оддий халқ учун ёпиқлигича қолмоқда.

Байтқўрғон резиденцияси

2017 йил давомида Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган Байтқўрғон маҳалласида Шавкат Мирзиëев учун яна бир қароргоҳ қуриш ва унга элтувчи йўлларни кенгайтириш мақсадида ўнлаб уйларнинг бузилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Гарчи бу қароргоҳ¸ бош вазир Ариповнинг 2019 йил мартидаги қарорига илова қилинган президентнинг расмий резиденциялари рўйхатига киритилмаган бўлса-да¸ учиш таъқиқланган ҳудуд экани унинг ҳукумат учун алоҳида аҳамиятга молик саноқли иншоотлардан бири эканлигини кўрсатади.

Ядро физикаси институти

Ҳукумат учиш тақиқланган ҳудудлар рўйхатига киритган яна бир объект Тошкентдаги Улуғбек посëлкасидир. Ҳозирча радиуси 2 километрлик бу ҳудудда Шавкат Мирзиëевга алоқадор резиденция борлиги аниқланмади. Аммо совет даврида қурилган Ўзбекистон Ядро физикаси институти айнан Улуғбек посëлкасида жойлашган.

Эгизак қароргоҳлар: Дўрмон ва Кўксарой

Учиш тақиқланган рўйхатдаги бу ҳудудда Ислом Каримов¸ ундан олдин Шароф Рашидов каби совет раҳбарлари яшаган асосий резиденция – Дўрмон қароргоҳи жойлашган. Кейинчалик Ислом Каримов Дўрмон қаршисида расмий қабуллар учун махсус Кўксарой қароргоҳини қурдирди.

Янги президент марҳум Каримовнинг Оқсаройидан қандай воз кечган бўлса¸ жамоатчиликка очиқланмаган сабабларга кўра¸ қайта таъмирдан чиқарилган Дўрмон резиденциясида яшашни ҳам шундай истамади. Шунга қарамай¸ Дўрмон қароргоҳи¸ Ариповнинг 2019 йил мартидаги қарорига кўра¸ ҳамон президент администрацияси тасарруфида қолмоқда.

Шавкат Мирзиëев шунингдек, Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида¸ Кўксаройдан беш километрча масофада жойлашган ҳукуматнинг собиқ 1-пансионати ҳудудини ўзининг янги резиденциясига айлантирди. Озодлик манбалари Мирзиëевнинг Қорасув қароргоҳига 2017 йилнинг 24 июли – туғилган кунида кўчиб кирганини билдирди.

Тошкент ва Қорасув резиденцияси

Бу Ўзбекистонда учиш тақиқланган энг катта ҳудуддир. Ушбу ҳудуд пойтахт марказидан 10 километр радиусдаги масофа - Қорасув резиденциясининг катти қисми дохил - деярли бутун Тошкентни қамраб олади. Мазкур зона Шавкат Мирзиëев 2017 йил майида Ислом Каримов номини берган Тошкент халқаро аэропортига учиб-қўнишни бу тақиқдан истисно қилади.

Ушбу ҳудуд Ўзбекистон ҳукуматининг расмий Аэронавигация маълумотлари хизмати ичидаги иншоот ёки инфратузилма ҳақида маълумот берилган ягона ҳудуддир. Унда Тошкент халқаро аэропорти бор, аммо Қорасув резиденцияси киритилмаган.

Кўрилгани каби учиш тақиқланган ҳудудлардан тўрттаси бевосита президент резиденцияларини қоплайди.

Рақамланиш тартибига кўра, рўйхатга энг охирида қўшилган олтинчи учиш тақиқланган ҳудуд айнан жамоатчиликдан сир тутилаëтган Шоввозсой дам олиш зонаси устидан ўтган.


Мирзиёевнинг сири: Тоғларга яширилган қароргоҳ ва сув омбори

2018 йилнинг октябрида Тошкентдан 65 км жануб-шарқда жойлашган Оҳангарон шаҳрининг марказий кўчасида йўллар шошилинч таъмирланиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилганини оҳангаронликлар яхши эслашади.