Озодлик Радиоси

Мирзиëевнинг харитада йўқ сув омбори

Озодлик

феврал 23, 2021

Оҳангароннинг Чотқол тоғлари этагида жойлашган Тут қишлоғи ҳаëти азалдан Шоввозсойга боғланган. Чорвачилик ва деҳқончилик билан тирикчилик қилиб келган тутликлар, қишлоқ айнан шу сой туфайли пайдо бўлган, деб ишонишади.

Уларнинг ўзлари ҳам Шоввозсойдан сув ичганлар.

Чотқол тизмасининг Қирғизистондаги тоғларидан бошланган Шоввозсой Ангрен дарëсига қуйилган. Аммо 2018 йил ëзида жўшқинлиги учун Шоввоз деб номланган бу тоғ дарëси суви Тутга оқмай қолди.

“Экин ва дарахтларимиз қуриб қолди. Қишлоқда водопровод йўқ – ўша йили ичимлик сувиниям¸ молларимизга берадиган сувниям қўшни қишлоқлардан сотиб олдик¸” - дейди тутлик уй бекаси.

Шоввозсойнинг нега қуриб қолгани тутликларга сир эмас эди – қишлоқдан 18 километрча тепада¸ даралар орасида янги сув омбори ва тўғон қурилаëтган эди. Шоввозсой¸ унга қўшиладиган Сарисуюнсой ва Чотисой ирмоқлари ҳам ана шу сув омборини тўлдириш учун тепадан бўғилган эди.

“Тепада эртаю кеч чироқлари ўчмайдиган¸ юзлаб одам доимий ишлайдиган шаҳарча қурилди. Биз у томонларга яқинлаша олмаймиз¸ ҳаммаëқ тўсилган”¸ - дейди Озодлик гаплашган тутликлардан яна бири.

Тоғ тепасида пайдо бўлган “шаҳарча” Озодлик суриштирувининг кўрсатишича¸ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев дам олиши учун давлат муҳофазасида бўлиб келган ҳудудда қурилган Шоввозсой мажмуаси эди.

Вертолëт қўниш майдончаларидан тортиб, учиш тақиқланган ҳудуд ва Мирзиёв учун қурилган кошонани ўз ичига олган Шоввозсой дам олиш комплекси ҳозирга қадар “мутлақ махфийлик” пардаси билан ўралганича қолмоқда. Озодлик Ўзбекистондаги тепасидан учиб ўтиш тақиқланган олтита ҳудуднинг бири эканини аниқлаган Шоввозсой мажмуасига¸ унинг қурилишида қатнашганларнинг айтишича, телефон ëки бошқа электрон жиҳозлар олиб кириш тақиқланади. Мажмуа ўнлаб километр радиусда тиканли сим¸ блокпостлар ва қуролли қўриқчилар билан ўраб олинган.

Мажмуага ёндош, тутликларнинг айтишича, қишлоқни 2018 йил ëзида мутлақ сувсиз қолдирган Шоввозсой сум омбори ҳам махфийлигича қолмоқда. 2021 йил февраль ҳолатига Ўзбекистондаги сув ёки гидротехника иншоотларининг биронта рўйхатида Шоввозсой сув омбори деган объект йўқ.

Озодлик суриштируви давомида Шоввозсой сув омбори номи тилга олинган ягона ҳужжат- давлатга қарашли пудратчи ширкатнинг бизнес режасини топишга муваффақ бўлди. Ушбу ҳужжатдан англашилишича, сув омбори Мирзиёевнинг гидроэнергетикани ривожлантириш назарда тутилган қарорига мувофиқ қурилган. Аммо бир неча сув омбори тилга олинган қарорнинг ўзида Шоввозсой ҳақида сўз йўқ.

Айни пайтда Озодлик суриштируви Шоввозсой сув омборини ҳам Сардоба сув омборини қурган айни шахс ва компаниялар қурганини ўртага чиқарди.

2020 йилнинг 1 май тонгида Сардоба тўғонининг ëрилиши натижасида расман олти инсон ҳалок бўлган, камида 70 минг одам бошпанасиз қолган эди.

Шоввозсой сув омбори ҳеч қаерда қайд этилмагани боис унинг қандай қурилгани, атроф-муҳит ва одамлар ҳаëтига таъсири ўрганиб чиқилган-чиқилмагани ҳам маълум эмас.

Советлар давридан бери давлат муҳофазасига олиниб¸ катта қисми ЮНЕСКО ҳимоясидаги қўриқхона бўлган Угом-Чотқол давлат миллий боғи ҳудудида тоғ дарëларини тўсиб¸ сув омбори қуришнинг халқаро стандартларга қанчалик мос келиши мавҳумлигича қолмоқда.

Марказий Осиëдаги сув ҳавзалари бўйича халқаро эксперт тоғлар орасида бу каби сув иншооти қуриш “маҳаллий экотизимни издан чиқариши”ни таъкидлади.

“Шу боис дарë тизимида сув омбори қуришдан олдин унинг ижтимоий¸ атроф-муҳитга таъсири¸ қолаверса ундан туғиладиган таҳлика чуқур таҳлил қилиниши лозим”¸ - дейди халқаро эксперт. (Бу мутахассис Ўзбекистонда Шоввозсой сув омбори деган янги сунъий сув ҳавзаси пайдо бўлганини биринчи марта Озодликдан эшитди – таҳр.)

Бу¸ қолаверса Озодлик суриштируви давомида гапирган бошқа мутахассис ва мулозимлар матбуотга гапириш ваколати йўқлиги ëхуд хавфсизлик мақсадларида ўз шахси очиқланмаслигини сўради.

На Мирзиëев администрацияси ва на Шоввозсой мажмуаси жойлашган ер бошқарувчиси ҳамда қурилиш буюртмачиси бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” Озодлик суриштируви жараёнида пайдо бўлган саволларга жавоб берди.

Резерватнинг қоқ ўртасидаги сув омбори

Озодлик гаплашган қатор манбалар¸ жумладан, Шоввозсой дам олиш зонаси ва унга ëндош сув омбори қурилишида бевосита қатнашган қурувчи-мутахассисларга кўра, қурилиш ишлари 2017 йилда бошланиб¸ салкам уч йилда тугалланган.

Мирзиëев учун қурилган бу улкан мажмуа ниҳоятда қаттиқ қўриқланиши боис журналистлар ва маҳаллий аҳоли учун ҳудуд яқинига боришнинг имкони йўқ. Айни пайтда мазкур ҳудуднинг сунъий йўлдошдан олинган суратлари Озодлик манбалари берган маълумотларни тасдиқлайди.

Ушбу суратлар тўғон қурилиши 2017 йилнинг июль ойида аллақачон қизғин кетаётган бўлгани ва сув омбори 2018 йил апрель ойи бошларида тўлдирилганини кўрсатади.

Шоввозсой суви тўғон билан бўғилиб¸ унинг қуйи оқимидаги ерлар сувсизликдан қовжирашни бошлаган 2018 йил май ойида Бош вазир Абдулла Арипов “Угом-Чотқол давлат биосфера резерватини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор ни имзолади. Қарорга мувофиқ, қарийб 43 минг гектарлик резерват Шоввозсой комплекси қурилишининг буюртмачиси, ҳозирда бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбари бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” тасарруфига берилди.

Жаннат водийсидан қувилганлар

Ўн йиллар давомида Қурбоновлар оиласи Чотқол тоғ тизмасидаги сўлим дара ва адирларнинг посбони бўлиб келган.

2018 йил баҳори ва ëзида даралар орасидаги Шоввозсой сув омбори сатҳи ва сиғими ошгани сайин қуйи оқимдаги тутликларнинг айтишича, уларнинг ҳаëт-мамоти бўлган сой ҳам қурий бошлади.

“2018 йили сой қуриб қолди. Сой билан бирга экин-тикинларимиз¸ дарахтзорлар ҳам қуриди. Одамлар тўполон ҳам қилиб кўрди¸ натижа бўлмади. Водопровод олиб келамиз¸ деган ваъда билан қутулишди ўшанда. Ўтган йили ичимлик суви масаласи қисман ҳал бўлди. Лекин томорқага сув йўқ. 2018 йилдан бери ҳар йили баҳорда¸ сойда сув кўпайиб¸ тўғонга босим кучайганда пастга сув қўйворишади. Уни ҳам қишлоқ тепасида ери бор катта фермерлар олиб¸ пастдагиларга сув етмайди. Ëз келиши билан экинларимиз қуриб¸ дарахтзорлар сарғайишни бошлайди”¸ - деди тутлик деҳқонлардан бири.

«Машҳур учлик»

Шоввозсойдаги қурилиш ишлари билан таниш бўлган манбалардан бири Озодлик билан суҳбатда сув омбори фақат бир мақсад – Шоввозсой кошонасини Мирзиëев учун янада кўркам қилиш ва унинг чиройига чирой қўшиш мақсадида қурилганини таъкидлади.

“Саройнинг саройдек бўлиши учун уларга денгиз ва кўл етмади. Сув омбори ана шу кемтикни тўлдириш учунгина қурилди. Сув омбори бўйлаб махсус йўлакчалар қилинди¸ президент ва меҳмонларининг кўлда кезиши учун чет элдан қиммат катер ва қайиқлар олиб келинди”¸ - дейди бу мулозим.

Сунъий йўлдош суратлари бу маълумотни ҳам тасдиқлайди – 2019 йил июлидаги суратларда Шоввозсой сув омборининг жанубий қисмида¸ Раматов қурдирган овчилар пансионатидан 300 метрча пастда қайиқлар тўхташи учун махсус пристань пайдо бўлгани¸ кўлнинг айланаси бўйлаб йўлаклар қилингани кўрилади.

Озодлик гаплашган сув ҳавзалари бўйича халқаро мутахассис сув омборларининг ирригация¸ сув таъминоти¸ гидроэнергетика ëки ер ости сувларини тўлдириш каби мақсадларда қурилишини таъкидлайди. Бу экспертнинг қўшимча қилишича, тоғ дарëларини тўсиб сув омбори қуришни фақат дам олиш зонасига хизмат қилдириш билан оқлаб бўлмайди.

“Сув омбори ижтимоий мақсадга хизмат қилиши шарт. Бундай қурилишнинг айнан шу жиҳати унинг энг муҳим қисмидир”¸ - дейди мутахассис.

Мирзиëев учун Шоввозсой саройи этагида сув омбори қуриш буюртмачи¸ пудратчи ва субпудратчилари¸ Озодлик гаплашган мулозим ва гидроиншоотлар бўйича мутахассисга кўра¸ айнан Сардоба сув омборидаги фалокатдан сўнг ўзбекистонликларга танилган Очилбой Раматов¸ Абдуғани Сангинов ва Сангиновнинг кенжа ўғли Ислом Абдураҳмоновлардир.

Шоввозсой мажмуаси қурилишининг буюртмачиси¸ Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларнинг тасдиқлашича¸ Раматов раислик қилувчи “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ¸ сув омборини лойиҳалаштириш учун масъул - сенатор Абдуғани Сангинов раислик қилувчи “Ўзбекгидроэнерго” ва унинг таркибига кирувчи тизимлар¸ тўғонни қурган эса Сангиновнинг ўғли Ислом Абдураҳмонов асосий ҳиссадори бўлган хусусий To’palang Water Construction МЧЖдир.

Номсиз кўл

Яширин тоғ мажмуаси ёнида сув омбори қурилиши бошланганидан буён икки йилдан кўпроқ вақт ўтди. Аммо Озодлик сув ҳавзаси номи ёки жойлашган ери тилга олинган фақат битта расмий қайдни топишга муваффақ бўлди.

“Ўзбекгидроэнерго” компаниясига қарашли “Гидромахсусқурилиш” АЖнинг 2019 йилги бизнес режасида мазкур корхона таъсис этилган 1961 йилдан 2019 йилгача қайси қурилишларда қатнашгани рўйхати келтирилган.

“Асосий воқеалар” деб номланган бу рўйхатнинг 2017-2018 йилларга оид қисмида “Шоввозсой сув омбори қурилиши”¸ деган жумла киритилган. Ҳужжатдан бу қурилишнинг Шавкат Мирзиëев 2017 йил 2 май куни имзолаган қарор асосида амалга оширилгани англашилади.

2017-2021 йилларда гидроэенергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури” деб номланган президент қарорида шу йилларда қуриладиган сув иншоотлари рўйхати келтирилган. Қарор иловасида 11 та янги сув иншооти номи келтирилгани ҳолда¸ Шоввозсой сув омбори қурилиши бу рўйхатга киритилмаган.

(Шоввозсой сув омбори “Гидромахсусқурилиш” ëки унинг қарийб 98 фоиз акциясига эгалик қилувчи “Ўзбекгидроэнерго” АЖ расмий сайтларидаги сув омборлари рўйхатида ҳам йўқ.)

“Гидромахсусқурилиш” бизнес режасида шунингдек, 2018 йил давомида компания Мирзиëевнинг февраль ойидаги қарори асосида берилган 11.9 миллиард сўм ($1.1 миллион) кредитга техника сотиб олгани айтилади. Президентнинг айни қарори билан давлатга қарашли Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси “Ўзбекгидроэнерго” тизимидаги ташкилотларга бериш учун Туронбанк АТБга 60 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган.

Бу қарор ижроси учун масъул қилинган учлик орасида “Ўзбекгидроэнерго” раиси¸ бадавлат сенатор Абдуғани Сангинов ҳам бор.

Озодлик сўровига жавобан Сангинов раҳбари бўлган “Ўзбекгидроэнерго” Шоввозсойда қурилган сув омборига алоқаси борлигини қатъиян рад этди.

“Жамиятимизнинг Шоввозсой сув омборининг қанча муддатда қурилиши, қандай мақсадларда қурилиши ҳамда қурилиш меъмори (субъекти) билан боғлиқ алоқаси йўқ. Шу билан бирга, ушбу объект қурилишида масъул этиб белгиланмаган ҳамда иштирок этмаган. Шунингдек, мазкур сув омборининг эксплуатацияси ва уни назорати билан шуғулланмаслигини маълум қиламиз”, дея таъкидланади 22 февраль куни электрон почта орқали Озодликка тақдим этилган расмий баёнотда.

2018 йилнинг 24 май куни Сангиновнинг компанияси “Гидромахсусқурилиш” билан ҳам кредит шартномаси тузади. “Гидромахсусқурилиш” Шоввозсой сув омбори қурилишида қатнашгани расмий ҳисоботга киритилган ягона ташкилотдир.

Бу контракт “Ўзбекгидроэнерго” ва “Гидромахсусқурилиш” имзолаган келишув ижроси учун Туронбанк томонидан 40 миллиард (Ўзбекистон Марказий банкининг ўша вақтдаги валюта айирбошлаш курси бўйича $5 миллион) сўмлик кредит ажратилишини кўзда тутади. “Ўзбекгидроэнерго”нинг 2018 йилги ҳисоботига кўра, Туронбанк ҳам шартномада қатнашган томонлардан бири. Кредитнинг қандай мақсадга ажратилгани кўрсатилмаган.

Айни пайтда очиқ манбалардаги маълумотлар Шоввозсой сув омборини тўлдириш бошланган 2018 йил ёзида “Ўзбекгидроэнерго”нинг ўз шўъба корхонаси бўлган “Гидромахсусқурилиш”дан ташқари Туронбанк орқали Сангиновнинг ўғлига тегишли хусусий Toʻplanag HPD Holding билан ҳам қатор шартномалар имзоланганини кўрсатади.

Сангиновнинг кенжа ўғли Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов Toʻplanag HPD Holding МЧЖнинг акциялари 61¸70 фоизининг эгаси. Toʻplanag HPD Holding эса Toʻpalang Water Consruction МЧЖнинг 100 фоиз акциясига эгалик қилади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ нинг 2018 йилги ҳисоботида 2018 йил май ойида, сунъий йўлдош тасвирлари сув омбори тўлдирилаётганини кўрсатганидан бир ой ўтиб, Toʻpаlanag HPD Holding билан имзоланган бешта «кредит шартномалари» қайд этилган.

Ушбу шартномаларда ҳам Мирзиëев 60 миллион долларлик кредит линиясини тақдим этган Туронбанк имзоловчи томонлардан бири сифатида қайд этилган.

Умумий қиймати 269,4 миллиард сўм (ўша пайтдаги курс бўйича $33.6 миллион доллар) га тенг бўлган ушбу кредитларнинг қайси мақсадда ажратилгани тўғрисида Озодликнинг изоҳ сўраб қилган мурожаатларига на “Ўзбекгидроэнерго” на Toʻplanag HPD Holding жавоб берди.

Аммо бу сумма сув омбори қурилиши билан таниш бўлган Озодлик манбаси берган рақамларга мос келади. Манба сув омбори қурилиши учун давлат бюджетидан Toʻpalang Water Consruction МЧЖга 200 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ ажратилганини айтган эди.

Шоввозсой сув омборини айнан Сангиновларга қарашли хусусий ширкат қурганига оид маълумотларни 18 февраль куни Озодлик боғланган Toʻpalang Water Consruction бош ҳисобчиси тасдиқлади.

Ушбу компания Шоввозсой сув омборининг “бош пудратчиси” эканини билдирган To’palang Water Constuction МЧЖ ходими лойиҳа билан боғлиқ саволларни бош буюртмачи - “Ўзбекистон темир йўллари”нинг Капитал қурилиш дирекциясига беришни тавсия қилди.

“Объектнинг эгаси улар. Бу ҳақда маълумот бериш мумкинми-йўқми, ўшалар билади¸ бу жуда стратегик объект”, - деди ўзини Ҳайитмурод Ҳасанов деб таништирган шахс.

“Нима учун бу объект стратегик”¸ деган саволга у “мен бу нарсаларни сизга айтолмайман”¸ деб жавоб қайтарди.

Тошкентлик фаол Алексей Гаршин билан 2020 йилнинг ноябридаги телефон суҳбатларида ҳам “Ўзбекгидроэнерго” ходими ҳамда Topalang Water Construction вакили айни маълумотни берган.

(Олдинги номи “Резаксой сув қурилиш” бўлган Toʻpalang Water Consruction МЧЖнинг собиқ раҳбари¸ To’palang HPD Holding акцияларининг 7.10 фоизи эгаси Карим Рўзиев Сардоба иши бўйича қамоққа олинган 9 шахсдан бири. “Резаксой сув қурилиш” 2020 йил 1 май куни ëрилган Сардоба сув омборининг асосий субпудратчиси бўлган.)

Мамлакатдаги канал ва сунъий сув ҳавзаларини назорат қилувчи Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги вакили Озодликка Шоввозсой сув омбори вазирликка қарамаслигини билдирди.

“Тошкент вилоятида бизнинг иккита сув омборимиз бор. Биттаси Тошкент (“Ташморе”, расмий номи Туябўғиз сув омбори-таҳр.), иккинчиси эса Оҳангарон сув омбори. Керак бўлса, шу икки сув омбори ҳақида маълумот беришимиз мумкин”, дейилади Озодликка Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати берган ëзма жавобда.

Сув хўжалиги вазирлиги¸ шунингдек, Геодезия ва картография миллий маркази сайтидан Шоввозсой сум омборини қидириш ҳеч қандай натижа бермади.

БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг 2020 йилда Ўзбекистон бўйича тайëрлаган 500 саҳифадан ошиқ ҳисоботида мамлакатдаги барча табиий ва сунъий сув ҳавзалари рўйхати келтирилган.

Ўзбекистон ҳукумати тақдим этган расмий маълумотлар асосида ҳозирланган бу халқаро ҳисоботда ҳам Шоввозсой сув омбори умуман тилга олинмаган. Боз устига¸ ҳисоботда Шоввозсой сув омбори қурилган 2017-2018 йилларда Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлигининг сунъий сув ҳавзалари қуриш учун бирорта рухсатнома бермагани алоҳида қайд этилган.

Сардоба акс-садоси

Шоввозсой сув омбори тўғонини инспекция қилишда бевосита қатнашган мутахассис ўзи кўрган расмий ҳужжатларга таяниб¸ сув омбори тўғони баландлигининг 70 метр¸ сув сиғимининг эса 50-60 миллион куб метр эканини билдирди. Расмий ҳужжатлар ўз ихтиëрида йўқлиги боис Озодлик бу маълумотни мустақил тасдиқлаш имконига эга эмас.

Айни пайтда бир-биридан мустақил икки манба Озодликка 2019 йилда Шоввозсой сув омбори тўғонида ëриқ пайдо бўлиб¸ сув сизганини билдирди.

“Бу аслида, Сардобани ҳам худди шундай ура-урачилик билан қурганлар учун олдиндан берилган огоҳлантирув сигнали эди. Шошиб-пишиб¸ ўғрилик ва алдамчилик билан қурилган сув омбори тўғонининг эртами-кечми, ëрилиши аниқлигидан берилган эслатма эди Шоввозсойдаги ëрилиш”¸ - деди гидроиншоотлар бўйича ўзбекистонлик мулозим.

Сардоба сув омборида 2020 йил 1 май тонгида рўй берган техноген фалокат оқибатида, расмий маълумотларга кўра¸ олти одам ҳалок бўлди¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келди¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар-жой қисман зарарланди.

Шоввозсой истироҳатгоҳидан 18 километрча пастдаги Тут қишлоғи аҳолисининг айтишича, уларнинг ҳаётини издан чиқарган нарса фақат сув омбори бўлмаган.

Тутликларнинг сўзларига кўра, Мирзиёев қароргоҳига олиб борувчи йўлларни кенгайтириш учун ўнлаб уйлар бузилган, яйловлар мусодара қилинган.

“Мирзиëев дачасига йўл очиш учун ўнлаб уй ер билан яксон қилинди. Мол боқиб¸ рўзғор тебратардик. Тирикчилигимизнинг асосий манбаи бўлган яйлов ерлари шу дачанинг ëнига одам тугул¸ мол ҳам йўламасин, деб биздан олиб қўйилди”¸ - дейди Озодлик гаплашган тутлик фермерлардан бири.


Мирзиëевнинг сири тоғларга яширилган қароргоҳ

2018 йилнинг октябрида Тошкентдан 65 км жануб-шарқда жойлашган Оҳангарон шаҳрининг марказий кўчасида йўллар шошилинч таъмирланиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилганини оҳангаронликлар яхши эслашади.

Жаннат водийсидан қувилганлар

Ўн йиллар давомида Қурбоновлар оиласи Чотқол тоғ тизмасидаги сўлим дара ва адирларнинг посбони бўлиб келган.

«Додамизнинг дачаси»: Тошкентлик фаол президентнинг сирини очди

Тошкентлик 50 яшар фаол Алексей Гаршин президент Шавкат Мирзиëев учун Оҳангарон тоғларида яширин дача қурилаëтганини биринчи марта 2018 йил охирларида овчи ўртоқларидан эшитганини айтади.

Эҳтиëт бўлинг: Махфий қароргоҳ устидан учиш тақиқланган

Озодлик суриштируви қайси манбалардан молиялангани мутлақ сир бўлиб қолаëтган Угом-Чотқол тоғ тизмасининг Оҳангарон ҳудудида жойлашган ҳашаматли дам олиш мажмуасининг президент Шавкат Мирзиëев учун қурилганини ўртага чиқарди.