Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 19:10

Экспертлар: Украина воқеалари Марказий Осиё мамлакатларига таъсир кўрсатиши муқаррар


Россиянинг Украинадаги бўлгинчи ҳудудларни мустақил деб тан олиши Марказий Осиё мамлакатларига нимани англатади ва Путин қандай муждалар йўлламоқда?

21 февраль куни Кремль “ЛХР” ва “ДХР”ни мустақил республикалар сифатида тан олганини эълон қилди, эртасига эса Путин “уларни бутун Луганск ва Донецк вилоятлари чегараси доирасида тан олдик”, дея аниқлик киритди. Бугунги кунда мазкур вилоятларнинг бир қисмини Украина назорат қилмоқда.

Путин халқига мурожаатида “Совет Украинаси большевиклар сиёсати натижасида вужудга келган”ини ва ушбу мамлакатни “бугун ҳам Владимир Ильич Ленин номидаги Украина деб аташ учун асос мавжуд”лигини иддао қилди.

“Украина давлатининг муаллифи ва меъмори – Ленин. Буни архив ҳужжатлари, жумладан, Лениннинг Украина таркибига том маънода тиқиштирилган Донбассга доир директивалари батамом тасдиқлайди”, деди у.

Бўлгинчи “Донецк Халқ Республикаси” ва “Луганск Халқ Республикаси”ни “мустақил давлатлар” деб тан олиш ҳақидаги ҳужжатлар ҳамда “дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида”ги шартномалар ўша куниёқ расмий ТВда ҳам намойиш этилди.

Қарийб бир соатга чўзилган нутқида Путин Украинани “Россиянинг душмани ва ўз тарихига эга бўлмаган давлат” деб атади.

Путинга кўра, СССР парчаланганидан сўнг Россия Украина билан дўстлашган, унга ёрдам берган, бироқ Киев “иккисини боғловчи барча ришталарни инкор этувчи давлатчилик қуришга қарор қилади” ва шу манзарада у ерда “нацизм ва русофобия авж олади”.

Украина президенти Владимир Зеленский Москва мамлакат мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига путур етказаётганини айтди.

“Менинг ортимда халқаро тан олинган чегараларидаги Украина турибди, бу чегаралар Россиянинг ҳар турли иддаолари ва хатти-ҳаракатларидан қатъи назар, ўзгармаяжак. Донецк ва Луганск вилоятларининг босиб олинган ҳудудларини мустақил деб тан олиш Россиянинг Минск битимларидан бир томонлама чиққанини ва “Норманд формати” доирасида қабул қилинган қарорларни писанд қилмаганини билдиради”, деди Зеленский.

Украина Бош прокуратураси бўлгинчи ҳудудлар Москва тарафидан тан олингани факти бўйича жиноят иши қўзғатди.

Путин бу йил 70 ёшга тўлади. 2008 йилда у бўлгинчи ҳудудларни дастаклаб, Грузияни бўлиб юборди. 2014 йилда Украинага тегишли Қримни аннексия қилди. Ҳозирда ўзини Ғарбга қарши ёлғиз жанг қилаётган қора рицар каби тутмоқда, дейди эксперт.
Путин бу йил 70 ёшга тўлади. 2008 йилда у бўлгинчи ҳудудларни дастаклаб, Грузияни бўлиб юборди. 2014 йилда Украинага тегишли Қримни аннексия қилди. Ҳозирда ўзини Ғарбга қарши ёлғиз жанг қилаётган қора рицар каби тутмоқда, дейди эксперт.

“Дилда Украинага хайрихоҳлик ва сиртда Россияга итоат”

Марказий Осиё бўйича экспертлар Россия президентининг гаплари собиқ совет республикаларига таҳдид солиши мумкин бўлган тенденциядан мужда эканини айтадилар. Украинадаги воқеалардан сўнг Россияга қарши жорий санкциялар жорий этилиши унинг минтақавий қўшниларига ҳам зарар бериши мумкин.

Хусусан, ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, Россиянинг минтақага таҳдиди хийла ортган.

Камолиддин Раббимов
Камолиддин Раббимов

“Бу йил 70 ёшга тўлаётган Путин очиқ агрессия кўрсатди. Иқтидорга келган пайтларида у ўзини вазмин тутишга ҳаракат қиларди, аммо кейинчалик шунақа образ касб этди. Бу айниқса 2007 йилги Мюнхен хавфсизлик конференциясидан сўнг юзага чиқди. 2008 йилда у бўлгинчи ҳудудларни дастаклаб, Грузияни бўлиб юборди. 2014 йилда Украинага тегишли Қримни аннексия қилди. Ҳозирда ўзини Ғарбга қарши ёлғиз жанг қилаётган қора рицар каби тутмоқда”, дейди эксперт.

Раббимовга кўра, Путин бирваракайига барчага уруш эълон қила олмайди. Аммо у бу ишлари билан “рус ерларини йиғиш”да давом этажагига ишоралар бермоқда.

“Унинг 21 февраль кунги нутқи негизида “совет даврида Россияга қарашли ерлар ғирромлик билан бошқа иттифоқдош республикаларга бериб юборилган”, деган иддао ётади. Сўнгги икки йил давомида Путин ўз чиқишларида бу ҳақда тез-тез эслатиб турди”, дейди Камолиддин Раббимов Озодлик билан суҳбатда.

Россия президенти Владимир Путин 21 июнь куни “Россия 1” телеканалининг “Москва. Кремль. Путин” дастури учун берган интервьюсида, жумладан, шундай деган эди: “Савол туғилади: у ёки бу республика Совет Иттифоқи таркибига киргач Россия ерларидан, азалдан Россияга тегишли бўлган тарихий ҳудудлардан каттагина бўлакни қабул қилиб олди, аммо кейин дафъатан Иттифоқ таркибидан чиқишга қарор берди – лоақал қандай келган, шу ҳолича чиқиб кетсин эди, рус халқининг ҳадясини ўзи билан олиб кетмасдан”.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков, Россия президенти Владимир Путин, Покистон бош вазири Имрон Хон, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти йиғилиши олдидан. Бишкек¸ 2019 йил 14 июн.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков, Россия президенти Владимир Путин, Покистон бош вазири Имрон Хон, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти йиғилиши олдидан. Бишкек¸ 2019 йил 14 июн.

Камолиддин Раббимов фикрича, Россия президенти Украинага оид баёнотлари билан дипломатия одобига ҳам, сиёсий мувозанатга ҳам риоя қилишни истамаслигини кўрсатган.

“Марказий Осиё мамлакатлари Россиянинг хатти-ҳаракатларини безовталаниб кузатмоқда. Бироқ, гарчи бу мамлакатлар ичдан Украинага хайрихоҳ бўлишса-да, расмий муносабатларда Россияга итоатсизлик қилишга ботина олишмайди. Россия Марказий Осиё учун асосий савдо-иқтисодий ҳамкордир”, дейди у.

Эксперт Марказий Осиё мамлакатлари Россия ахборот маконидан чиқишга қодир эмас, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, 30 йиллик мустақиллик даврида Марказий Осиёда Россия ОАВларига қарши тура оладиган мустақил ахборот макони яратилмаган.

“Собиқ совет республикалари орасида ҳозирча фақат Марказий Осиёга тегишмади. Аммо Путин интеграция лойиҳаси сифатида СССРни янги шаклда бунёд этмоқчи. Шундан келиб чиқиб, Марказий Осиё мамлакатларига босим кучаймоқда. Россия иштироки билан Кавказда анчадан бери ҳудудий яхлитлик масаласига доир баҳслар кўтарилмоқда. Беларусь эса шусиз ҳам Россия назорати остида. Буларнинг бари Марказий Осиё сиёсий элитасини ташвишга солади. Тўлақонли демократия ҳатто Қирғизистонда ҳам йўқ, Марказий Осиёнинг қолган мамлакатларида авторитар режимлар ҳукмронлик қилмоқда. Шу боис вазият жуда мураккаб”, дея хулоса қилади Камолиддин Раббимов.

Россия ва Ғарб билан муносабатлар ҳамда Хитойнинг таъсири

Марказий Осиё бўйича мустақил экспертлардан бири, Парвиз Муллажонов Россия Украина шарқидаги бўлгинчи ҳудудлар мустақиллигини тан олиш билан Минск битимларидан воз кечгани ҳақида мужда йўллаганини айтади. “Путин Украинада россияпараст лидерни иқтидорга келтира олмаганидан сўнг Украина ва Ғарбга шу тариқа босим ўтказмоқчи”, дейди у.

Унинг айтишича, Россия бу хатти-ҳаракатлари ортидан Ғарбнинг муайян санкцияларига йўлиқади. Россияга қарши қўлланган санкциялар Марказий Осиё мамлакатларига ҳам таъсир қилиши муқаррар.

“Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий жиҳатдан Россияга қаттиқ боғланиб қолган. Қозоғистон билан Қирғизистон Россия билан бирга Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолигини ҳисобга олсак, Россиядаги инқироз бошқаларга ҳам зарар бермай қолмайди. Қозоғистоннинг молиявий хавфсизлик ёстиғи илгари анча бақувват эди, лекин ҳозир мамлакатнинг молиявий захиралари анча камайиб кетган. Агар Россия рубли девальвацияга учраса, минтақа мамлакатларининг миллий валюталари ҳам қадрсизланади. Бу Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажмига таъсир этади”, дея изоҳ беради Парвиз Муллажонов.

Эксперт фикрича, агарда Россия Украинадаги вазият туфайли энергия ресурсларини етказиб беришда тўсиқларга ёки санкцияларга дуч келса, бу Қозоғистон учун фойдали бўлиши мумкин. Яъни, Қозоғистон Россия учун зарур айрим энергия ресурслари транспортировкасидан пул ишлаш имконига эга бўлади. Айрим энергия ресурсларига талаб ошган тақдирда уларнинг муайян қисми Қозоғистон ҳудуди орқали ташилиши эҳтимолдан холи эмас.

“Бироқ, умуман олганда, Россия иқтисодиёти чўкишни бошласа, минтақа мамлакатларини ўзи билан бирга пастга тортади. Оқибатлар оғир бўлади. Марказий Осиё мамлакатлари Россия билан ҳам, Ғарб билан ҳам алоқаларни узишни хоҳламайди. Агар Россия Марказий Осиё мамлакатларидан Украинанинг бўлгинчи ҳудудлари мастақиллигини тан олишни талаб қилса, улар жуда оғир вазиятда қолади”, дейди Парвиз Муллажонов Озодликка берган интервьюсида.

Шунингдек, эксперт тахминича, Россия Украинадаги вазият билан овора бўлиб турган пайтда Марказий Осиё мамлакатлари Хитойнинг таъсир доирасига ўтиши мумкин, бу эса айрим геосиёсий эврилишларга олиб келиши тайин.

Россиянинг “бошқа воситалари”

Туркманистон бўйича эксперт Фарид Тухбатуллин Ашхобод бетараф мавқеда турганини, чунки унинг ҳудудида чет мамлакатларнинг ҳарбий базалари йўқлигини айтади. Унга кўра, Россиянинг “дўстона ниятлари” йўқлиги белгиси бу – СССР ўрнига келган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакат сони тобора камайиб бораётганидир.

“Афғонистондаги вазиятни ва ушбу мамлакатга халқаро ёрдам юклари етказиб бериш билан боғлиқ масалаларни ҳисобга олганда Марказий Осиё нафақат Россия, балки бошқалар билан ҳам ҳамкорлик олиб бориши мумкин. Аммо Украинадаги вазият минтақа мамлакатларини беҳаловат қилади”, дейди у Озодлик билан мулоқотда.

Фарид Тухбутуллин ҳам Россия январь воқеалари чоғида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) номи билан Қозоғистонга кирганига эътибор қаратади.

“Бу Россия бошқа воситалар билан минтақа мамлакатларининг ички ишларига аралиша олишини кўрсатади. Украинадаги воқеалардан сўнг минтақада тушкун кайфият ҳукм сурмоқда. Москва тинчликни хоҳламаслигига, муаммоларни бошқача тарзда ҳал қилишга мойиллигига амин бўлдик”, дейди эксперт.

Бугун, 23 февралда Россия Ватан ҳимоячилари кунини нишонламоқда. Совет даврида бу сана дастлаб “Совет армияси куни”, кейинроқ “Совет армияси ва Ҳарбий-денгиз флоти куни” деб аталган. Аслида ушбу байрам 1922 йилда “Қизил армия куни” сифатида белгиланган. Шуни ҳисобга олганда, бугунги вориси Россия армияси бўлмиш Қизил армия ташкил этилганига 100 йил тўлди. Украина бўлгинчи минтақаларининг Россия томонидан тан олиниши ва Путиннинг Совет Иттифоқи тарихи ревизиясига оид шов-шувли нутқи шу санага тўғри келиб қолгани ғалати бўлди.

XS
SM
MD
LG