Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2018, Тошкент вақти: 06:17

Беш кундан буён Эронда тинчимаётган намойишларда бир киши ўлди


Эрон шимолида иқтисодий қийинчиликларга қарши намойишлар давом этмоқда. 3 август куни маҳаллий матбуот намойишлар давомида камида бир киши ҳалок бўлгани ҳамда шиа мадрасасига ҳужум қилингани ҳақида хабар берди.

АҚШ томонидан қайта жорий қилинган санкциялар кучга кириши арафасида ижтимоий тармоқларда Теҳрон, Караж, Шероз, Машҳад, Исфаҳон ҳамда Қум шаҳарларида бўлиб ўтаётган намойишлар видеоси тарқатилди.

Жорий йилнинг май ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон Теҳрон ядровий дастури бўйича Эрон ва жаҳоннинг қудратли давлатлари ўртасида 2015 йил имзоланган келишувдан чиқишини ва Теҳронга қарши санкциялар қайта жорий қилинишини эълон қилган эди.

Эрон аҳолиси норозилигига ошиб бораётган инфляция ҳамда миллий валюта риалнинг кескин қадрсизланиши ортидан юзага келган иқтисодий қийинчиликлар туртки бўлди.

7 август куни кучга кирадиган санкциялар Эрон томонидан АҚШ доллари сотиб олинишини чеклайди. Бундан ташқари, санкциялар Эроннинг олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар, кўмир ҳамда ширкатлар учун мўлжалланган дастурлар савдосини ҳам мўлжалга олади.

4 август куни Fars хабар агентлиги Караж шаҳрида намойишлар бошланишидан аввалги кечада юриб кетаётган машинадан отилган ўқдан бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Агентлик, шунингдек, шаҳарда тахминан 20 нафар намойишчи қўлга олинганини билдирди.

Озодликка юборилган видеоларда пойтахт Теҳронда намойишчилар “Хоманаийга ўлим!” дея ҳайқираётганини кўриш мумкин.

Видеоларда, шунингдек, айрим намойишчилар эронликларни ўз талабларини изҳор қилишга ундаётганини кузатиш мумкин.

Хабарларга кўра, ҳозирда Теҳрон марказини ҳамда шаҳарнинг айрим шимолий туманларини полиция қуршаб олган.

Озодликка келиб тушган видеоларнинг бирида Караж шаҳрида намойишчилар полиция ходимлари билан тўқнашаётганини кўриш мумкин.

4 август куни Эрон матбуоти 3 август кечаси Теҳрон ғарбида намойишчилар шиа мадрасасига ҳужум қилгани ҳақида хабар қилди.

Fars агентлигининг ёзишича, ҳужум Иштаҳард шаҳрида содир бўлган. Tasnim хабар агентлиги мадраса ўқувчилари тош ва ғишт улоқтира бошлаган намойишчилардан қочишга мажбур бўлгани ҳақида хабар қилди.

3 август куни АҚШ Давлат департаменти Twitterдаги форсча саҳифасида “Эрон келажаги энг аввало эронликлар қўлида. Америка эса эътибордан четда қолиб келаётган Эрон халқини қўллайди”, деб ёзди.

2015 йилда АҚШ, Британия, Франция, Германия, Россия, Хитой ва Эрон ўртасида эришилган келишувга асосан Теҳрон ўз ядровий дастурини чеклаши эвазига мамлакатга қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинган эди.

Аммо, май ойида Трамп АҚШ келишувдан чиқиб, Теҳронга қарши санкциялар қайта жорий қилинишини эълон қилди. Президент Эронни баллистик ракеталар синовларини ўтказиш ҳамда минтақада экстремистларни қўллаш орқали келишув “руҳини” бузаётганликда айблади.

Эрон эса ўз ядровий дастури ҳарбий мақсадларни кўзламаслигини айтиб келади.

7 август куни кучга кирадиган санкциялар АҚШга Эрон гиламлари ва айрим озиқ-овқат маҳсулотлари импортини ҳам чеклайди.

XS
SM
MD
LG