Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:58

Ҳасан Руҳоний: Эрон мамлакатдаги ҳарбий базалари текширилишига изн бермайди


Эрон президенти Ҳасан Руҳоний
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

29 август куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний АҚШнинг БМТ ядровий назоратчилари Теҳрон ҳарбий базаларига бориши керак, деган талабини рад этди. Бошқа Эрон расмийлари эса Вашингтоннинг бу талабини “хом хаёл” дея таърифлади.

Руҳоний БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бундай ташрифга рози бўлмаслигини айтди.

“ХАЭА билан алоқалармизни қоидалар белгилайди, АҚШ эмас. ХАЭА бундай тинтув қилиш чақириғига рози бўлмайди, деб ўйлайман. Улар рози бўлган тақдирда ҳам, биз рози бўлмаймиз”, деди президент.

Руҳоний, агар АҚШ Эрон ва қудратли давлатлар ўртасида 2015 йил эришилган келишувдан воз кечадиган бўлса, уни ҳамкорлари қўлламаслигини айтди.

“Американинг ҳамкори бўлмиш 28 [Европа Иттифоқига аъзо] давлат биз келишув шартларини бажараётганимизни айтиб келади”, деди у.

Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон ядоровий келишувдан бошқа альтернатив ечим йўқ, деб ҳисоблашини таъкидлаган эди.

Ўтган ҳафтада АҚШнинг БМТдаги элчиси Никки Хейли ХАЭАни Теҳрон яширин тарзда ядровий амалиётларни амалга оширмаётганига амин бўлиш учун мамлакатнинг ҳарбий базаларини текширишга чақирган эди.

2015 йилнинг якунида Эрон ва дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида узоқ йиллар давом этган музокаралар ортидан Теҳронга қарши халқаро санкциялар бекор қилинган, эвазига Эрон ўз ядровий дастурини қисқартириш мажбуриятини зиммасига олган эди. Келишувга биноан, ХАЭА Теҳрон келишувга амал қилаётгани ёки йўқлигини назорат қилиб туради.

Эрон расмийлари ўз ҳарбий иншоотларига назоратчи киритишдан бош тортиб келади. Шундай бўлса-да, 2015 йилги келишувга биниоан ХАЭАда шубҳа туғиладиган бўлса, ташкилот Теҳрондан тегишли иншоотни текширишни сўраши мумкин.

2015 йилдан бери ХАЭА Эрон ўз мажбуриятларини бажариб келаётганини таъкидлаб келади.

Руҳоний 29 август куни қилган чиқишидан аввал Эрон ҳукумати матбуот котиби Муҳаммад Бақер Нобахт Теҳронда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатнинг ҳарбий иншоотларига ҳеч ким киритилмаслигини айтган эди.

“Мазкур объектлар ҳақидаги барча маълумот махфийдир. Эрон ҳеч қачон бундай ташрифларга изн бермайди. Хом хаёлдан бошқа нарса бўлмаган бундай шарҳларга эътибор берманг”, деди котиб.

Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг тўнғич маслаҳатчиcи Али Акбар Вилоятий ҳам бундай ташрифга йўл қўйилмаслигини айтди.

“Америкаликлар бизнинг ҳарбий ва нозик объектларимизга ташриф буюриш орзуларини гўрларига олиб кетадилар. ... Ҳеч қачон бундай бўлмайди”, деди Вилоятий.

Эрон ўз ҳарбий иншоотлари текширилишига изн бермай келади. Аммо 2015 йилги ядровий келишувга эришилишидан аввал Теҳрон Парчин ҳарбий комплексига назоратчиларни бир марта киритди. Ғарб мамлакатлари разведка хизматлари Эрон айнан шу ерда ўн йил аввал ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринган, деб ҳисоблайди.

2016 йилда Теҳронга қарши санкциялар бекор қилинишидан аввал ХАЭА Эрон ядровий дастурининг ҳарбий жиҳатлари ҳақидаги барча саволларига жавоб олганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG