Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:50

Тадбиркор: Эшак гўшти жанжали - “Шаршара”нинг эгасига қарши уюштирилган провокация


“Тошкентда “Шаршара” бренди остидаги колбасаларга эшак гўшти қўшилгани эҳтимоли билан боғлиқ можаро бу ширкат эгасига қарши уюштирилган ҳам иқтисодий¸ ҳам сиëсий зарбадир”. Бу иддао билан “Шаршара” атрофидаги можарога бевосита алоқадор тадбиркор 27 ноябрь куни Озодликка мурожаат қилди. Озодлик бу иддаони ўрганишга уринди.

Эшак гўшти баҳона...

Озодликка мурожаат қилган “Шаршара” бренди остида гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган Gold Premium Product МЧЖга бевосита алоқадор тадбиркор¸ 8 ноябрь куни ширкат цехига уюштирилган рейдни “ифлос сиëсат” деб баҳолади.

“Бу ерда гап “Шаршара”да эшак гўшти ишлатилиши ёки ишлатилмаслигида эмас. Ҳамма гап, ўша “Шаршара”нинг эгасининг ўз номзодини Шайхонтоҳур тумани, Ипакчилик округидан депутатликка қўйганида. Рейд аслида 08.11.2017 куни бўлиб ўтган, 21.11.2017 куни жиноий иш қўзғатишди. Унгача, Бош прокуратурадаги Хуршид исмли шахсга ўша Бош прокуратурадан алоҳида топшириқ берилиб, қандай қилиб бўлса ҳам ўша одамни ўз номзодини олдиришига мажбурлайсан¸ дейишган экан”¸ дейди Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган воқеа тафсилотларига яқин тадбиркор.

“Шаршара”нинг эгаси ким?

Озодликка аëн бўлишича¸ Gold Premium Product МЧЖ эгаси Тошкентда мустақилликдан кейин ўз бизнес тармоғини яратган 59 яшар Лутфулла Убаевдир.

“Бу одам “Давр-банк”нинг эгаси. Тошкентдаги машҳур “Шаршара” ресторани¸ “Нурафшон” ресторани¸ “Чароғон” тўйхонаси шу одамники. Отаси проводник бўлган¸ ҳамма нарсага ўз меҳнати билан эришди бу одам. 1996 йилдан бери колбаса чиқаради. Ҳозиргача панада юрган одам¸ сиëсатга аралашиб¸ депутатликка номзодини қўйди. Олдинлари ҳам унинг бизнесига қарши бир-икки ҳужум бўлган эди. Бу сафаргиси¸ ҳам унинг бизнесига¸ ҳам имижига қарши зарбадир”¸ дейди Озодлик гаплашган воқеага бевосита алоқадор шахс.

Бу суҳбатдошнинг айтишича¸ 8 ноябрь кунги рейддан сўнг колбаса цехи иши тўхтаган¸ унда ишлаб келган 30 дан ошиқ ишчига жавоб берилган.

“Бу цехда эшак гўшти бўлганми¸ бўлмаганми¸ колбасага эшак гўшти солинганми¸ солинмаганми¸ буниси муҳим эмас. Муҳими¸ колбаса сезони бошланганда¸ “Шаршара” бренди ëмонотлиқ қилинди¸ унинг эгаси обрўсига путур етказилди. Ишнинг орқасида депутатликка номзодини қўйган бошқа бой одам¸ унинг орқасидагилар турибди. Бу махсус уюштирилган ҳаракат билан бир ўқ билан икки қуëнни уришди¸ дейди Озодликка боғланган “Шаршара”га яқин тадбиркор.

Бу суҳбатдош иддаосича¸ Убаевга босим қилишнинг бошқа йўлини тополмагач¸ унинг рақиблари "ветеринар, СЭС, ГостСтандарт ташкилотларига босим ўтказиб, йўқ нарсани ëзиб берасизлар деб, СЭСни бирон-бир жойда асос бўла олмайдиган ҳужжати асосида жиноий иш қўзғаган".

Озодлик ҳозирча жиноий ишга асос бўлган бу қарорни кўргани йўқ.

Убаевнинг рақиблари ким?

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловлар 24 декабрь куни бўлиб ўтади. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг сайлов штаби вакили Озодлик билан суҳбатда 23 сентябрдан 19 ноябргача бўлиб ўтган регистрация жараëнида пойтахтдаги туман кенгашлари депутатлигига 1700 номзод рўйхатга олинганини билдирди.

“Бу рўйхат жуда узун¸ уни ҳозир сизга бирма-бир ўқиб бера олмайман. Рўйхат “Тошкент оқшоми”нинг охирги сонида эълон қилинди”¸ деди 27 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъули.

Лутфулла Убаев 24 ноябрь куни расман эълон қилинган депутатликка номзодлар рўйхатига киритилган.
Лутфулла Убаев 24 ноябрь куни расман эълон қилинган депутатликка номзодлар рўйхатига киритилган.

"Тошкент оқшоми" газетасининг 24 ноябрь кунги сонида эълон қилинган "Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига депутатлигига кўрсатилган номзодлар рўйхати"дан 1958 йилда туғилган "Давр-банк" хусусий акциядорлик тижорат банки Кенгаш раиси Убаев Лутфулла Хайруллаевичнинг Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакили сифатида 26-Ипакчи сайлов округидан депутатликка номзод сифатида рўйхатга олингани кўрилади.

Сайлов ҳикояси эшак гўшти можаросидан чиқиш йўлими?

“Шаршара” гўшт маҳсулотлари цехида эшак гўштидан фойдаланилгани ҳақидаги жанжалга сиëсий тус бериш¸ ундан чиқишнинг усулидек кўринмоқда”¸ дейди Озодлик билан суҳбатда воқеани билвосита кузатаëтган тошкентликлардан бири.

“Эшак жанжалини сайловга боғлаш¸ менга бироз эриш туюлаяпти. Лекин Убаевга қарши авваллари ҳам махсус рейдлар уюштирилгани бор гап. “Шаршара”ни тортиб олмоқчи бўлиб¸ рейдерлик ҳужумлари қилинган эди. Бу рейдларни Гулнора Каримовага тўнкашган эди. Лекин Лутфулла ака у рейдлардан эсон-омон чиқиб олганди. Колбасага эшак гўшти қўшаëтган фақат “Шаршара” бўлмаса керак¸ деган тахмин бор. Шу маънода¸ нега айнан бу рейд “Шаршара”га айнан ҳозир - унинг хўжайини депутат бўламан деб турганда уюштирилди¸ бу қизиқ савол¸ аммо жавобини билмайман”¸ дейди воқеани кузатаëтган тошкентлик кузатувчилардан бири.

Айни пайтда бу суҳбатдош¸ туман кенгашига депутатлик мақомининг пастлиги¸ уларнинг ҳокимият ва халқ олдидаги эътибори аҳамиятсиз эканидан келиб чиқиб¸ “Шаршара”га уюштирилган рейдни 24 декабрь кунги сайловга боғлашни “бўрттириш” деб баҳолашини қўшиб ўтди.

Ўқ нишонга тегди. Убаевнинг депутатлик даъвосидан воз кечгани айтилди.

Gold Premium Product МЧЖга қарашли колбаса цехида ўтказилган рейд натижасида уч масъул ходимга нисбатан Жиноят Кодексининг 186-моддаси 1-қисми - «истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш» содир этганлик бўйича жиноий иш қўзғатилган ва ҳозирда тергов давом этмоқда.

Бу модда қўрқинчли эмас¸ штраф билан чиқиб кетилади. Лекин бу ишнинг буюртмачилари мақсадига етди – “Шаршара”нинг бозори касод бўлди¸ савдо қотиб қолди¸ бренд - эшак колбасачига чиқарилди. Энг муҳими¸ 27 ноябрь куни Лутфулла Убаев Шайхонтоҳур туман халқ депутатлари кенгаши депутатлигига номзодини қайтариб олди. Убаев Мирзиëев келгандан кейин тадбиркорларнинг сиëсатга кириш вақти бошланди¸ деб ўйлаб хато қилди. Унга жойини кўрсатишди”¸ дейди Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан мулоқот қилган “Шаршара” цехидаги рейд тафсилотларига яқин тадбиркор.

Лутфулла Убаевга қарашли "Давр-банк"нинг Озодлик боғланган вакили¸ Убаевнинг Шайхонтоҳур туман кенгаши депутатлигига номзоди қўйилганини тасдиқлади¸ аммо жараëнга оид бошқа тафсилотлар ҳақида маълумот бера олмаслигини билдирди.

ЎзЛиДепнинг Шайхонтоҳур туман бўлими¸ қолаверса¸ Тошкент шаҳар сайлов штаби вакиллари Убаевнинг номзодини қайтариб олгани ҳақидаги маълумотни на тасдиқлаш ва на инкор қилиш ваколатига эга эмасликларини билдирдилар.

Сиëсатга кирган тадбиркорлар

Ўзбекистон мустақиллиги арафасида ва мустақилликнинг дастлабки йилларида ўз бизнесида муваффақиятга эришган айрим тадбиркорларнинг миллий сиëсатга аралашишга урингани¸ эркин тадбиркорлик¸ демократия ва бозор иқтисодини қўллаб-қувватловчи ташаббуслар билан чиққани кузатилган эди.

Хусусан¸ Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси раҳбари Самандар Қўқонов¸ 1989 йили Ўзбекистон Олий кенгаши депутатлигига сайланган эди. Аммо Ислом Каримовнинг асосий мухолифи бўлган "Эрк" демократик партиясини қўллаган Қўқонов¸ 1993 йилнинг 2 июль куни давлатга қарашли катта миқдордаги мол-мулкни талон-тарожлик қилганлик айби билан ҳибсга олиниб¸ 20 йиллик қамоққа ҳукм этилган эди.

Худди шундай¸ мувафафқиятли тадбиркорликдан сиëсий фаолликка ўтиши билан¸ 1992 йили Ўзбекистондаги биринчи хусусий банк - "Рустамбанк" эгаси Рустам Усмонов ҳам 1998 йил 19 октябрь куни Андижон вилоят Жиноят ишлари бўйича суди ҳукмига кўра, товламачилик, валютани ноқонуний олиш-сотиш каби моддаларда айбланиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Самандар Қўқонов 2016 йилнинг 24 октябрь куни 24 йиллик тутқунликдан¸ Рустам Усмонов эса¸ 2017 йилнинг 14 февралида 19 йиллик қамоқдан сўнг, озодликка чиқарилди.

Иккала тадбиркор-сиëсатчи ҳам Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнггина озодликка чиқарилди.

Озодлик Лутфулла Убаевнинг ўзи билан боғланишга уринишларини давом эттирмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG