Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:47

Euromonitor: Россия Ўзбекистон ва бошқа собиқ СССР давлатлари орқали ЕИ санкцияларини четлаб ўтмоқда


Россия бош вазири Михаил Мишустин ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида. Қозон шаҳри, 29 апрель, 2021
Россия бош вазири Михаил Мишустин ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ЕОИИ ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида. Қозон шаҳри, 29 апрель, 2021

Украинага бостириб киргани учун Россияга нисбатан халқаро санкциялар жорий этилганидан сўнг Европа Иттифоқининг кўплаб мамлакатлари Россияга товарлар етказиб беришни нафақат тўхтатмаган, балки оширган ҳам – эндиликда юклар Россияга унинг постсовет қўшнилари орқали реэкспорт қилинмоқда. Euromonitor International тадқиқот ширкати ҳисоботида шу ҳақда сўз боради.

Ҳисоботда ҳавола берилган Евростат маълумотига кўра, санкциялар жорий қилинганидан сўнг, 2022 йилнинг март – ноябрь ойларида Европадан Россияга экспорт 2021 йилнинг шу даврига қиёсан 47 фоизга камайиб, 36.3 млрд еврони ташкил этган. Айни чоғда Европадан Россияга қўшни бўлмиш Беларусь, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Ўзбекистон ва Қирғизистонга экспорт ҳажми 2022 йилнинг аналогик даврида 48 фоизга ўсган ва жами 20,3 миллиард еврони ташкил қилган.

Россия санкцияларга чап бериш мақсадида ЕИ молларини собиқ СССР республикалари орқали ташишга зўр бергани ҳақида Озодлик аввал ҳам ёзган эди. Энди ушбу маълумотлар расман тасдиқланиб, рақамларда акс этди.

Euromonitor ЕИдан собиқ СССР мамлакатларига экспорт ҳажми ўсишида асосий улуш Россияга сотиш тақиқланган товарларга тўғри келганини урғулайди – бу кўрсаткич 95 фоизни ташкил этган. Айни чоғда ЕИдан ушбу товарларни Россияга экспорт қилиш 95 фоизга қисқариб кетган. 2021 йилнинг ноябрида мазкур тоифадаги молларнинг Беларусь, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Ўзбекистон ва Қирғизистонга экспорти атиги 500 млн еврога тенг бўлган бўлса, 2022 йил ноябрь ойида бу кўрсаткич уч баравар ошиб, 1.5 млрд еврога етган.

Euromonitor International эксперти Вайдотас Землис-Балевичус “Европадан собиқ СССР мамлакатларига экспорт ҳажми кескин ўсиб кетиши бежиз эмас, бу молларнинг салмоқли қисми айнан Россия бозорига тушмоқда, Россиянинг қўшнилари Европа санкцияларини четлаб ўтишда унга ёрдам бермоқда”, деб ҳисоблайди. Шунга кўра, тадқиқот ширкати Евроиттифоқ санкциялари бошида ўйлангани каби таъсир қилмаяпти, қатор Европа мамлакатларида эса Россияга қўшни давлатларга йўналаётган экспорт товарларни назорат қилишда муаммолар мавжуд, деган хулосага келди.

Ўтган йили собиқ СССР мамлакатларига экспорт ҳажмини энг кўп оширган давлатлар Кипр, Греция, Люксембург, Эстония, Литва, Чехия ва Руминия бўлди. Ҳисобот муаллифларига кўра, 2022 йилда ушбу мамлакатлар юк жўнатишни 100 фоиздан 550 фоизгача оширган. Землис-Балевичус фикрича, бундай ўсиш сабаби – персонал экспорт рухсатномаларида, шунингдек, чекловлар секин-аста амалга киритилиб, ширкатларга олдин тузилган шартномаларни бажаришга рухсат этилганидадир.

Euromonitor International баҳолашича, ҳозирда ойига тахминан 700 млн евролик Европа моллари учинчи мамлакатлар орқали Россияга етказиб берилмоқда. Умуман олганда, бу 2021 йилдагидан анча кам (ўша йили ЕИдан ҳар ой 2,7-2,8 млрд евролик мол ташилган), лекин, санкциялар самарали таъсир этиши учун барибир кўп.

Тадқиқотчилар яна бир нечта “статистик аномалия”ни аниқлашди – гап ҳисобот даврида экспорт 100 фоиз ва ундан кўп миқдорда оширилгани ҳақида бормоқда. Экспертларга кўра, энг шубҳали ҳолатлардан бири Литвадан Беларусга муайян двигатель параметрларига эга минилган автомобилларни экспорт қилиш 215 фоизга ошиб, 147 млн еврони ташкил этганидир.

Украинага босқин: 233-кун | Кремль: Ғарбдан тўхтаган импортни Ўзбекистондан олишга тайёрмиз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:41 0:00

Аввалроқ Европа Иттифоқи кенгаши Россиянинг банк, молия ва энергетика секторига тааллуқли иқтисодий санкцияларнинг амал қилиш муддатини 2023 йил 31 июлга қадар узайтирган эди. Бугунги кунда мазкур чеклов чоралари кенг турдаги секторал чоралар, жумладан савдо, молия, технологиялар, қурол-яроғ ишлаб чиқаришда қўлланиши мумкин бўлган моллар, саноат, транспорт ҳамда зеб-зийнат буюмларига доир чекловларни ўз ичига олади.

Украинага қарши уруш бошлаганидан сўнг Россияга нисбатан Евроиттифоқ томонидан жами тўққизта санкциялар туркуми қўлланиб, 1300 нафар жисмоний ва 120 та юридик шахслар учун чекловлар жорий этилди.

2023 йилнинг февралида эса Россияга қарши санкцияларнинг ўнинчи пакети қабул қилиниши кутилмоқда. Reuters агентлиги хабарига кўра, унда илк бор Россиянинг ядровий сектори, хусусан “Росатом”га нисбатан чекловлар жорий қилинади.

Форум

XS
SM
MD
LG