Линклар

15 декабр 2017, Тошкент вақти: 21:08

Фарғонада 14 яшар ўқувчи қизнинг жонсиз танаси уйи тўсинига осилган ҳолда топилди

  • Садриддин Ашур/Озодлик

Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 3- умумтаълим мактабининг 8-синфида ўқийдиган қизнинг жонсиз танаси 28 ноябрь куни ўз уйининг тўсинига осилган ҳолда топилди. Озодликка воқеа гувоҳларидан келган бу хабарни вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидан бирининг воқеадан хабардор мулозими​ ҳамда туман халқ таълими бўлими мудири​ тасдиқлади.

Ёзёвон тумани марказидаги 3-умумтаълим мактабининг 8-синфида ўқиган 14 яшар қиз бола ўқувчи (унинг исм-фамилияси Озодликка маълум, лекин одоб юзасидан ошкор этилмайди – таҳририят) 28 ноябрь куни тушдан кейин осилган ҳолда топилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган марҳума ҳамқишлоқларидан бирининг айтишича, воқеа қизнинг ўз уйида содир бўлган:

“Бу қиз бола сешанба куни тахминан кундузги соат тўртларда яшаб турган уйининг тўсинига ўзини осган. Бу пайтда онаси уйда бўлмаган. Дадаси йўқ, битта укаси бор эди”, дейди ёзёвонликлардан бири.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидан бирининг воқеадан хабардор мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Бу иш юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103 - (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этяпти, бошқа ҳеч нарса айта олмайман”, деди прокуратура мулозими.

Ёзёвон тумани халқ таълими бўлими мудири Мусожон Охуновнинг Озодликка айтишича, беморлиги сабабли ўқувчи қиз сўнгги бир неча кун мактабга келмаган:

- Ҳозир суриштирув давом этяпти, ўқувчи қизимизнинг нима сабабдан ўз жонига қасд қилганини билмайман. Лекин сўнгги тўрт кун мактабга келмаган. Кўзи оғриётган экан. Онаси унинг даволанаётгани ҳақидаги маълумотномани мактабга бериб кетган экан. Бу тиббиёт маълумотномасини ўзим кўрдим. Мактабда унга нисбатан ҳеч нарса бўлмаган. Суриштириляпти, уч-тўрт кунда аниқ тафсилоти чиқса керак, деди Мусожон Охунов.

Қўшариқ маҳалласи фаолларидан бирининг айтишича, марҳума кам таъминланганлар рўйхатида бўлган оилада яшаган:

“Бу қизчанинг отаси бундан олти йил аввал вафот этган эди. Бир укаси билан у ёлғиз онасининг қарамоғида қолган эди. Маҳалла ҳар замон ёрдам қилиб турарди. Онаси ҳам қизининг ўз жонига қасд қилганидан шокка тушиб қолган. Ҳозир маҳалла, қўшнилар қарашиб, далда бўлиб туришибди”, деди маҳалла фаоли.

Президент Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни Самарқанд вилоят Халқ депутатлари кенгашида қилган чиқишида¸ вилоятдаги долзарб муаммолар қаторида аëллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражасининг юқорилигича қолаëтганини тилга олган эди.

“Бу кўрсаткич 145 тани ташкил этади”¸ деган президент¸ бу рақамнинг қайси даврга оид эканини ҳам¸ аëлларни ўзини ўлдиришга мажбурлаëтган омилларни ҳам аниқлаштирмаган.

Бундан икки ҳафта аввал Самарқанд шаҳридаги 36- ўрта мактаб ўқувчиси¸ 11 яшар ўғил бола ўзини осиб ўлдирган эди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти​га кўра, 2010 йилда ҳар 100 минг ўзбекистонликдан 7 нафари ўз жонига қасд қилган бўлса¸ 2016 йилга келиб¸ бу нисбат ҳар юз мингдан 9,2 ни ташкил қилган.​

Бу ташкилотнинг 2016 йилги ҳисоботига кўра¸ ўз жонига қасд қилиш дунë бўйлаб 15-29 ëшдагилар ўртасида энг кўп учрайди ва кейинги йилларда суицид 15-19 ëшдаги қизлар ўртасидаги ўлимнинг биринчи сабабига айланган; ўзини ўлдираëтганларнинг 80 фоизга яқини камбағал ëки ўртаҳол оилалардан.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG