Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2018, Тошкент вақти: 08:13

Андижонда фермернинг пилладан қарзини қоплаш учун ишчилар маошидан ушлаб қолинаяпти


Андижон вилоятининг Андижон туманилик пилла режасини бажара олмаган фермерлар жаримага тортилаётгани, режадаги пилланинг топширилмаган қисмини қоплаш учун пул хўжаликнинг пахта чопиғига ажратилган иш ҳақи ҳисобидан мажбуран ундириб олинаётганидан шикоят қилди.

Банк мутахассиси фермерларнинг жаримага тортилаётганини тасдиқлади, лекин бу жарима иш ҳақидан эмас, балки фермерларнинг ўз шахсий маблағлари ҳисобига қопланаётганини айтди. Туман ҳокими Озодлик мухбири саволига жавоб беришни истамади.

Андижон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг иддао қилишича, туман ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг буйруғи билан пилла режасини бажара олмай қолган фермерлар жаримага тортила бошланди:

“Агробанкнинг туман филиалига ҳоким, прокурор, милиция бошлиғи келиб ўтирибди. Пилла планини бажармаган фермерларни чақиртириб, иш ҳақи фондимиздан жарима тўлашни талаб қиляпти”, деди фермер.

Фермер масаланинг моҳиятини бундай тушунтирди:

“Масала бундай. Бизда кўпчилик пилла планини бажара олмай қолди. Чунки, пиллани тутзорга қараб тақсимламаган. Барг топиш муаммо бўлиб қолди. Кимда планни бажаришга 50 кило, кимда 100 кило етмай қолди. Ҳокимнинг ўзи банкка келиб топшириқ берди. Етмаган ҳар бир кило пилла учун 30 минг сўмдан жарима солинди. Масалан, менда 100 кило етмай қолган бўлса 3 миллион сўм жарима тўлашим керак экан. Бу пулни эса банк пахта чопиқчиларига кредит қилиб ажратилган иш ҳақидан ушлаб қолиб, ўтказиб юборяпти”, - деди фермер.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермернинг иддао қилишича, пахта чопиғига ажратилган иш ҳақини улар жарима учун тўлашга мажбурланяпти:

“Мени ҳам ҳоким чақиртирди. Банкка бориб, ҳокимнинг айтганини қилишга мажбур бўлдим. Масалан, менинг 40 гектар ерим ва 40 та чопиқчим бўлса, ўшаларнинг номини ёзиб иш ҳақи ведомости тузилди. Мен бу пулни гўё олгандек бўлиб, имзо чекиб бердим. Аслида олганим йўқ. Бу жаримага кетди. Бу чопиқчи аёлларга бериладиган иш ҳақи. Иш ҳақига ҳеч ким тегиши мумкин эмас. Лекин булар шунга мажбурлашяпти. Энди мен чопиқчиларимга ернинг тагидан топиб бўлса ҳам ўзим пул топиб беришим керак бўлади”,- деди фермер.

Озодлик Агробанкнинг Андижон тумани бўлими билан боғланди. Ўзини таништирмаган банк бўлими бошлиғи фермерларнинг пилла режасини бажара олмагани учун жаримага тортилаётганини тасдиқлади, аммо бу жаримани фермерлар ихтиёрий топшираётганини айтди:

- Фермерларга иш ҳақини тарқатиб юборганмиз. Жарималарини ўзлари олиб келиб топширяпти. Ҳозир буғдой ўрими бошланди, фермерлар буғдойини, сомонини сотиб жаримасини тўлаяпти. Иш ҳақи фондидан ушлаб қолганимиз йўқ. Жаримани кредит ҳисобидан тўлаш мумкин эмас,- деди банк бўлими бошлиғи.

Озодлик банк мулозимининг бу гапларидан сўнг, яна фермерлардан бири билан боғланди. Фермер банк мулозимининг мутлақо ёлғон гапираётганини иддао қилди:

“Бу ғирт ёлғон гап. Ҳар битта пилла режаси тўлмаган фермерни банкка чақиртиришиб, порученияга қўл қўйдириб, печать урдириб, иш ҳақидан ўтказиб берди. Иш ҳақидан олинди бу. Мана марҳамат, комиссия келсин ва текширсин. Ҳаммаси юзага чиқади. Буғдой – сомонини сотиб жарима тўлаяпти, дегани ҳам ғирт ёлғон. Ўрим энди бошланяптику. Ҳали биров сомон сотибди, деган гапини эшитганим ҳам йўқ”, дейди фермер.

Озодлик Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов билан ҳам боғланди. Лекин ҳоким алоқада Озодлик мухбири эканлигини билгач, алоқани узиб қўйди.

Фермерларнинг айтишларича, шартнома бўйича, пилла режасини 60 фоиздан кам бажарган фермерларгина жаримага тортилиши мумкинлигига қарамасдан, туман ҳокими 5-10 фоиз режани бажаролмай қолган фермерларни ҳам жаримага тортмоқда.

Андижон тумани пилла қабул қилиш корхонасининг ўзини таништирмаган мутахассисининг айтишича, жарима топширилмаган пилла нархининг 30 фоизидан ошмаслиги керак:

“Шартномага кўра, шартномачи фермер етказиб беролмаган пилланинг ўртача харид нархининг 30 фоизи миқдорида жарима тўлайди. Масалан, 50 кило кам топширган бўлса, 1 кило пилланинг ўртача харид нархи 13 минг сўм бўладиган бўлса, демак 650 минг сўм жарима тўлаши керак. Уни фермернинг иш ҳақи фондидан ушлаб қолиш нотўғри. Фермер уни буғдой ёки пахта ҳосилини сотганидан кейин ҳам тўласа бўлади. Кейин ҳозир пилла ҳам аввалги пилладан анча енгил. Аввалги пиллаларда пилла ҳам катта бўлиб, ичидаги ғумбаги ҳам катта-катта бўларди, ҳозир эса ипакчанлиги зўр, лекин қурти унақа катта эмас. Шу ҳам килога таъсир қиляпти”, - деди мутахассис.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG