Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:45

Ёзёвонлик фермерлар: Пахтани кластердан кўра давлатга сотганимиз яхши эди


Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Озодлик билан суҳбатда, фермерлар, пахта пулининг берилмаётгани, терим пулининг 20 фоизини қоплаши ҳақидаги ваъдасини кластер бажармагани, пахтани тозалаш учун ҳар тонна пахта учун фермерлардан яна қўшимча 100 минг сўмдан ундираётгани ҳақида ёзган.

“Баҳодир Лоғон Текстил” раҳбари Зиёҳиддин Раҳматов фермерларнинг пахта пули берилаётганини айтар экан, Озодликнинг бошқа саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Ёзёвон туманида 119 та фермер хўжалиги 2019 йилда “Баҳодир Лоғон Текстил” МЧЖ кластер корхонасига 14800 тонна пахта хом ашёси етиштириб бериш ҳақида шартнома тузган.

Фермерларнинг Бош вазирга ёзган аризасида қайд этилишича, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 35,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган бўлса-да, лекин 67 та фермер хўжалиги қарийб 4 миллиард сўмни кластердан ололмаган.

Фермерларнинг Бош вазирга ёзган шикоят мактуби
Фермерларнинг Бош вазирга ёзган шикоят мактуби

Кластер билан фермерлар ўртасида тузилган шартномада, ҳосил пули 2019 йилнинг 31 декабригача тўланиши шарт қилиб қўйилган бўлса-да, лекин исми сир қолишини сўраган ёзёвонлик фермерлардан бири ҳали бир сўм ҳам олмаганини айтди:

Бу кластер дегани бало бўлди.


“Биз савдогар эмасмизки, ҳар ойнинг охирида ҳисоб-китоб қилиб, фойдамизни чиқариб олсак. Биз март ойидан бошлаб декабргача мана шу пахтамиз учун меҳнат қиламиз. Бирор йил пахта пулимиз 31 декабрдан кечикмаган эди. Ўлдим деганда 90 фоизини давлат тушириб берарди. Бу кластер дегани бало бўлди. У қачон пахтани текстилида қайта ишлайдию, қачон уни сотадию, қачон унга пул тушадию, унгача биз чўмични сувга солиб ўтираверамизми? Қўлингдан тўлаш келмаса кластер бўлиб нима қиласан, дейдиган одам йўқ. Бундан кўра, пахтани давлатнинг ўзи сотиб олгани тузук эди”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, кластер теримга учун қўшимча ҳақи бераман деб, фермерларни лаққа туширган:

Туман бўйича 15 минг тонна пахта сотилган бўлса, фермерлар 2 миллиард сўм зарар кўряпти.


“Президент қарорига асосан теримчиларга бир кило пахта учун 800 сўм белгиланган эди. Терим пайтида кластер, ҳокимият келди-да, теримчиларга 1000 сўмдан пул берамиз деди. Кластер раҳбари Зиёҳиддин деган одам сизлар бераверинглар, 800 сўми сизларнинг пахтангизни пулидан, 200 сўми бизнинг фойдамизнинг ҳисобидан бўлади, деб ваъда берди. Энди эса ҳисоб-китоб вақтида ўша 200 сўмдан пулни ушлаб қоляпти. Бу дегани, агар туман бўйича 15 минг тонна пахта сотилган бўлса, фермерлар 2 миллиард сўм зарар кўряпти”.

Озодлик тасарруфида “Баҳодир Лоғон Текстил” раҳбари Зиёҳиддин Раҳматовнинг Телеграм каналида фермерларга берган ваъдасининг аудиоёзуви бор:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:51 0:00
Бевосита линк
1000 сўмдан қўрқмасдан тарқатаверинглар. 200 сўмини биз – кластер ўз бўйнимизга оламиз.


“Ассалому алайкум, группа қатнашчилари. Ман Зиёҳиддинман, кластерни бошлиғи. Бугун ҳамма масалани ҳал қилдик, ҳозир Темурхон акам ҳам айтган бўлса керак, ҳаммаларинг 1000 сўмдан пул тарқатасизлар, 800 сўми фермердан, 200 сўмини кластер қоплаб беради. Биз ўзимиз қоплаб берамиз уни, ҳеч қанақа муаммо, масала бўлмайди. Ҳозир Темурхон ака билан 12 минг тоннага ҳисобимиз чиқди, 1000 сўмдан қўрқмасдан тарқатаверинглар. 200 сўмини биз – кластер ўз бўйнимизга оламиз”.

Озодликнинг аниқлашича, Зиёҳиддин Раҳматов тилга олган "Темурхон ака" "Агробанк"нинг Ёзёвон туман бўлими раҳбари Темурхон Насриддиновдир.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир ёзёвонлик фермернинг айтишича, кластер бўйнига олган ваъдасини бажармагани учун ўз ҳисобидан катта зарар кўряпти:

Фермерларни алдаб, қулоғига лағмон осиб кун кўргунча, бу кунингдан ўлганинг яхши.


“Менинг ўзим шу 200 сўмнинг ҳисобидан 40 миллион сўм зарар кўряпман. Бошқа фермерларнинг ҳам 30-50 миллион сўмдан пулини кластер ўз ҳисобига ўтказиб оляпти. Фермерларни алдаб, қулоғига лағмон осиб кун кўргунча, бу кунингдан ўлганинг яхши, дейдиган одам йўқ".

Фермер, кластер пахтани тозалаш баҳонасида яна улардан катта миқдорда пул ундириб олаётганини айтади:

“Мисол учун мана пахтани сотяпмиз. Намига, ифлослигига скидка қилиб 8 фоизгача чиқариб юборди. Аслида, бу жуда катта фоиз. Бунақаси ҳали бизда бўлмаган эди. Давлатга сотганимизда жуда бўлса 2-3 фоиз скидка қиларди. Кластер бунда бир ғирромлик қиляптию Энди иккинчи ғирромликни эшитинг. Шунча скидка чиқариб юбориб, тоннасига 100 минг сўмдан пул ушлаб қоляпти. Бу қуритиб, тозалаш хизмати учун экан. Шунча йил деҳқон бўлиб, пахта топшириб, бунақасини биринчи марта кўришимиз. Авваллари жа нари борса 20 минг сўм ушларди. Кластернинг ўзини заводи йўқ, Риштондаги пахта тозалаш заводини ижарага оляптида, унинг ижара ҳақини ҳам биз фермерларга шундай қилиб сочиб ташлаяпти”.

Фермернинг айтишича, у бундан 30 миллион сўм зарар кўрган.

Озодлик “Баҳодир Лоғон Текстил” МЧЖ кластер корхонаси раҳбари Зиёҳиддин Раҳматов билан боғланиб, фермерлар айтган масалаларга муносабат олмоқчи бўлди.

Озодлик мухбири фермерлардан шикоят бор дейиши биланоқ, кластер раҳбари “саволларингизга жавоб бермайман, фермерларнинг пулини тушириб беряпмиз биз”, деди

Озодлик терим пули ҳақида гап очиши биланоқ Зиёҳиддин Раҳматов алоқани узди ва у бошқа қўнғироқларга жавоб бермади.

Озодлик Ўзбекистонда кластер тизимида ишлаётган фермерлар ҳам пахта пулини ололмаётгани ҳақида бир неча хабар берган.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

XS
SM
MD
LG