Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 22:35

Тожикистонда "фоҳишалар" рўйхати бир йилда 400 кишига кўпайди


Тожикистондаги ички ишлар бўлимларидан бирига олиб келинган аёллар.

Тожикистон ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2018 йилнинг ўтган 9 ойида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари 6 мингга яқин аёлни фоҳиша сифатида рўйхатга олган. Бу 2017 йилги рўйхатга яна 400 киши қўшилганини англатади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг фикрича, қашшоқлик, ишсизлик, қизлар учун таълим олиш имкони чекланганлиги, эрта никоҳлар ва меҳнат муҳожирати мамлакатда фоҳишаликнинг ривожланишига сабаб бўлган.

Ўзини Заррина деб таништирган 28 ёшли аёлнинг Озодликка айтишича, у эридан ажралиб, олис тоғли қишлоқдан иш излаб Душанбега келган.

Аввал Заррина ошхонада официант бўлиб ишлаган, аммо сўнгра танишлари маслаҳати билан фоҳишалик кўчасига кирган.

Тўрт ойдан бери бу аёл Душанбе кўчаларида фоҳишалик қилади.

Унинг айтишича, бундай "касб" билан пул топиш осон эмас:

"Биринчидан, милиция ходимлари қўлига тушиш хафви катта. Қўлга тушсанг, катта жарима тўлашга тўғри келади. Баъзи аёллар 15 кунга қамоққа ташланади. Бошқа томондан зўравонлик ҳоллари ёки ВИЧга чалиниш хавфи ҳам бор”.

Охирги йилларда Тожикистонда фоҳишаликнинг олдини олиш учун “тушунтириш ишлари” билан бир қаторда уларга нисбатан жазо чоралари ҳам кучайтирилмоқда.

Масалан, биринчи марта ҳуқуқ-тартибот органлари қўлига тушган фоҳиша 500дан 2 минг сомоний яъни 220 АҚШ долларгача жарима тўлайди.

Агар бу аёл бир йил ичида иккинчи марта қўлга олинса 15 кунга қадар ҳибсга олиниши мумкин.

Икки ҳафта олдин Тожикистон парламенти Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиб, фоҳишахоналар ташкил этиш этганларга ёки қўшмачилик қилганларга жазони кучайтирди.

Тожикистон парламенти қуйи палатасининг Қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Бахтовар Сафарзода Озодлик билан суҳбатда мазкур ўзгартишларни қуйидагича изоҳлади:

“Жиноят кодекснинг 239- моддасига киритилган ўзгартириш асосида фоҳишахоналар ташкил этганлар ёки қўшмачилик қилганлар 100 минг сомоний (11 минг доллар) жарима ёки 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилади”.

Социолог Марям Давлатованинг фикрича, фоҳишаликга қарши курашда аёл билан жинсий алоқада бўлган эркаклар ҳам жазоланиши лозим:

“Ахир бу ҳодисада икки томон бор. Агар фоҳишаларга харидор бўлмаса, фоҳишалик ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Аммо Тожикистонда фоҳишалик тобора кўпайиб бормоқда. Менимча, бунда эркакларнинг ҳам гуноҳи катта”.

Тожикистондаги Аёллар ва оила қўмитасининг маълумотига биноан, жорий йилда мамлакатда 20 мингга яқин аёллар учун доимий иш ўринлари яратилган.

Жумладан, фоҳишаларга тикув цехларида ишлаш учун таълим курсларига қатнаш таклиф қилинган.

Аммо маошнинг жуда камлиги боис аксар аёллар бундай таклифни қабул қилмаган.

XS
SM
MD
LG