Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:51

Freedom House Ўзбекистонни “авторитаризм кучайиб бораётган” давлат деб топди


Марказий Европа ҳамда Марказий Осиё давлатларида демократик кўрсаткичлар охирги 20 йил мобайнида муттасил ёмонлашиб бормоқда. Бу ҳақда Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг “Ўтиш даври мамлакатлари – 2024” (Nations in Transit 2024) деб номланган йиллик ҳисоботида сўз боради.

Тадқиқот муаллифлари Ўзбекистонни авторитар режим унсурлари кучайиб бораётган давлат деб топган.

“Марказий Европадан Марказий Осиёга қадар ястанган минтақада геосиёсий қайта қуриш кечмоқда. Москванинг Украинани маҳв этиш йўлидаги уринишлари ва Озарбайжон режимининг Тоғли Қорабоғни ноинсоний равишда босиб олиши яна бир карра автократия хуружининг салбий оқибатларини намойиш этди. Шу каби ҳодисалар сўнгги йилларда минтақадаги геосиёсий эврилишларни жадаллаштирди, мамлакатлар икки қарама-қарши гуруҳга – либерал, демократик низомга содиқлар ҳамда унга тиш-тирноғи билан мухолифларга бўлинди”, дейилади ҳисоботда.

Анъанавий тадқиқотда 29 мамлакат демократик бошқарув, фуқаролик жамияти, эркин сайлов, мустақил матбуот, коррупцияга қарши кураш каби мезонларга кўра баҳоланган.

Озарбайжон, Беларусь, Россия ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари қатори Ўзбекистон авторитар режим аломатлари тобора кучаяётган давлатлар сафига киритилган.

Ўзбекистонга 7 баллик баҳолаш мезони бўйича 1,18 балл берилган. Маълумот ўрнида, ўтган йилги рейтингда мамлакатдаги демократик қадриятлар ҳолати 1,21 балл деб баҳоланганди.

Freedom House хулосасига кўра, авторитар режимга мансуб давлатларда ўтган йили ҳам ортга чекиниш ҳолати кузатилди.

Автократик режимлар халқаро меъёрларни поймол этишда ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда қатағонларни кучайтирмоқда. “Авторитаризм кучайиб бораётган режимлар” таснифига киритилган 8 мамлакатнинг 4 тасида демократик кўрсаткичлар қуйига шўнғиди. Яккаҳукмрон етакчилар ҳур фикр учун қолган сўнгги дарчаларни ҳам ёпиб, иқтидор ваколатини номаълум муддатга чўзишга ҳаракат қилди”, дейилади тадқиқотда.

Ўтган йилнинг 30 апрель куни ўзбекистонликлар мамлакат тарихидаги учинчи конституциявий референдумда овоз берди. 65 фоиз янгиланган Конституция 65 яшар президент Шавкат Мирзиёевнинг 2 муддатини ноллаштирди – 13 йил бош вазир, икки муддат давлат раҳбари бўлган сиёсатчига 2037 йилгача ёки умрбод ҳокимиятда қолиш имконини тақдим қилди.

Freedom House ҳисоботида учинчи ва тўртинчи муддат президентликка йўл очган баҳсли референдум ҳам эсланган.

Қайд этилишича, авторитар ҳукуматлар санкциялардан бўйин товлаш, ички мухолифатнинг овозини ўчириш борасида бир-бирига яқиндан кўмак бермоқда.

“Россия етовидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти “тинчликпарварлари” Қозоғистонда 2022 йил январь ойида бўлиб ўтган тартибсизликларни бостиришда муҳим роль ўйнади. Ўзбекистон ҳукумати ички газ захираларига оид хавотирлар фонида Россиядан табиий газни импорт қилиш йўлида 500 млн доллар сармоя ётқизишни режалаштирмоқда. Бу қадам ҳар икки авторитар ҳукуматга иқтисодий фойда ва сиёсий барқарорлик бахш этиши мумкин”, дейилади ҳисоботда.

Freedom House собиқ СССР республикаларидан Арманистон, Грузия, Молдова ва Украинани “демократияга ўтиш босқичидаги ёки омихта режимлар” деб атаган бўлса, Латвия, Литва ва Эстонияни демократияга мойил давлат ўлароқ таснифлаган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти демократик дунё етакчиларини “яккаҳукмронлар кўчасида байрам”дан оқилона хулоса чиқариб, демократик қадриятларни илгари суриш борасида фаол ҳаракатга ундаган.

XS
SM
MD
LG