Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:05

Каримов танқидчиси ва мигрантлар ҳимоячиси. ФСБ Баҳром Ҳамроевни терроризмда айбламоқда


Баҳром Ҳамроев Москвада сиёсий маҳкумлар ҳимояси учун пикетда.
Баҳром Ҳамроев Москвада сиёсий маҳкумлар ҳимояси учун пикетда.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ўтган йил декабрида Россия Олий суди қарори билан фаолияти тугатилган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроевга нисбатан Жиноят кодексининг террорчилик ташкилотини тузиш ҳақидаги банди билан янги айблов эълон қилган.

Унинг адвокатига кўра, айбномада Ҳамроевнинг “террорчиликда айбланган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келгани” ва “Страсбург инсон ҳуқуқлари судига шикоятлар ёзгани” айтилган.

"Мемориал" ташкилоти Россияда "экстремистлар рўйхати"га киритилган ўз аъзоси 59 яшар Баҳром Ҳамроевни "сиёсий маҳбус" деб эълон қилди.

"Ҳамроев умрбод қамалиши мумкин"

Россиянинг Украинага ҳарбий тажовузи бошлаган 24 февраль куни Москвадаги уйида ҳибсга олинган Баҳром Ҳамроев Россия Жиноят Кодексининг 205.5 моддаси 1 қисмибилан - “Террорчилик ташкилоти фаолиятини ташкил этиш”да айбламоқда.

Унинг ҳимоячиси Тимофей Широков Озодлик билан суҳбатда бундан 8 ой олдин ҳибсга олинган ҳуқуқ фаолига қўйилаётган айбларни "бемаъни" деб атади:

- Бошида унга Фейсбукдаги ёзувлар учун айбловлар қўйилган бўлса, энди уни ҳуқуқ ҳимояси фаолияти учун жавобгарликка тортишмоқчи. Олдинроқ Ҳамроевга 205.2 модда 2 қисми, яъни “интернетда террорчиликни оқлаш” бўйича иш очилганди. Ишни олиб бораётган Москва ФСБси қўяётган янги айбловда “террорчиликда айбланган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келгани”, ҳатто “Страсбург инсон ҳақлари судига шикоятлар ёзиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига экстремизм-терроризмда айбланганларни ҳибсга олишга қаршилик қилгани” айтилган. Яъни Ҳамроев ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун жиноятчига чиқарилмоқда.

Баҳром Ҳамроев “Ҳизб-ут Таҳрир” ташкилотининг йиғилишида Мемориалнинг бошқа фаоллари билан бирга 2011 йилда кузатувчи сифатида қатнашган эди. Шуни ҳам эслашибди, ваҳоланки у ҳозиргача бу ташкилотга аъзолигини қатъиян инкор этиб келади ва бу ташкилот ҳам у ҳақда ҳеч қачон баёнот бермаган. Агарда у ҳақиқатан "ҳизбчи"ларнинг Россиядаги яна бирорта бошқа йиғилишларида қатнашганда эди, ФСБ буни билган бўларди ва албатта унга айб қўйишарди. ФСБ жўяли айблов ҳам қўёлмаяпти.

Ҳимоячи янги модда бўйича Баҳром Ҳамроев 20 йилдан умрбодгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкинлигини билдирди.

Адвокат Широков “Мемориал” ташкилоти қамоқхонада 59 ёшни қарши олган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳамроевни аллақачон сиёсий маҳбус деб эълон қилганини ҳам эслатди. Ташкилот ўз баёнотида Ҳамроев Москванинг Лефортово қамоқхонасида ноҳақ айблар билан ушлаб турилганини таъкидлаган.

Шу йилнинг март ойи бошларида "Росфинмониторинг" Баҳром Ҳамроевни “экстремистик фаолият ёки террорчиликка алоқадорлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлган шахслар” рўйхатига киритганди. Бунинг ортидан қонунга кўра, банклар рўйхатга киритилган ўзбек фаолининг ҳисоб рақамларини музлатган.

“Мемориал” Ҳамроевнинг терроризмни оқлаш билан боғлиқ иш бўйича ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. “ФСБ ходимлари унинг Фейсбукдаги постларида гўёки “терроризмни оқлаш” борлигини айтишди”, — дейилади Мемориал сайтидаги баёнотда.

Каримов танқидчиси ва мигрантлар ҳимоячиси

Баҳром Ҳамроевнинг ҳибсга олинишидан кўп ўтмай айбсизлик презумпциясига хилоф тарзда РЕН ТВ ва бошқа маҳаллий рус телеканаллари ҳамда тармоқларда ФСБ ёрдамида ҳозирланган “хавфли экстремист ҳибсга олингани” тўғрисида лавҳалар пайдо бўлган.

Кейинроқ Россияда “хорижий агент” сифатида тан олинган ва фаолияти тугатилган “Халқаро Мемориал” ташкилоти идораларида тинтувлар ўтказилди.

Асли бухоролик, Ўзбекистоннинг мухолифатдаги “Бирлик” халқ ҳаракати аъзоси бўлган Баҳром Ҳамроев 1992 йилда сиёсий таъқиблардан қочиб ватанини тарк этган.

Охирги 25 йил давомида асосан марказий осиёлик муҳожирлар, қочқинлар ва мусулмонлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган юрист Баҳром Ҳамроевга нисбатан ФСБ ва ИИБ томонидан бир неча бор жиноий ва маъмурий ишлар очилган.

Б.Ҳамроев: Калтак ўзбекнинг бошига тушяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:35 0:00

Ислом Каримов режимининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Баҳром Ҳамроев Москвадаги марҳум президент ҳайкали олдида бир неча бор норозилик чиқишлари уюштирган.

Россия махсус хизматларининг ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолига нисбатан янги айблов эълон қилиши “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Нобель мукофоти билан тақдирланган бир пайтга тўғри келмоқда.

Халқаро Нобель қўмитаси ўтган ҳафта Тинчлик бўйича Нобель мукофотини Украинанинг “Фуқаровий эркинликлар маркази” ташкилоти, Беларуснинг “Весна” ҳуқуқбонлик маркази раҳбари ва асосчиси Алесь Беляцкий ҳамда Россиянинг “Мемориал” ташкилотига берди. Мазкур қарор 7 октябрь куни Норвегия пойтахти Ослода Нобель қўмитаси вакиллари томонидан эълон қилинди.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG