Линклар

«Барселона» собиқ ҳимоячиси Пуйоль Тошкентга келди. Ташриф нархи ҳозирча сир.


Карлес Пуйолнинг Тошкентда тушган илк суратларидан бири унинг Instagram саҳифасида чоп этилди.

«Барселона» клуби тарихидаги энг кучли ҳимоячилардан саналган 39 яшар КарлесПуйоль 9 ноябрь куни Тошкентга келди. Ўзбекистон Футбол федерацияси янги раҳбарининг ҳам аввалгилари изидан бориб¸ "қимматбаҳо" собиқ юлдузларни катта пул сарфлаб Тошкентда меҳмон қилиши¸ шарҳловчилар томонидан жамоатчиликни ўзбек футболининг асл муаммоларидан чалғитиш сифатида танқид қилинмоқда.

Мақтов ва оптимизмга тўла матбуот анжумани

«Барселона» клуби тарихидаги энг кучли ҳимоячилардан саналган 39 яшар Карлес Пуйоль 9 ноябрь куни Тошкентга келди.

Маҳаллий нашрларнинг ëзишича¸ Ўзбекистон футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов томонидан олиб келинган Пуйоль Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этган ва федерация янги раҳбари фаолиятини мақтаган.

"ЎФФ президенти жаноб Умид Аҳмаджонов туфайли бу ердаман. Гарчи Ўзбекистон терма жамоаси Россиядаги мундиалга чиқа олмаган бўлса ҳам яқин вақт ичида бунга эришасизлар деб умид қиламан. Ёшларга эътибор қаратилаётгани ажойиб. Агар ёшларга эътибор қаратсанглар 2022 йилги Қатардаги ЖЧга чиқасизлар¸- деб иқтибос келтирди маҳаллий нашрлар Карлес Пуйолдан.

Ўзбекистон сафаридан кўзланган мақсад ҳақида тўхталган Пуйоль¸ Трибуна сайтининг ëзишича:

- Фаолиятимни тугатгач ФИФА томонидан FIFA legend лойиҳасида иш таклиф қилишди ва бунга розилик билдирдим. Айнан шу лойиҳа асосида Ўзбекистонга келдим. Бу ерда оммавий футболни ривожлантириш, ёш футболчиларга мастер класс ўтишни режалаштирганмиз. Умуман ФИФА билан мақсадимиз бутун дунёда футболнинг оммавийлигини оширишдан иборат, деган жумладан.

Пуйоль учун "Пахтакор" тўлдирилмоқда

2008 йили ҳам «Барселона» ўйинчиси сифатида Тошкентга қисқа муддатга келиб-кетган Пуйолнинг 9 ноябрь куни «Пахтакор» стадионидаги «Пахтакор – Олмалиқ» ўйинига тушиши айтилмоқда.

Айрим хабарларга кўра¸ олий лига доирасида ўтаëтган бу ўйинда 35 минг ўринлик стадионни тўлдириш мақсадида Тошкентдаги олийгоҳ талабалари мажбуран «Пахтакор» стадионига олиб келинмоқда.

Хусусан¸ Трибуна нашри Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабаларни стадионга олиб келиш ҳақида Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари ректорлари ва филиаллар директорларига шошилинч кўрсатма йўллаганини хабар қилди.

«Ўзбекистон футбол федерациясининг таклифига биноан, юртимизга ташриф буюрган «Барселона» жамоасининг машҳур ўйинчиси Карлес Пуйоль шарафига бағишлаб, 9 ноябрь куни соат 16:00да «Пахтакор» марказий ўйингоҳида «Пахтакор»-«Олмалиқ» жамоалари ўртасида футбол учрашуви ва кўнгилочар спорт дастурлари намойиш этилиши режалаштирилган.

Шу муносабат билан, сиз раҳбарлик қилаётган олий таълим муассасаси талаба-ёшларини иловага мувофиқ, ушбу футбол учрашуви ҳамда кўнгилочар спорт дастурида (гуруҳ раҳбарлари бошчилигида тартиб-интизоми ва хавфсизлигини таъминлаган ҳолда) томошабин сифатида иштирок этишларини таъминлашингиз сўралади»¸ дейилади Трибуна нашри иқтибос келтирган мазкур ҳужжатда.

(Озодлик ҳозирда бу воқеага оид қўшимча тафсилотларни ўрганмоқда. Агар сиз ҳам мажбуран футболга юборилган талаба бўлсангиз¸ тафсилотларни бизга ижтимоий тармоқлар орқали йўллашингиз мумкин.)

Эски ҳаммом¸ эски тос?

Айрим футбол шарҳловчилари¸ Пуйолнинг Тошкентга олиб келинишини танқид қилиб¸ ЎФФ янги раҳбариятини ўтмишдаги айни хатоларни такрорлаëтганини айтмоқда.

«Одил - «Зеромакс»нинг ишларини такрорлашаяпти. Яъниким, муаммоларни шунақа ишлар билан хаспўшлаб ёпиш...»¸ деб ëзди таниқли блогерлардан бири.

Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова “Бунëдкор” футбол клубига “ҳомийлик” қилган 2008-2009 йилларда Тошкентга дунëнинг қатор машҳур футбол юлдузлари олиб келинган эди.

Хусусан¸ “Реал” футбол клубининг ярим ҳимоячиси Криштиано Роналду 2009 йил 22 декабрь куни Тошкентга келиб¸ бу ерда Ўзбекистон Футбол федерацияси раҳбарлари¸ қолаверса Гулнора Каримова билан учрашган эди.

Швецариянинг Цюрих шаҳридан махсус рейс билан Тошкентга олиб келинган Роналдунинг 24 соатлик Тошкент сафари учун камида 3 миллион евро тўлангани айтилади.

Шунингдек¸ 2009 йилда бразилиялик машҳур мураббий Луис Филлипе Сколарига йилига 25 миллион АҚШ доллари сарфланиб, “Бунёдкор” жамоасига тренер сифатида олиб келингани ёки камерунлик Самуэл Это’онинг Тошкентда битта ўйинда қатнашгани учун 5 миллион доллар тўлангани катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Пенсионер-легионерлар ва ўзбек футболи

Айни пайтда¸ дунëнинг етакчи футбол клублари учун ëши ўтган ўйинчи сифатида назардан қола бошлаган Ривалдо 2008 йилда Швейцарияда рўйхатдан ўтган “Zeromax GmbH” ширкати билан шартнома имзолаган эди. Миллион долларлик шартномаларга кўникиб қолган халқаро футбол жамоатчилигини ҳам анча шошириб қўйган бу келишувга кўра¸ ўшанда 37 ëшда бўлган Ривалдо Тошкентнинг “Бунëдкор” клубида икки йил ўйнаб бериши керак эди. Клуб капитанлигига тайинланган Ривалдонинг шартномага кўра¸ қанча гонорар ва ҳақ олиши жамоатчликка очиқ эълон қилинмаган бўлса-да¸ унинг айрим тафсилотлари матбуотга сиздирилган эди.

На “Бунëдкор” ва на Ривалдо инкор қилган бу тафсилотларга кўра¸ Ривалдонинг Ўзбекистондаги бир ҳафталик тушуми 130 минг доллардан ошиқ бўлган ва бу нарх бир йилда камида 7 миллион долларга айланаëтган эди. “Бунëдкор” ҳамда Ривалдо ўртасидаги камида 15 миллион долларлик икки йиллик келишувдан хабардор томонларнинг Британия матбуотига билдиришича¸ Ривалдо ва оиласининг Тошкентдаги шоҳона ҳаëти¸ унга ҳар бир ўйин ва ҳар бир гол учун тўланадиган қўшимча ҳақ бунга кирмаган.

2010 йили "Зеромакс" ширкати синдирилиши ортидан "Бунëдкор" ўз ўйинчиларига ойлик тўлай олмай қолган ва шу йили Ривалдо халқаро матбуотда келишувда кўзда тутилган 16 миллион долларни тўламаганлик учун "Бунëдкор"ни судга бериш билан таҳдид қилган эди.

Мустақил футбол шарҳловчилари¸ хориж юлдузлари сафари ва легионерларга сарфланган ўнлаб миллион доллар маблағнинг ўзбек футболи ривожланишига таъсир кўрсатмагани¸ аксинча¸ асл муаммоларнинг янада кучайишига сабаб бўлганини айтади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG