Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2021, Тошкент вақти: 03:24

Ғарб Россияга НАТОни кенгайтирмасликни ваъда қилганмиди?


Баъзи мифлар бундан бир неча минг йил олдин тўқилган.

Ушбу мақолада cўз юритиладиган миф – агар у чиндан миф бўлса – 1990 йилга бориб тақалади. Орадан ўттиз йилдан ошиқ вақт ўтгач, Москва ва Ғарб алоқалари ҳақида сўз кетганда Россия президенти Владимир Путин ушбу мифни мунтазам тилга олади.

Бу миф НАТО альянсининг кенгайиши ҳақидадир. Москва билан Ғарб ўртасидаги муносабатлар Совуқ уруш давридаги ҳолатга тушиб қолган бир пайтда бу битмаган яра яна кун тартибига чиқди.

Бу сафар ушбу масала кўтарилишига Путиннинг Ғарбга қарши ғазабнок нутқи эмас, балки Лондонда жойлашган “Chatham House” таҳлил маркази 13 май куни эълон қилган ҳисобот туртки бўлди. Марказ бу ҳисобот орқали Ғарб тафаккурини шакллантирган ва "Москва билан барқарор ва бошқариладиган муносабатлар" ўрнатишга тўсқинлик қилаётган "мифлар ва хато тушунчаларни" фош қилмоқчи бўлган.

Ҳисоботга киритилган "мифлардан" бири интернет саҳифаларида қизғин мунозара келтириб чиқарди. Бу мифга кўра, "Россияга НАТО кенгайтирилмайди, деб ваъда берилган".

Ҳисоботнинг ушбу "миф" ҳақидаги бўлими муаллифи Жон Лох "СССРга 1990 йилдан кейин НАТО кенгайишига чеклов қўйилиши ҳақида ҳеч қачон расмий кафолат берилмаган. Москва мамлакат ичида Ғарбга қарши консенсусни сақлаб қолиш мақсадида тарихни бузиб кўрсатяпти, холос", деб ёзди.

1987–1992 йилларда Москвада Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган собиқ дипломат Николай Соков бу фикрга қўшилмайди.

"Chatham House мақоласи жуда ёмон. У [Совет Иттифоқи Коммунистик партияси] Марказий қўмитасининг Мафкура бўлими томонидан ишлаб чиқилган мақолага ўхшайди", деди у Озодлик билан суҳбатда.

"Аммо ҳозирги вазият олди олиниши, бу масала ҳал қилиниши шарт бўлмаган кичик нарса ўлароқ тарихда қолиши мумкин эди", - деди Соков.

"Бу ерда асосий масала НАТОнинг кенгайиш услуби ва кенгайишни ёқлаб келтирган далиллардир", - деди у.

Шундай қилиб, Совуқ уруш йилларида 16 та аъзоси бўлган НАТОга Варшава шартномасини имзолаган уч мамлакат қўшилганидан йигирма йилдан ошиқ вақт ўтиб, ўтмиш ҳозирги кунга ўз таъсирини ўтказишда давом этмоқда.

1990‑йилларда АҚШ президенти Билл Клинтон маъмуриятида Миллий хавфсизлик кенгашида ишлаган Жим Голдгейер:

"Биз бу масалада ҳали ҳам баҳслашмоқдамиз, чунки кенгайиш тарафдорлари улар шарафли йўлни танлаб, совет ҳукмронлиги остида бўлган миллионлаб одамга эркинликка чиқишда ёрдам берганига ишонишади", - деди.

"Россия версиясига кўра, Ғарб уларни алдади, Совуқ урушдан кейинги Европадан Россияни ажратиб қўйди. Бу қарашларни муросага келтириш мушкул ва ҳиссиётлар кучли, чунки Россиянинг Европанинг бир қисмига айланиш бўйича 30 йил олдинги умидлари амалга ошмай қолди", деди Голдгейер Озодлик билан суҳбатда.

"Шундай экан, ҳозирда Ғарбни айблашни истайдиганлар ва Путинни айблашни истайдиганлар бор".

Кун тартибида бўлмаган

Совуқ урушни ўрганиб келаётган кўплаб олимлар учун ушбу қарашнинг келиб чиқиши энг аввало катта Жорж Буш даврида АҚШ давлат котиби бўлиб ишлаган Жеймс Бейкер 1990 йил февраль ойида Москвага қилган ташрифига бориб тақалади. Ўшанда Бейкер Совет Иттифоқи раҳбари Михаил Горбачёв билан учрашган эди.

Берлин девори қулаганидан уч ой ўтган ва Ғарб раҳбарлари бўлинган Германияни бирлаштириш масаласини очиқ муҳокама қилаётган эди. Агар Германия бирлаштирилса, Шарқий Германияга НАТО қўшинлари жойлаштирилиши ёки йўқлиги ҳам кун тартибида эди. Бу эса Москвани даҳшатга солиб қўйганди.

Собиқ АҚШ давлат котиби Жеймс Бейкер
Собиқ АҚШ давлат котиби Жеймс Бейкер

Орадан бир неча йил ўтиб АҚШ ва Россия томонидан эълон этилган стенограммаларга кўра, Бейкер учрашув давомида бирлашган Германияни НАТОнинг сиёсий ва ҳарбий тузилмаси таркибига киритиш мамлакатни ташкилот доираси ташқарисида қолдиришдан яхшироқ бўлади, деган аргументни илгари сурган.

Ҳарвард университети қошидаги Дэвис марказининг Совуқ урушни ўрганиш лойиҳаси директори Марк Крамернинг сўзларига кўра, "мунозара давомида на Бейкер, на Горбачёв НАТОга аъзо давлатлар сонини Германиядан бошқа Варшава шартномаси давлатларини қўшиш орқали кенгайтириш истиқболи ҳақида гап очмаган".

"Дарҳақиқат, на Вашингтонда, на Москвада ёки Варшава шартномасини имзолаган ёки НАТОга аъзо мамлакат пойтахтида кун тартибида бўлмаган масалани кўтариш уларнинг хаёлига ҳам келмаган бўларди", деб ёзган эди Крамер 2009 йилда.

Горбачёв Бейкер билан учрашувдан бир кун ўтиб Ғарбий Германия канцлери Гельмут Коль билан учрашди. Крамернинг тадқиқотларига кўра, кун тартибида Германияни бирлаштириш мавзуси Бейкер билан суҳбатдагидан ҳам кўпроқ аҳамиятга эга бўлган. "Горбачёв [НАТОнинг кенгайиши] масаласида ҳеч қандай ваъда берилишини сўрамаган ва унга бундай ваъда берилмагани аниқ", деб ёзганди Крамер.

Алалоқибат, ўша пайтда Давлат департаментида ишлаган АҚШнинг собиқ элчиси Стивен Пайфернинг сўзларига кўра, АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Германия Шарқий Германияга унинг ўзиники бўлмаган НАТО кучларини жойлаштирмасликка келишиб олган.

1999 йилга келиб, яъни Германия бирлашганидан ва Шарқий Европадан барча совет қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин бир неча йил ўтиб, НАТОга бир вақтлар Варшава шартномасини имзолаган учта мамлакат – Польша, Чехия ва Венгрия қўшиб олинди.

Михаил Горбачев (чапда) ва Германия канцлери Гельмут Коль 1990 йил ноябр ойида Боннда шартнома имзолаш маросимида.
Михаил Горбачев (чапда) ва Германия канцлери Гельмут Коль 1990 йил ноябр ойида Боннда шартнома имзолаш маросимида.

Орадан ўн йил ўтиб, Горбачёв Германиянинг “Bild” газетасига берган интервьюсида Ғарб Москвани алдаганидан шикоят қилди.

"Ғарбдаги кўплаб одамлар қўлларини яширинча ишқалаётганди ва ғалаба қозонганини ҳис қилаётганди. Улар орасида бизга “Шарқ йўналишида бир сантиметр ҳам силжимаймиз”, деб ваъда берганлар ҳам бор эди", деди Горбачёв.

Аммо кейинчалик Горбачёв фикрини ўзгартирди ва аслида НАТОни кенгайтириш масаласи 1989 ёки 1990 йилларда умуман кўтарилмаганини айтди.

"“НАТО экспансияси” мавзуси умуман муҳокама қилинмаганди; ўша йилларда бу мавзу кўтарилмаганди. Мен буни тўлиқ масъулият ҳисси билан айтяпман. Бирорта Шарқий Европа мамлакати бу масалани кўтармади, Варшава шартномаси 1991 йилда ўз фаолиятини тугатганидан кейин ҳам", деди у 2014 йил октябрь ойида "Коммерсантъ" газетасига берган интервьюсида.

Озодлик Горбачёвдан изоҳ олиш учун у билан боғлана олмади. Унинг матбуот котиби эса Озодлик йўллаган электрон мактубга ҳали жавоб қайтаргани йўқ.

Шартнома руҳи

Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин НАТОнинг кенгайишидан хавотирда эди, аммо ошкор қилинган махфий қайдларга кўра, бунга кескин қарши бўлмаган.

"Биз, албатта, Шарқий Европа давлатларининг НАТОга ҳар қандай интеграцияси ўз-ўзидан альянс Россияга қарши чиқишига олиб келмаслигини тушунамиз", деб ёзган Ельцин 1993 йил сентябрь ойида АҚШ президенти Билл Клинтонга ёзган мактубида. "Аммо бизда жамоатчилик ушбу қадамга қандай муносабат билдиришини ҳисобга олиш керак".

Аммо Ельцин Германияни бирлаштириш бўйича музокаралар чоғида совет амалдорларига берилган кафолатларни эслатиб, "якуний келишув тўғрисидаги шартнома руҳи... НАТО зонасини Шарққа кенгайтириш имкониятини истисно қилади", деб ёзган.

АҚШ президенти Билл Клинтон (ўнгда) ва Россия президенти Борис Елцин
АҚШ президенти Билл Клинтон (ўнгда) ва Россия президенти Борис Елцин

Орадан тўрт йил ўтиб, Москванинг хавотирларини бартараф этиш мақсадида НАТО ва Россия "Асосий келишув актини" имзолади. Унда "НАТО ва Россия бир-бирини душман деб ҳисобламаслиги" эътироф этилди. 2002 йилда НАТО ва Россия келишмовчиликларни ҳал қилиш мақсадида қўшма консультатив кенгаш тузишга келишиб олди. Аммо Москвада кўпчилик кенгашга самарасиз деб қарарди.

2004 йилга келиб НАТО ўз тарихидаги энг йирик экспансияни бошдан кечирди ва унга Шарқий Европадаги яна етти давлат, шу жумладан, Совет Иттифоқи республикалари бўлган Болтиқбўйи давлатлари – Эстония, Латвия ва Литва қўшилди. Россия ёки Совет Иттифоқи билан чегарадош мамлакат биринчи марта НАТОга аъзо бўлаётгани йўқ эди, аммо эндиликда НАТОга аъзо давлат қўшинларини Москвадан атиги 625 километр узоқликда жойлаштириш имкони пайдо бўлганди.

2007 йилда Мюнхен хавфсизлик конференциясида Путин НАТОни ва АҚШни кескин танқид қилди, альянсни икки юзламачиликда ва Россияга таҳдид солишда айблади.

"Менимча, НАТО экспансиясининг альянсни модернизация қилиш ёки Европада хавфсизликни таъминлаш билан алоқаси йўқ. Аксинча, бу ўзаро ишонч даражасини пасайтирадиган жиддий провокациядир", деди Путин.

2007 йилда Мюнхен хавфсизлик конференциясида Россия президенти Владимир Путин НАТО ва АҚШни кескин танқид қилган эди.
2007 йилда Мюнхен хавфсизлик конференциясида Россия президенти Владимир Путин НАТО ва АҚШни кескин танқид қилган эди.

"Ғарбий шерикларимиз Варшава шартномаси парчаланиб кетганидан кейин берган ваъдаларга нима бўлди? Бугун бу декларациялар қаерда?" деб сўради Путин. Бу савол кўпчиликни шошириб қўйди, чунки бугунга қадар мунозаралар асосан Варшава шартномаси парчаланишидан олдинги ваъдалар атрофида айланиб келади.

Путиннинг нутқидан бир йил ўтиб, 2008 йил апрелида Бухарестда бўлиб ўтган НАТО саммитида ташкилот Грузия ва Украинага тез суръатда аъзо бўлиш имконини беришдан бош тортди, аммо икки мамлакатни улар пировардида альянсга қўшилишларига ишонтирди.

Орадан тўрт ой ўтгач, Россия Грузияга бостириб кириб, мамлакатнинг қуролли кучларини барбод қилди, аллақачон тўлиқ автономияга эга бўлган икки вилоятни эгаллаб олди ва Грузияни НАТОга қўшиб олишга чақириб келган президент Михаил Саакашвилини мушкул аҳволга солиб қўйди.

2014 йилда Россия Украинанинг Қрим ярим оролини эгаллаб олиб, Шарқий Украинадаги айирмачи жангариларга молиявий ва ҳарбий кўмак кўрсата бошлади. Россия ҳаракатлари ортидан бошланган уруш бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Шу сабабдан НАТО Россия билан ҳар қандай маслаҳатлашувни бекор қилган.

Россия парламенти Қрим аннексиясини маъқуллаганидан кўп ўтмай, Путин НАТО экспансияси туфайли Россия хўрланганини айтди.

"Улар бизга кўп марта ёлғон гапиришган, орқамизда туриб қарор қабул қилишган, иш битганидан кейин бизга хабар беришган", деб даъво қилди у.

Мифга ишонтириш

Россиянинг НАТО берган ваъдалар ҳақидаги даъволарини кучайтирганлар орасида АҚШнинг Совет Иттифоқидаги сўнгги элчиси Жек Мэтлок ҳам бор. У ўтмишда Конгрессда берган кўрсатмаларида ҳам, кейинги йилларда ҳам Горбачёвга Германия бирлашса ва НАТО таркибида қолса, НАТО чегаралари шарқ томон силжимаслиги ҳақида ваъда берилганини айтиб келади.

Аммо Германиянинг собиқ элчиси ва ташқи ишлар вазири ўринбосари, ҳозирги кунда Мюнхен хавфсизлик конференциясига раҳбарлик қилаётган Вольфганг Ишингернинг таъкидлашича, Германияни бирлаштириш бўйича келишувлар, шу жумладан, 1990 йилда имзоланган "2+4" шартномасида НАТОни кенгайтириш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

"Россия “2+4” шартномасига биноан Германиянинг бирлашишини қабул қилгани эвазига уларга НАТО кенгайтирилмаслиги ваъда қилингани ҳақидаги мифни муваффақиятли тарзда ўтказиб келади", деди Ишингер Озодлик билан суҳбатда.

"Россия ўзини қурбон сифатида кўрсатмоқда", деди у.

Германиянинг собиқ элчиси ва ташқи ишлар вазири ўринбосари, ҳозирги кунда Мюнхен хавфсизлик конференциясига раҳбарлик қилаётган Вольфганг Ишингер
Германиянинг собиқ элчиси ва ташқи ишлар вазири ўринбосари, ҳозирги кунда Мюнхен хавфсизлик конференциясига раҳбарлик қилаётган Вольфганг Ишингер

"1990 йилда кенгайтирмаслик тўғрисида қандай ваъдалар муҳокама қилинганидан қатъи назар, аниқ факт шуки, Россия НАТО – Россия Асосий келишув актини имзолаганида ёзма равишда, батафсил шартлар билан [НАТО] кенгайишига рози бўлган, – деди Ишингер электрон почта орқали ёзган мактубида. – Россия кейинчалик унга 1990 йилда турли хил ваъдалар берилганини даъво қила бошлагани аҳамиятли эмас. Аслида бу ташвиқот ва у ёмон ниятни кўзлайди!", деб ёзди Ишингер.

Айни дамда Вена қуролсизланиш ва қуроллар тарқалиши олдини олиш марказида ишлаётган собиқ дипломат Соковнинг айтишича, энг катта масала шундаки, тушунмовчиликларни озайтириш учун НАТОнинг кенгайишини яхшироқ "бошқариш" керак бўлган.

Йўқотилган имконият?

1999 йилда содир бўлган дастлабки кенгайиш Сербия кучларининг Косово аҳолисига қарши хуружларини тўхтатиш мақсадида НАТО Югославияни бомбардимон қилаётган пайтга тўғри келди. Бу ҳарбий кампания Россияни ғазаб отига миндирди. Ўша пайтдаги бош вазир Евгений Примаков норозилик сифатида АҚШга отланган учоғини Атлантика океани устида ортга қайтарди. 2003 йил АҚШ Ироққа бостириб киргани Москва ғазабини қўзғаган яна бир омил бўлди.

"Россия ташвишларига беписанд қараб хато қилишди", дейди Соков.

Унинг сўзларига кўра, 1997 йилда имзоланган Асосий келишув акти, шунингдек, 2002 йилда ташкил этилган НАТО – Россия кенгашидан яхши ният кўзланган. Аммо у ушбу келишувлар "ҳеч қачон ишламаганини" айтди, чунки альянс кўпинча Москва билан маслаҳатлашмасдан Россия ёки минтақавий хавфсизликка таъсир қиладиган чораларга қўл уради.

"Бунинг ўрнига амалда НАТО қарор қабул қилади ва кейин Россияни қарор яхши ва қабул қилиниши кераклигига ишонтиришга ҳаракат қилади. Бу нарса фалокатни кафолатлайди", деди Соков.

"Мен НАТОни кенгайтириш ва айни пайтда можаро олдини олиш мумкин эди, деб ишонаман. Имконият қўлдан бой берилди ва бугун биз тобора кучайиб бораётган можарога гувоҳ бўляпмиз".

Аммо бошқа олимлар учун муаммо манбаси асосан Москвада, хусусан, Путин ва Кремль НАТО кенгайиш тарихини қандай тушуниши ва Россия жамоатчилиги ва Ғарбга ўз қарашларини тақдим этиш услубидадир.

“Chatham House” ҳисоботи муаллифларидан бири ва консультант Кейт Жайлс:

"НАТО Шарқий Европада ҳеч қандай янги аъзо давлатларни қабул қилмасликни ваъда қилиб, кейин уни бузгани ҳақидаги қараш Россиянинг душман Ғарб ҳақидаги қарашларига куч бағишлаётган асосий ғоялардан биридир", деди.

Бу ҳолат яқин орада ўзгармаслигини кутиш мумкин.

Собиқ элчи Пайфер 2014 йилда Брукингс институти учун ёзган мақоласида Путин учун "Ғарбнинг Альянсни кенгайтирмаслик ҳақидаги ваъдаси, шубҳасиз, унинг НАТОга қарши позициясининг стандарт унсури бўлиб қолади", деб ёзган эди.

"Сабаби бу нарса Россия етакчиси Россияни ўз ҳаракатлари туфайли эмас, балки ёлғончи Ғарбнинг ҳийла-найранглари туфайли жабр кўраётган, бошқалар томонидан фойдаланиб, яккалаб қўйилаётган мамлакат қилиб тасвирлашга уринишларида жуда қўл келади", деб ёзганди Пайфер.

XS
SM
MD
LG