Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:26

Ғазонинг 75 йиллик мусибати тарихига назар


Исроил ва фаластинликлар. Ғазо бўлгаси. Иллюстратив сурат.
Исроил ва фаластинликлар. Ғазо бўлгаси. Иллюстратив сурат.

Ғазо – Ўрта ер денгизи соҳили бўйлаб қадимий савдо ва денгиз йўллари чорраҳасида жойлашган ҳудуддир. Қуршовдаги бу анклав 1917 йилгача Усмонийлар империяси таркибида бўлган ва ўтган аср давомида Британиядан Мисрга, ундан эса Исроил назоратига ўтган. Ҳозирда Ғазо бўлгасида 2 миллиондан ортиқ фаластинликлар яшайди.

Қуйида, унинг яқин тарихидаги муҳим босқичларни эсга оламиз.

1948 йил – Британия ҳукмронлигининг тугаши

1940-йиллар охирида Британиянинг Фаластиндаги мустамлакачилик ҳукмронлиги барҳам топгач, яҳудий ва араблар ўртасида зўравонлик ривожланиб бориб, 1948 йил май ойида янги ташкил этилган Исроил давлати ва унга қўшни араб давлатлар ўртасидаги урушга уланиб кетди.

Қочқинга айланган ва уйларидан ҳайдалган ўн минглаб фаластинликлар Ғазодан бошпана излади. Босқинчи Миср армияси Синайдан Ашкелондан жанубгача чўзилган 40 км тор қирғоқ чизиғини эгаллаб олди. Қочқинлар оқими натижасида Ғазо аҳолиси уч баробарга ошиб, тахминан 200 минг кишига етди.

OzodNazar: Исроил-Фаластин зиддияти ечими нимада?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:43 0:00

1950-1960 йиллар – Миср ҳарбий ҳукмронлиги

Миср Ғазо секторини йигирма йил давомида ҳарбий губернатор назоратида ушлаб, фаластинликларга Мисрда ишлаш ва ўқиш имконини берди. Қуролланган фаластинлик «фидоийлар» Исроилга қарши ҳужумлар уюштириб, Исроилнинг қарши жавобларига ҳам сабаб бўлди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Фаластин учун қочқинлар агентлигини ташкил этди, у бугунги кунда Ғазо секторида рўйхатга олинган 1,6 миллион фаластинлик қочқинга, шунингдек, Иордания, Ливан, Сурия ва Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга хизмат кўрсатади.

1967 йил – уруш ва Исроил ҳарбий ишғоли

Исроил Ғазо секторини 1967 йилги Яқин Шарқ урушида босиб олди. Ўша йили Исроил аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Ғазо аҳолиси 394 000 кишини ташкил этган эди, уларнинг камида 60 фоизи қочқинлар эди.

Мисрликлар кетганидан сўнг, кўплаб ғазолик ишчилар Исроилдаги қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишга жойлашдилар, улар ўша пайтда Исроилга осон кира оларди. Исроил қўшинлари Ғазони бошқариш ва кейинги ўн йилликларда қурилган яҳудий аҳоли пунктларини қўриқлаш учун жойлаштирилди. Бу фаластинликлар орасида норозилик кучайишига сабаб бўлди.

1987 йил – Биринчи Фаластин қўзғолони. Ҳамас тузилди

1967 йилги урушдан 20 йил ўтиб, фаластинликлар биринчи интифада ёки қўзғолонни бошладилар. Бу 1987 йил декабрь ойида Ғазо секторидаги Жабалия қочқинлар лагерида Исроил юк машинаси фаластинлик ишчилар кетаётган машинага урилиб, тўрт киши ҳалок бўлгандан кейин бошланган. Тошбўрон намойишлари, иш ташлашлар, корхоналарнинг ёпилиши бошланди.

Ушбу норозиликдан фойдаланиб, Мисрда жойлашган "Мусулмон биродарлар" ҳаракати Ғазо секторида Ҳамаснинг Фаластиндаги қуролли бўлинмасини тузди. Исроилни йўқ қилиш ва Фаластиннинг босиб олинган ҳудудида исломий бошқарувни тиклашга қасд қилган Ҳамас Фаластин Озодлик Ташкилоти етакчиси Ёсир Арофатнинг дунёвий Фатҳ партиясига рақиб бўлди.

ҲАМАС-Исроил уруши | 8-кун. Исроил огоҳлантируви ортидан фаластинликлар жанубга қочмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:04 0:00

1993 йил – Осло келишувлари ва Фаластин ярим мухторияти

Исроил ва Фаластин 1993 йилда тарихий тинчлик шартномасини имзолади ва бу Фаластин маъмурияти тузилишига олиб келди. Муваққат келишувга кўра, дастлаб фаластинликларга Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдаги Ерихо устидан чекланган назорат берилди. Арофат ўн йиллик сургундан сўнг Ғазога қайтди.

Осло жараёни янги ташкил этилган Фаластин маъмуриятига бир оз мухторият берди ва беш йил ичида у давлат бўлиши кўзда тутилганди. Лекин ундай бўлмади. Исроил фаластинликларни хавфсизлик келишувларини бузганликда айблади. Фаластинликлар эса ўз ҳудудида Исроилнинг турар-жой қурилишидан ғазабда эди.

Ҳамас ва Исломий жиҳод гуруҳлари тинчлик жараёнини издан чиқаришга уриниш мақсадида портлашлар уюштирди, натижада Исроил фаластинликларнинг Ғазо секторидан чиқишига қўшимча чекловлар жорий қилди. Ҳамас Арофатнинг яқин доираларидаги коррупция, қариндош-уруғчилик ва иқтисодий хато бошқарувни танқид қилишни кучайтирди.

2000 йил – Иккинчи Фаластин интифадаси

2000 йилда иккинчи Фаластин интифадаси бошланиши билан Исроил-Фаластин муносабатлари энг паст даражага тушди. Бу фаластинликларнинг худкушлик ҳужумлари ва суиқасдлар, Исроилнинг ҳаво ҳужумлари, қамал ва комендантлик соатлари билан давом этди.

Бу вақтда фаластинликларнинг иқтисодий мустақилликка бўлган умиди, уларнинг ташқи дунё билан алоқасини таъминлаб турган, Исроил ёки Миср томонидан назорат қилинмаган Ғазо халқаро аэропорти йўқ қилинди. 1998 йилда очилган аэропортни Исроил хавфсизликка таҳдид деб ҳисоблади ва 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қилинган ҳужумлардан бир неча ой ўтиб, унинг радар антеннаси ва учиш-қўниш йўлагини йўқ қилди.

Бу вақтда йўқ қилинган яна бир нарса Ғазонинг балиқчилик саноати бўлиб, у ўн минглаб одамларнинг даромад манбаи эди. Ғазонинг балиқчилик зонаси Исроил томонидан қисқартирилди, бу чеклов қурол контрабандаси олдини олиш учун дея изоҳланди.

2005 йил – Исроил Ғазодан аҳоли пунктларини эвакуация қилди

2005 йил август ойида Исроил ўзининг барча қўшинлари ва фуқароларини Ғазодан эвакуация қилди. Бу вақтга келиб Исроил Ғазони ташқи дунёдан бутунлай тўсиб қўйган эди.

Фаластинликлар исроилликлардан қолган ташландиқ бинолар ва инфратузилмаларни бузиб ташлади. Яҳудий аҳоли пунктларининг олиб ташланиши Ғазо секторида ҳаракатланиш эркинлигини кенгайтирди, қуролли гуруҳлар, контрабандачилар ва тадбиркорлар Мисрга ўтиш учун ерости йўллари қазиши натижасида “туннель иқтисодиёти” гуллаб-яшнади.

Аммо баъзи ғазоликлар ишлаган заводлар, иссиқхоналар ва устахоналар ҳам йўқолди.

2006 йил – Ҳамас бошқаруви

2006 йилда Ҳамас Фаластиндаги парламент сайловларида кутилмаган ғалаба қозонди ва кейин Ғазо секторини тўлиқ назоратга олди. Арафотнинг вориси президент Маҳмуд Аббосга содиқ қўшинлар ағдарилди.

Халқаро ҳамжамиятнинг аксарияти Ҳамас назоратидаги ҳудудларга ёрдамни тўхтатди, чунки улар Ҳамасни террорчи ташкилот деб билишарди.

Исроил ўн минглаб фаластинлик ишчиларнинг мамлакатга киришини тақиқлаб, муҳим даромад манбасини узиб қўйди. Исроил ҳаво зарбалари Ғазо секторидаги ягона электр станциясини ишдан чиқарди, бу эса электр таъминотида кенг кўламли узилишларга сабаб бўлди. Хавфсизлик хавотирлари важи билан Исроил ва Миср Ғазо ўтиш жойларига қаттиқроқ чекловлар киритди.

Ҳамаснинг Ғазо иқтисодиётини шарққа, Исроилдан узоқроққа йўналтириш бўйича катта режалари бошланмай туриб барбод бўлди.

2014 йилда ҳокимиятга келган Миср етакчиси Абдул Фаттоҳ ас-Сиси Ғазо сектори билан чегарани ёпди ва ерости йўлларининг кўп қисмини портлатиб юборди. Ғазо иқтисодиёти яна яккаланиб қолди.

Тўқнашувлар цикли

Ғазо иқтисодиёти Исроил ва Фаластин жангари гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувлар, ҳужумлар ва қасослар циклида бир неча бор зарар кўрган.

Энг даҳшатли жанглар 2014 йилда содир бўлди. Ўшанда Ҳамас ва бошқа гуруҳлар Исроилнинг марказий шаҳарларига ракета отган эди. Бунга жавобан Исроил ҳаво ҳужумлари ва артиллериядан ўққа тутди, Ғазодаги маҳаллаларни вайрон қилди. 2100 дан ортиқ фаластинлик, асосан тинч аҳоли ҳалок бўлди. Исроил ўзининг қурбонлар сонини 67 аскар ва 6 нафар тинч аҳоли вакили деб ҳисоблади.

2023 йил – Кутилмаган ҳужум

Исроил Ғазо ишчиларини иқтисодий рағбатлантириш орқали урушдан чарчаган Ҳамасни тийиш мумкин деб ишонарди, аммо бу вақтда гуруҳ жангчилари яширинча машғулотлар ўташди.

7 октябрь куни Ҳамас жангарилари Исроилга кутилмаган ҳужум уюштириб, аҳоли пунктларига бостириб кирди, юзлаб одамларни ўлдирди ва ўнлабини гаровга олиб, Ғазога олиб кетди. Исроил бунга жавобан Ғазони ҳаво ҳужумлари билан бомбаламоқда ва 75 йиллик тўқнашувдаги энг даҳшатли ҳунрезликда бутун бошли маҳаллалар йўқ қилинмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG