Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:02

Ғафур Раҳимовни деб бокс Олимпия ўйинлари дастуридан чиқариб юборилиши мумкин


Ғафур Раҳимов Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган халқаро бокс анжуманида. 3 феврал, 2018 йил.
Ғафур Раҳимов Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган халқаро бокс анжуманида. 3 феврал, 2018 йил.

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ғафур Раҳимов Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти этиб тайинланадиган бўлса, Олимпиада ўйинлари дастуридан бокс чиқариб юборилиши мумкинлиги тўғрисида баёнот берди.

Ғафур Раҳимов уюшган жиноий гуруҳларга алоқадорликда айбланиб келади. ХОҚ хавотирига AIBA президенти вазифасини бажариб келаётган Раҳимов ташкилот президентлигига ягона номзод этиб кўрсатилгани сабаб бўлди. AIBA президентлигига сайлов ташкилотнинг 3 ноябрда Москвада ўтадиган конгресси доирасида бўлиб ўтади.

Аввалроқ Раҳимовнинг сайловдаги рақиби бўлган ташкилот вице-президенти Серик Қонақбаев AIBA аъзоларининг етарлича қўлловига эга бўлмагани ортидан президентликка номзод сифатида тасдиқланмагани хабар қилинган эди.

Қонақбаев президентликка номзод сифатида тасдиқланиши учун 20 та аъзо давлатнинг қўлловига эга бўлиши лозим эди. Хабарларга кўра, у бу ҳужжатни сайлов комиссиясига белгиланганидан бир неча соат кечикиб тақдим этган ва унинг ҳужжатлари қабул қилинмаган. Қонақбаев ушбу қарор устидан шикоят қилишини режалаштирмоқда.

Ўтган йили АҚШ Молия вазирлиги АҚШ Молия вазирлиги Ғафур Раҳимовни уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига киритган эди. Хусусан, АҚШ Молия вазирлигининг хориж активлари устидан назорат департаменти Раҳимовнинг АҚШдаги мулкларини музлатиб, америкаликларга у билан молия ёки бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилишни ман қилган.

Раҳимовнинг ўзи эса унга қўйилган айбловларни рад этиб келади.

AIBA президенти Ву Чжинг Гуо 2017 йилнинг ноябрь ойида истеъфо берган эди. Унинг ўринга Ғофур Раҳимов 2018 йилнинг 27 январь куни вақтинча президент қилиб сайланган.

Раҳимов Ўзбекистонни 2010 йилда тарк этган эди. 2013 йилнинг 6 февралида Ғафур Раҳимовга товламачилик, жиноий фаолиятда олинган даромадларни легаллаштириш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган.

Жорий йилнинг 12 июль куни Озодлик Ғафур Раҳимовга қидирув тўхтатилгани ва унинг Ўзбекистонга қайтишига ҳуқуқий изн берилгани ҳақда хабар қилган. 27 июль куни 67 ёшли Ғофур Раҳимов Тошкентга келгани билдирилган.

XS
SM
MD
LG