Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:04

Ғафур Раҳимов можароси ортидан Халқаро олимпия қўмитаси AIBAни 2020 йилги Токио олимпиадасидан четлатди


Ғафур Раҳимов
Ғафур Раҳимов

Халқаро олимпия қўмитасининг 26 июнь куни Лозаннада бўлиб ўтган 134-сессияси қарори билан Халқаро бокс уюшмаси (AIBA) 2020 йилги Токио ўйинларидан четлатилди.

Қўмита Токио мусобақаларида қатнашадиган ўйинчиларни саралаш жараëнини ўзи ўтказажагини билдирди.

Бундай қарорга¸ АҚШ томонидан "уюшган жиноят олами етакчиларидан бири" сифатида санкцияга учраган ўзбекистонлик Ғафур Раҳимовнинг Олимпия қўмитаси кескин қаршилигига қарамай¸ AIBA президентлигига сайлангани асос бўлган.

Қўмита ўз қарорида¸ Раҳимовнинг Халқаро бокс уюшмаси раҳбарлигига сайлангани унга ниҳоятда жиддий зарар етказганини таъкидлаган.

AIBA "Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва унинг АҚШдаги акционерлари обрўсига путур етказувчи жуда жиддий ҳуқуқий ва молиявий муаммолар яратди"¸ деди чоршанба кунги йиғилишда қўмита таъсис қилган махсус текширув гуруҳи раҳбари Nenad Lalovic.

2019 йилнинг май ойида ХОҚнинг Молиявий бошқарув, ҳакамлик ва этика масалалари бўйича қўмитаси Халқаро бокс уюшмасига ўз эътирозларини расман билдирган ва уни Олимпия қўмитаси талабларини бажармаганликда айблаган эди.

Уюшма 2020 йилги Япония мусобақаларидан четлаштирилган бўлса-да¸ Халқаро олимпия қўмитаси бокснинг мусобақалар дастурида қолдирганини маълум қилди.

Халқаро бокс уюшмаси Токио олимпиадасидан четлатилгани ортидан иш ўринларининг кескин қисқартирилишини хабар қилди.

Transborder Corruption Archive (Трансчегаравий коррупция архиви-таҳр.) лойиҳаси муаллифи, таниқли журналист Анастасия Кириленко Озодлик билан суҳбатда Халқаро олимпия қўмитасининг 26 июнь кунги қарорининг асосли эканини айтади:

- Жиноий элементлар ўз фаолиятини легитимлаштириш мақсадида¸ айниқса¸ спорт мусобақаларига ҳомийлик, саховатпешалик кўрсатиб келган. Ғафур Раҳимов билан нафақат АҚШ¸ балки Франция, Испания, Германия полицияси ҳам қизиқиб келади. Лойиҳамиз давомида бу шахснинг Интерпол рўйхатидаги қатор жиноий авторитетлар билан ўта яқин алоқалари борасида инкор этиб бўлмас маълумотлар тўпланган. АҚШ уни ҳатто наркотраффикда айблаб келади. Шу боис бокс федерациясига жиноятчилардан узоқроқ бўлган шахсни раҳбар этиб тайинлаш табиий ҳолдир, деди Анастасия Кириленко.

Ғафур Раҳимов ва Семён Могилевич
Ғафур Раҳимов ва Семён Могилевич

2018 йил ноябрь ойида AIBA президентлигига сайланган ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов 22 март куни бу лавозимдан истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.

Раҳимовнинг АҚШ Молия вазирлиги томонидан уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши санкциялари рўйхатида қолаëтгани унинг номзодига жиддий эътироз уйғотмай қолмаган эди.

"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда"¸ деб ëзилган АҚШ Молия вазирлиги ўз расмий сайтида 2013 йил 30 октябрида эълон қилган ҳужжат матнида.

Раҳимовнинг ҳамон АҚШ қора рўйхатида қолаëтганига қарамай¸ Ўзбекистон ҳукумати номидан ëзилган расмий мактубда Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов¸ унинг AIBA президентлигига номзодини қўллаб-қувватлаган ва Раҳимовнинг бу лавозимга сайланиши¸ "Ўзбекистон учун шараф" бўлишини билдирган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG