Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2019, Тошкент вақти: 04:10

Фарғонага газ берилди, бироқ аҳвол ҳамма туманда бирдай эмас


Озодлик Фарғона вилоятидаги газ тақсимловчи станцияларга (ГТС) табиий газ меъёрдаги ҳажмда берилаётгани, бироқ баъзи туманларда ГТС дан чиқаётган ёнилғи ҳажми меъёрдан паст эканини аниқлади.

Фарғона водийси истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлаш йўлида ҳукумат қўллаган чоралар туфайли автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида Янги йил арафасида камида икки ҳафта давом этган тақчиллик барҳам топди.

31 декабрь куни “Ўзтрансгаз”​ Акциядорлик жамияти ўз расмий сайтида "Фарғона водийси истеъмолчиларига бир маромда ва барқарор газ етказиб бериш бошлангани" тўғрисида хабар қилди.

Озодлик бу баёнот ортидан 3 январь куни вазиятни водийнинг бир вилояти – Фарғона мисолида ўрганишга уринди.

ГТСларга қанча газ кираяпти?

3 январь, куннинг биринчи ярмида Бағдод туманидаги газ тақсимловчи станцияга (ГТС) 14,1 кГ/см2, Тошлоқ туманидаги ГТС га 13 кГ/см2, Фарғона туманидаги ГТСга 13 кГ/см2 газ кирган.

Бу маълумотларни Озодлик тилга олинган газ корхоналари масъулларидан олди.

“Водийгазтаъминот” вакилининг билдиришича, 31 декабргача ГТС ларга кираётган газ миқдори 5 кГ/см2 гача тушган.

Бу ва мақола давомида келадиган бошқа кўрсаткичларни исми айтилмаслиги шарти билан андижонлик газ мутахассиси шарҳлаб берди.

Мутахассис шарҳи: Туманларда қайд этилган кўрсаткичлар меъёр даражасида. Ҳатто ГТС га газ кириши 5 кГ/см2 гача тушиб кетганидан хулоса қилишга шошмаслик керак. Ҳамма гап ГТСдан қанча газ чиқаётганида.

ГТСлардан қанча газ чиқаяпти?

3 январь, куннинг биринчи ярмида Бағдод туманидаги газ тақсимловчи станциядан (ГТС) 3,2 кГ/см2, Тошлоқ туманидаги ГТС дан 2,5 кГ/см2, Фарғона туманидаги ГТС лардан 1,3 дан 1,8 гача кГ/см2 газ чиқди.

Охирги истеъмолчига қанча газ борди?

Охирги истеъмолчига бораётган газ босими Бағдод туманида сув устунининг 130 ммдан 250 ммгача, Тошлоқ туманида 110 мм, Фарғона туманида 30 ммдан 100 ммгача бўлди.

Мутахассис шарҳи: Фарғона туманида охирги истеъмолчига, яъни энг чеккадаги истеъмолчига 30 ммдан 100 ммгача газ берилаяпти, дедингиз. Бу - газ йўқ, дегани. Агар 130 билан 250 орасида бўлса, меъёр ҳисобланади. Айтишингизга қараганда, Бағдод туманида вазият шундай.

ГТС дан чиқиши эса, камида 2-3 кГ/см2 бўлиши керак. Демак, Фарғона туманида ГТСдан чиқаётган газ ҳажми етарли эмас.

ГТСдан етарли ҳажмда газ чиқишини таъминлаш учун унга каттароқ ҳажмда газ кириши керак. “Водийгазтаъминот” вакили Янги йилгача ГТСга газ кириши 5 кГ/см2га тушиб кетганини айтганини айтдингиз. Агар сарфни ҳисобга олмаса, бу ҳажм, гўёки, етарлидай. Лекин қиш эканлигидан, яъни сарф катта эканлигидан келиб чиқсак, 5 кГ/см2 ўта паст. Умуман эса, ГТСлар 55 кГ/см2 газ киришига мўлжалланган.

Йўқ газ қаердан бор бўлиб қолди?

“Ўзтрансгаз”​ ўзининг 31 декабрдаги баёнотида “Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятининг минглаб аҳолиси бир неча йилдан бери куз-қиш даврида, айниқса ҳаво совуқ кунларда табиий газ босимининг пасайиши ёки умуман табиий газ бўлмаслиги, айниқса, водий вилоятлари аҳолисининг жиддий ташвишига айланган”ини тан олган.

Мана шундай вазиятда “Ўзтрансгаз”​ муаммони қандай қилиб тезда ҳал қилди ёки деярли ҳал қилди?

Бу саволнинг баёнотда келтирилган жавобининг кенгроқ талқинини "Ўзтрансгаз"​ раиси Баҳодир Эшмуратовнинг айтганларига таяниб, маҳаллий нашрлар келтирди:

“Қозоғистон Республикасининг “КазТрансГаз” компанияси билан эришилган келишувга асосан Газли-Чимкент-Тошкент-Пунгон йўналиши бўйича табиий газ тўғридан-тўғри Газли газни ер остида сақлаш иншоотидан Фарғона водийси истеъмолчиларига етказиб берилади”.

“Ўзтрансгаз”​ раиси Баҳодир Эшмуратов тилга олган йўналишнинг дастлабки пункти Газли ҳам, сўнгги пункти Пунгон ҳам Ўзбекистонда. Бас, шундай экан, Ўзбекистон нима учун ўз газини Қозоғистондан сўраши керак?

Мутахассис фикри: Водий шу пайтгача ички магистрал қувурлар орқали газ билан таъминланган. Лекин у қувурлар қуввати водийни таъминлай олмай қолганига анча бўлган. Янги йил арафасида юзага келган ўта оғир вазиятдан чиқиш учун “Ўзтрансгаз”​ халқаро қувурдаги газнинг бир қисмини водийга буришга мажбур бўлди.

Фарғона вилоятида газ таъминоти, декабрдаги тақчилликка қиёслаганда, яхшиланиб қолганини оддий истеъмолчилар ҳам тан олди. Масалан, ўзини Шокиржон деб таништирган бешариқлик 3 январь куни Озодликка “газ келаяпти, кўпайиб қолди”, деди.

Шокиржоннинг айтишича, газ заправкаларда босим кўтарилиб, натижада навбатлар йўқолган. Унинг айтганини илмий тилга кўчирсак, бундай бўлади:

“Янги йил арафасида автомобилларга газ 60-80 кГ/см2 босим билан қуйилаётган эди. Эндиликда босим 120-140 кГ/см2га кўтарилди”.

Газ компрессорлари босимни 200 кГ/см2гача кўтариши мумкин.

Водийни, хусусан, Фарғона вилоятини табиий газ билан таъминлашни нисбатан яхшилаш имкони кейинги йилларда минглаб абонентларнинг газ қувурлари кесиб ташлангани ҳисобига ҳам пайдо бўлди.

Аҳоли уйларига газ етказиб берувчи мавжуд газ қувурларининг бир қисми мамлакатнинг барча ҳудудларида кесилди.

Ўзтрансгаз”нинг 2018 йил февралидаги маъулмотига қараганда, 3 миллион 300 мингдан ортиқ уй-жой ҳамда 83 мингга яқин улгуржи истеъмолчига табиий газ, 2 млн. 760 минг аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

XS
SM
MD
LG