Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:32

Андижонда газ портлашидан 20 яшар йигит ўлди. Бу хабарни эшитган 72 яшар бобо ҳам жон берди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Андижон вилояти Балиқчи туманининг Қияли маҳалласидаги автомобилларни созлаш устахонасида 10 декабрь куни содир бўлган портлаш оқибатида 20 яшар уста йигит воқеа жойида ҳалок бўлди, унинг тоғаси бўлган иккинчи уста оғир куйиш жароҳати олди.

Бу хабарни тасдиқлаган туман ёнғин хавфсизлиги бўлими мулозимига кўра, усталар Дамас автомобилини таъмирлаётган пайтда портлаш содир бўлган.

Маҳалла оқсоқолининг айтишича, ўғли ва невараси ишлайдиган устахонани портлаб кетганини эшитган бобо ҳам, ўша заҳоти юраги ушлаб қолиб, жон берган.

Воқеа гувоҳларининг Озодликка хабар қилишича¸ Балиқчи туманининг Қияли маҳалласидаги автомобилларни созлаш устахонасида 10 декабрь куни туш пайти кучли портлаш содир бўлган.

Исмини очиқламасликни сўраган гувоҳлардан бири устахонада таъмирланаётган Дамас автомобилидаги газ баллони портлаб кетганини билдирди.

“Усталардан бири, 20 яшар Паҳлавон деган йигит ямада машинани қайси бир жойини таъмирлаётган пайтда портлаш содир бўлган. У бола ямада куйиб ўлган. Иккинчи уста, Паҳлавоннинг тоғаси Баҳодир эса қаттиқ куйган. Катта ёнғин бўлди, ўт ўчирувчилар келиб ўчиришди. Баҳодирни касалхонага олиб кетишди".

Паҳлавон Собиров яшаган “Юртобод” маҳалла фуқаролар йиғини фаолларидан бирининг айтишича, ўғли ва невараси ишлайдиган устахонанинг портлаб кетганини эшитиши ҳамоно Паҳлавоннинг "Полвонкўл" МФЙда яшайдиган бобоси юрак хуружидан ўша заҳоти вафот этган.

“Бугун ўша маҳаллага фотиҳага ўтиб келдик. Камолиддин Нозимов деган 72 ёшли отахон эканлар. Айтишларича, шум хабарни эшитиб, йўлга чиқаётганида, юраги ушлаб қолиб вафот этибди. Бир оиладан икки ўлим, ўғилнинг аҳволи эса оғир. Жуда қайғули бўлди”, деди маҳалла фаоли.

Балиқчи тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, Қияли маҳалласидаги устахонада портлаш оқибатида бир киши ўлганини ва бир киши касалхонага ётқизилганини тасдиқлади:

“Усталар оддий техника хавфсизлигига риоя қилишмаган. Газ билан ишлайдиган автомобилни ёпиқ жойда ремонт қилиб бўладими? Портлаш шундан келиб чиққан, ҳозир суриштирув ишлари олиб борилаяпти”, деди мулозим.

Балиқчи тумани Шошилинч тиббий ёрдам марказининг исми сир қолишини сўраган шифокори, куйиш жароҳати олган устанинг аҳволи оғир эканлигини айтди:

“60 фоиз куйиш жароҳати олган. Аҳволи оғир. Биз қўлимиздан келган ҳамма муолажани қилаяпмиз”, деди шифокор.

Ўзбекистонда автомобилларга қўйилган ва рўзғорда ишлатиладиган газ баллонлари портлаши ҳолатлари кўп кузатилади.

Бухоро-Қоровулбозор йўлининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида 18 сентябрь куни эрталаб соат 7:45да йўналишдаги Isuzu автобусда газ баллони портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва яна 21 одам турли даражада жароҳат олган эди.

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Тома қишлоғида 30 октябрь кечқурун хонадонлардан бирида газ баллони портлаши оқибатида тўрт киши оғир куйиш жароҳати олган эди.

Фарғона вилоят, Марғилон шаҳрининг Теракдаги маҳалласидаги оилалардан бирида 16 март куни газ портлаши оқибатида касалхонага ётқизилган уч кишидан бири, оила бошлиғи 21 март куни вафот қилди. Касалхонадан Озодлик олган маълумотга кўра, уй бекасининг аҳволи ўртача оғир, беш яшар невара эса енгил куйиш жароҳати олган.

XS
SM
MD
LG