Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 19:33

Махсус бюро свет-газдан қарзни "куч қўллаб" ундиришга киришди


Дубинка билан қуролланган MIB ходими

1 июлдан бошлаб президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тузилган Мажбурий ижро бюроси (MIB) аҳолининг электр ва газдан қарзини мажбуран ундиришга киришди. Хабарларга кўра, MIB вакиллари аҳолига куч қўллаётган ва икки ўртада жанжал чиққан ҳолатлар ҳам бўлаяпти.

Дубинка билан қуролланган MIBчилар

Пойтахт маҳалла йиғинларидан олинган маълумотга кўра, 1 июлдан бошлаб, деярли барча маҳаллаларда MIB ходимлари иш бошлаган.

“Бизнинг маҳаллада уч кун ичида 1,5 миллион сўм ундирилди. Бу шу бюронинг ишида. Олдин уйма- уй юриб, ялиниб- ёлворсак ҳам свет-газдан қарзни ундира олмасдик. Бу бюро ходимлари бирор уйга кирса, агар қарздорлик бўлса, шу қарзни ундирмагунча, ўша уйдан чиқмаяпти”, деди Чилонзор туманидаги маҳалла йиғинларидан бирининг фаоли.

Ушбу бюро тузилган пайти унинг ходимлари 1 июлдан 10 июлгача аҳолини қарзни тўлашдан огоҳлантирилиши ва 11 июлдан эса¸ тўлолмаганларнинг мулки мусодара қилиниши айтилган эди.

Бироқ жойлардан олинган хабарларга кўра, махсус форма кийган ва дубинка билан қуролланган MIB ходимлари 10 кун кутмасдан, 1 июлдан бошлаб қарз ундиришга киришган:

“Кеча Юнусободда яшайдиган холамнинг уйига келишди шу бюро ходимлари. Форма кийган, ҳаммасининг қўлида дубинка бор. Яна камарига бир нарсалар осиб ҳам олишган. Кўрган одам хавотирга тушадиган аҳволда. Бир пайтлари “қора маскали”лар бор эди. Худди шуларга ўхшайди. Важоҳат билан гердайиб юришади яна. Холамнинг газдан 180 минг қарзи бор экан, “Пенсиядан бераман” деса ҳам кўнишмаган. Кейин холам бизга қўнғироқ қилиб қарз сўради. Олиб бориб бердик”, дейди тошкентлик қиз исмини очиқламаслик шарти билан.

“Ҳам дубинкадан таёқ еб, ҳам телевизоридан айрилди”

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 55 яшар аёлнинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, MIB ходимларининг аҳолига куч қўллаётган ҳолатлар ҳам бўлаяпти:

“Бугун эрталаб ўша формалилар қўшни маҳаллага келишди. Нима бўларкин, деб қизиқиб, томоша қилишга бордик. Бир ҳовлига кириб, роса бақир-чақир, жанжал қилишди. Кейин эшитсак, дубинка ўқталиб, бир-икки марта уй эгасига тушириб ҳам қолибди. У ерда эр-хотин пенсионерлар яшайди. Ўғли Қозоғистонга мардикорликка кетган. Уйда уч бола билан келин бор. Озгина қарзи бор экан, телевизорини олиб кетибди. “Ўғлим пул жўнатади шундан тўлайман” деса ҳам рози бўлишмаган”, дея иддао қилди суҳбатдош.

"MIBчилар ҳеч кимни уришмади"

Мирзо Улуғбек туманидаги маҳалла йиғинларидан бирининг раиси унинг маҳалласида MIB ходимлари томонидан аҳолига нисбатан куч қўллаш ҳолатлари бўлмаганини таъкидлади:

"Бизнинг маҳаллада уч кун ичида битта ҳам одамни уришмади. Лекин одамларнинг ўзлари пул тўламаса, бўлмаслигини яхши тушиниб етаяпти. Фақат битта оилада жанжал чиқди. Уйдаги эркаклар қарзни тўлашга рози бўлишди. 236 минг сўм экан қарзи. Лекин оила бекаси тўламайман, деб тўполон қилди. Кеча тўполон чиққач, қайтиб кетгандик. Лекин бугун ўғли пулни олиб келибди. Жанжал чиққан жойга мени дарров чақиришади. Бошқа бизда бунақа ҳолат бўлмади", деди маҳалла раиси.

Қарзи борнинг Ўзбекистондан чиқиши тақиқланади

Мажбурий ижро бюроси президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 29 майда имзоланган «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида тузилди.

Янги тартибга кўра, қарздорлик тўланмаган тақдирда ундирув мажбурий тартибда қарздорнинг мол-мулкига қаратилади ҳамда унинг Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқиши тақиқланади.

Расмий маълумотга кўра, республика бўйича энергия ресурсларидан жисмоний ва юридик шахслар қарзи 5 триллион сўмга ( 29 июнь кунги Марказий Банк расмий курсида, 1 миллиард 263 миллион АҚШ долларига тенг - таҳр.) етган.

Мажбурий ижро бюро зиммасига ушбу қарзни август ойи охиригача ундириш мажбурияти юкланган.

Шарҳларни кўринг (15)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG