Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 14:12

Тақчиллик ортидан “газдан ноқонуний фойдаланаëтганлар”ни овлаш кампанияси бошланди (ВИДЕО)


Йиллардан бери ечимини топмай келаëтган газ тақчиллиги ўзбекистонликларни қишда исинишнинг турли-туман¸ кўп ҳолларда эса¸ хавфли усулларини ишга солишга мажбурламоқда.

Озодликка 3 декабрь куни юборилган қисқа видеотасвирда қоронғуда тўпланган ўнлаб одамнинг фуқаролик кийимидаги шахс билан тортишуви акс этган.

Бу видеони юборган шахс изоҳича¸ тортишув бир гуруҳ ҳокимият вакили 3 декабрь куни кечқурун соат 9 да Фарғона вилоят, Олтиариқ туманидаги Оқбўйра қишлоғидаги уйларни текшириш учун келган пайт содир бўлган.

Англашилишича¸ газ идораси ва МИБ ходимлари уйма-уй кириб¸ одамларнинг газ қувурига уланган ноқонуний насосларини аниқлаб¸ уларни жаримага тортиш учун келган маҳалда содир бўлган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда айни кунларда бутун республика бўйлаб ҳар бир маҳаллада шундай амалиëт бораëтганини билдирди.

Оқбўйра қишлоғига уюштирилган тунги текширув

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Оқбўйра қишлоғидаги Марғилоний кўчасига 3 декабрь куни кечқурунги соат 9 дан кейин тумангаз ва МИБ ходимлари рейд уюштирди. Улар ҳеч қандай қонуний асос ва ҳужжат кўрсатмасдан¸ аҳоли уйларига киришга уринди. Кечқурун уйида тинчи бузилган одамлар тўполон қилиб¸ ҳайдаб юборди. Ҳеч ким¸ ҳатто маҳалла раиси ҳам уларни уйига киритмади. Кимнинг ҳаққи бор кечаси келиб тинч аҳоли дам олаëтган пайтда улар тинчини¸ асабини бузишга?” деб ëзди шахси очиқланишини истамаган оқбўйраликлардан бири.

МИБ билан тортишув
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:26 0:00

Ҳокимият вакиллари ва аҳоли орасида чиққан тортишув¸ видеодан англанишича¸ ғала-ғовур ортидан¸ газ ва МИБ ходимларининг қайтиб кетиши билан тугаган.

Ўз уйимизда¸ худди пистирмадагидек яшаяпмиз. Булар куннинг қайси пайтида ҳужумга ўтар экан¸ деб”¸ дейди ушбу тортишувдан кейинги кайфиятни тасвирлаган оқбўйралик.

Озодликка маълум бўлишича¸ Ўзбекистоннинг аксар қишлоқларидан фарқли¸ оқбўйраликлар табиий газ таъминотидан бутунлай узилмаган.

Аммо ҳаво совиб кетган кунлари газ босими ниҳоятда пасайиб кетгани ортидан¸ одамлар қўлбола мослама¸ ўз ибораси билан¸ “пилесос” ишлатиб¸ босимни кучайтиришга уринган.

Уйлар совиб кетганидан кейин одамлар кўчадаги қувурга пилесос улашга мажбур бўлди. Ишлатадиган газимиз барибир ҳисоблагичдан ўтади¸ яъни пулини тўлаймиз. Шунга бу ўғрилик эмас. Хавфи бор¸ албатта. Лекин ис газидан ўлиб қолиш хавфидан камроқ. Насосни яхши уласак¸ газ чиқмайди. Чиқсаям¸ кўчада бўлгани учун портлаш эҳтимоли йўқ ҳисоби”¸ деди тунги рейдга изоҳ берган олтиариқликлардан яна бири.

Энергетика вазирлиги бошқа фикрда

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда¸ бу амалиëтнинг “газ таъминотидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати” ҳисобланишини айтиб¸ уни жорий вазиятни янада мураккаблаштираëтган омиллардан бири деб изоҳлади.

Ноқонуний ўзлаштириш деган нарсалар ниҳоятда кўпайиб кетди. Бундай ҳолатларга қараб турилмайди. Тегишли идоралар билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ ташкил қилинди ва улар кечаю кундуз ишлаяпти¸ ҳамма ишлаяпти бунинг устида. Маҳаллама-маҳалла¸ туманма-туман¸ вилоятма-вилоят ишчи гуруҳ тинмасдан ишлаб юрибди ҳозир. Аҳоли мумкин бўлмаган нарсани улаб олиб¸ ишлатиб ëтибди. Ҳар кун уларнинг тепасида қоровулчилик қилолмаймизку!”деган вазирлик расмийси¸ газдан ноқонуний фойдаланишнинг катта қисми ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келишини таъкидлади.

Ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг¸ республика бўйича нечта тадбиркор¸ қанақа ишлаб чиқариш корхоналари ва иссиқхоналар борлигини! Энергетика вазирлигида буларнинг ҳисоби бор ва шунга қараб газ лимити белгиланади. Лекин бу ҳисоб-китобга кирмасдан ишлаëтган ëки лимитидан ошиғини ишлатаëтган ишлаб чиқарувчилар ҳисобига ҳозирги кундаги тақчиллик келиб чиқди”¸ деди Озодлик билан шахсини очиқламай гаплашган Энергетика вазирлиги расмийси.

Бу суҳбат билан кетма-кет “Ўзнефтгазинспекция”ахборот хизмати эълон қилган баëнотда ҳам ишлаб чиқарувчи ва иссиқхона эгалари республикада юзага чиққан газ тақчиллиги учун асосий айбдор сифатида кўрсатилди.

Ўзнефтгазинспекция, мажбурий ижро бюроси ҳамда “Худудгазтаъминот” АЖ ходимлари ва “Узстандарт” агентлиги мутахассислари билан биргаликда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича навбатдаги тадбир ўтказилди. Тадбир натижасига кўра, 773 та ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Ушбу натижага кўра, 8 млн 334 минг метр куб миқдоридаги ноқонуний табий газдан фойдаланилганлиги яъни жами 6 млрд 337 млн сўм миқдорида газ таъминоти корхонасига зарар етказилганлиги аниқланди”¸ дейилади расмий баëнотда.

Унда айтилишича¸ расмийлаштирилган бу ҳолатларга оид ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

28 ноябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтказилган "ўта шошилинч" видеоселектор йиғилишда ҳам мамлакатда ҳукм сураëтган энергетик бўҳрон учун "ноқонуний ўзлаштириш" ва дебиторлик қарзларининг тўланмай қолаëтгани айбдор сифатида кўрсатилди.

Шарҳларни кўринг (7)

Алоқадор

XS
SM
MD
LG