Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2022, Тошкент вақти: 01:40

Халқаро хабарлар

Глобал имомлар кенгаши мусулмонларга Пекин Олимпиадасида иштирок этишни тақиқлади

Уйғур миллатига мансуб кишиларнинг Хитой зулмига қарши Истанбулда ўтказган акциясидан лавҳа, 2021 йил 1 октябри

Глобал имомлар кенгаши 4–20 февраль кунлари Хитой пойтахти Пекинда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари олдидан махсус баёнот билан чиқди. Унда мусулмонларга Олимпиада ўйинларига бориш тақиқлангани маълум қилинган. Кенгаш Шинжонда “камситилаётган ва қийноққа солинаётган” мусулмонларни шу тариқа дастаклашга қарор қилган.

Баёнотни Россия, Уммон, Миср, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларнинг бош муфтийлари, шунингдек Жаҳон уйғур конгресси раҳбари имзолашган.

“Глобал имомлар кенгаши – дунё мусулмонларининг биринчи ва дунёдаги энг йирик трансмиллий ноҳукумат ташкилотидир. Биз мазлум уйғур мусулмонларини қўллаб-қувватлаймиз ва улар билан биргамиз. Хитой ҳукумати жабр-зулм, қийноқлар ва диктатура воситасида маҳаллий мусулмонларнинг тамал ҳуқуқлари ва инсон ҳуқуқларини поймол этмоқда. Халқаро имомлар кенгаши Нажаф муқаддас ислом семинарияси ҳамда ислом оламининг буюк муфтийлари берган ваколатдан фойдаланиб, Пекин-2022 ўйинларида иштирок этишни тақиқлашга қарор қилди. Бу воқеа уйғурлар геноциди учун жавобгар бўлмиш мустабид ва золим режим манфаатларига тўғридан-тўғри хизмат қилади”, дейилган баёнотда.

Унда “2022 йили Пекинда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларини бойкот қилаётган ташкилотлар сони ортаётгани” олқишланган.

Аввалроқ АҚШ ва яна қатор мамлакатлар Пекинда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпиадага дипломатик бойкот эълон қилган эди.

Халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари Хитойнинг Шинжондаги мусулмон халқларга нисбатан олиб бораётган сиёсатини “геноцид” деб атаган, Ғарбдаги айрим мамлакатлар ҳукуматлари Шинжондаги қатор юқори мартабали мулозимларига нисбатан санкциялар жорий этган.

Пекин эса бу айбловларни рад этиб, ўз хатти-ҳаракатларини – “экстремизмга қарши кураш”, уйғур, қозоқ ва қирғизлар қамалаётган лагерларни эса “қайта тарбиялаш марказлари” дея иддао қилиб келади.

Кун янгиликлари

Украина Қуролли кучлари АҚШдан келган юкни қабул қилиб олди

Британия 18 январда Украинага етказиб берган ҳарбий юк.

АҚШнинг Киевдаги элчихонаси Украина қуролли кучлари Вашингтондан келган юкни қабул қилиб олаётганига доир фотосуратларни эълон қилди.

Расман билдирилишича, самолётда президент Жо Байденнинг кўрсатмасига асосан украин армиясига 60 миллион долларлик юк келтирилган. “Юк ҳарбий характерга эга бўлиб, Украинага биринчи марта етказилмоқда”, дейилади хабарда.

Россия бир неча марта АҚШни Украинага ҳарбий юкларни етказиб бермасликка чақирган. Москва фикрича, бундай ёрдам Киевни “Донбасс каби сепаратчи вилоятларни қайтариб олиш ҳаракати”га ундаши мумкин.

Аввалроқ Москва Британия Украинага танкларга қарши егил қуролларни етказиб берганини кескин танқид қилган.

Латвия, Литва ва Эстония ҳам аввал АҚШждан сотиб олган қуролларининг бир қисмини Украинага беришни режалаштираётгани ҳам хабар қилинган.

Собиқ судья Янгулбаев Рамзан Қодировнинг таҳдидларидан сўнг Россияни тарк этди

Чеченистон Олий судининг собиқ судьяси Сайди Янгулбаев.

Чеченистон Олий судининг собиқ судьяси Сайди Янгулбаев қизи Алия билан Россияни тарк этди. Бу ҳақда Қийноқларга қарши қўмита юристи Сергей Бабинец маълум қилди. Улар қайси давлатга кетгани ҳозирча айтилмади.

20 январь куни ўзларини Чеченистон ИИВ ходимлари деб таништирган шахслар Сайди Янгулбаевнинг Нижний Новгороддаги квартирасига бостириб кирган эди. Улар Янгулбаев ва унинг хотини Зарема Мусаевани “товламачилик иши бўйича гувоҳлик бериш учун” Чеченистонга мажбурий олиб кетмоқчи бўлган.

Аммо Янгулбаев даҳлсизлик мақомига эга бўлгани учун Чеченистонга фақат унинг хотинини олиб кетишган. Айни пайтда Зарема Мусаеванинг қаерда экани ва унинг соғлиғи тўғрисида яқинларига бирорта маълумот берилмаяпти.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров жума куни Янгулбаевлар оиласига таҳдид қилинган видеони эълон қилган. Қодиров видеода “бу оилани қамоқ ёки ер ости кутиб турибди” деб айтган. Қодировга кўра, Грознийга олиб келинган Мусаева полиция ходимини калтаклаган.

Қодиров Янгулбаевлар оиласини мухолифат телеграм каналига алоқадор, деб гумонламоқда. Аммо Сайди Янгулбаевнинг ўғли Абубакар Янгулбаев “Дождь” телеканалига берган интервьюсида Қодировнинг бу иддаосини рад этган ва президент Путиндан Қодировни Чеченистон раҳбарлигидан бўшатишни илтимос қилган.

Германия ҳарбий денгиз кучлари қўмондони Қрим ва Путин ҳақидаги сўзларидан сўнг истеъфо берди

Симферополда Қримнинг босиб олинишига қарши 2014 йилда ўтган намойиш.

Германия Мудофаа вазирлиги Қрим масаласи ва президент Владимир Путин тўғрисида фикр билдиргани ортидан Германия ҳарбий денгиз кучлари қўмондони, вице-адмирал Кай-Ахим Шёнбах истеъфога чиқарилганини маълум қилди.

Расман билдирилишича, Шёнбах истеъфо бериши тўғрисида ўзи ариза ёзган.

Шёнбах Ҳиндистоннинг Мудофаа тадқиқотлари институтида сўзлаган нутқида Россиянинг Украинага таҳдид қилишидан аососий мақсади Ғарбни ўзини ҳурмат қилишга ундаш деб ҳисоблашини айтди.

Унга кўра, Ғарб Россия ва “шахсан президент Владимир Путинга ҳурмат” кўрсатса ҳеч нарса ютқазмайди. Немис вице-адмирали ўз нутқи давомида “Қрим ярим ороли ҳеч қачон Украинага қайтарилмайди. Бу факт”, деб билдирган.

Бундай позиция Германия ва унинг иттифоқчилари расмий позициясига зид келади. Германия ва иттифоқчилар Россия Қримни ноқонуний равишда босиб олган, деб ҳисоблайди ва Россиядан уни Украинага қайтаришни талаб қилади.

Шёнбах истеъфо берганидан сўнг ижтимоий тармоқларда ўз сўзлари учун узр сўради ва “бу шахсий фикр бўлганини” ва “нотўғри сўзларни гапирганини тушуниб етгани”ни билдирди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Шёнбахни кескин танқид қилди ва Қрим “иттифоқчилар қўллови билан Украинага қайтарилиши”ни таъкидлади.

Бишкек ва Ўшда журналист Болот Темиров қўлга олинишига қарши норозилик намойишлари ўтказилди

Болот Темировни озод қилиш талаби билан Бишкекда ўтган митинг.

Бишкекда 23 январга ўтар кечаси YouTube порталидаги "Temirov Live" канали асосчиси Болот Темиров милиция ходимлари томонидан қўлга олинганидан норози бўлганлар пойтахтда ва Ўшда намойиш ўтказди.

Намойишга чиққан ўнлаб журналистлар, блогерлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар Болот Темиров ва тўкма оқин Болот Назаровларнинг қўлга олинишини сўз эркинлигига таҳдид ўлароқ баҳоламоқда.

Журналист қўлга олинишидан бир оз олдинроқ "Temirov Live" каналида Миллий хавфсизлик хизмати раиси Қамчибек Ташиев ва унинг қариндошлари коррупцияга аралашганига доир суриштурувни эълон қилган эди.

Милиция Болот Темиров ва Болот Назаров наркотик модда савдосида гумонланиб қўлга олинганини, фаоллар эса журналист ва оқинга наркотикни милиция ходимлари ташлаб қўйганини иддао қилмоқда.

23 январь куни Миллий хавфсизлик хизмати раиси Қамчибек Ташиев журналист ва оқиннинг қўлга олинишига алоқадор эмаслигини айтиб, "Temirov Live" каналида эълон қилинган суриштирувни “ёлғон маълумот” деб атади.

Сўнги хабарларга қараганда, Болот Темировнинг қўлга олиниши нақадар қонуний бўлгани айни пайтда судда кўриб чиқилмоқда. Суддан сўнг Темиров шаҳарни тарк этмаслик тўғрисидаги тилхат асосида озод этилиши кутилмоқда.

Болот Назаров эса 48 соатга ҳибс қилинди. Унинг эҳтиёт чораси судда 48 соат ичида аниқланиши лозим.

Зеленский Россия фуқаролари ва ширкатларига қарши санкциялар киритди

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг 52 фуқароси ва 24 Россия компаниясига қарши санкциялар киритди.

Фармон Президент сайтида эълон қилинди.

Санкциялар рўйхатига россиялик судялар, Қрим расмийлари, президентнинг Шимолий Кавказ федерал округидаги вакили, собиқ бош прокурор Юрий Чайка ва дизайнер Артемий Лебедев киритилган.

Компаниялар орасида "Ленморниипроект", "Ленпромтранспроект" ва "Согаз" бор.

Санкциялар беш йил муддатга жорий қилинган ва активларни блокировка қилиш ва Украинадан капитал олиб чиқиш операцияларини тўхтатишни назарда тутади.

Юридик шахсларнинг лицензиялари ҳам бекор қилинади.

2017 йилда СБУ Артемий Лебедевга Қримга ва Киев назорати остида бўлмаган Донбас ҳудудига қилган сафарлари туфайли Украинага киришни тақиқлаган эди.

Болтиқбўйи давлатлари Украинага ракета тизимлари учун ўқ-дори юборади

Қўшма Штатлар Болтиқбўйи мамлакатлари ихтиёрида бўлган Javelin ва Stinger ракета тизимлари учун ўқ-дориларни Украинага жўнатишни маъқуллади.

Бу ҳақда Эстония Мудофаа вазирлиги сайтида хабар берилган.

Аввалроқ Буюк Британия ҳам Украина армиясига қурол-яроғ жўнатишини маълум қилганди.

Сўнгги кунларда Ғарб давлатларининг Россиянинг мумкин бўлган босқинига оид хавотири ортмоқда.

Россия ҳарбий гуруҳининг Украина билан чегаралари яқинида кучайиши ва томонларнинг музокараларидан сўнг хавотир янада кучайди.

21 январь куни Женевада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Блинкеннинг таъкидлашича, иттифоқчилар билан маслаҳатлашувлардан сўнг Қўшма Штатлар Россиянинг Украинани НАТОга қабул қилмаслик ҳақидаги талабига ёзма жавоб беради.

Давлат котибининг сўзларига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчилари бу талабни қондира олмайди, бироқ улар бошқа қатор масалаларни муҳокама қилишлари мумкин .

Давлат котибининг қайд этишича, Россия агрессив режалар йўқлигини исботлаш учун Украина билан чегарадан қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак.

Женевада Блинкен ва Лавров ўртасида музокаралар бўлиб ўтди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен (чапда) ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров

Женевада АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

ТАСС хабарига кўра, музокаралар бир ярим соатга яқин давом этган.

Лавров учрашув аввалида давлат котиби билан “Россия учун хавфсизлик кафолатлари” масаласини муҳокама қилиш истагини билдирди. ТИВ раҳбари музокарадан “катта натижа” кутмаётганини, бироқ у АҚШ позициясини ойдинлаштиришига умид қилаётганини айтди.

Блинкен, ўз навбатида, учрашув АҚШ ва иттифоқчилари томонидан Россиянинг Украинага қарши янги агрессияси олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми эканини таъкидлаб, Украинага бостириб кирган тақдирда Россия Ғарбнинг тезкор ва умумий зарбасига дуч келишини такрорлади. Давлат котибига кўра, у барча келишмовчиликлар битта учрашув давомида бартараф бўлишини кутмаяпти, аммо можаронинг дипломатик ечимини излашда давом этиш зарур.

Блинкен ва Лавров музокаралари ҳақида шу ҳафтадагина маълум бўлган эди. АҚШ давлат котиби сўнгги кунларда Киев ва Берлинда бўлиб, Қўшма Штатларнинг ҳамкорлари ва иттифоқчилари вакиллари билан музокаралар олиб борди.

Охирги ҳафталарда Ғарб мамлакатлари Россиянинг Украинага тажовузи реал хавфга айлангани ҳақида очиқ-ойдин гапирмоқда.

Россия ўтган йилнинг декабрида АҚШ ва НАТО олдига Украина ва Грузияни альянсга қабул қилмаслик, шунингдек НАТОнинг Европадаги қуролли кучлари ва инфратузилмасини 1997 йилги ҳолатга қайтариш дохил қатор талабларни қўйган эди. Ғарб бу талабларни мантиққа зид ҳисоблаб, рад этишига қарамай, Кремль ёзма жавоб беришни талаб қилмоқда.

АҚШ етакчилигидаги Ғарб мамлакатлари Россияни, Украинага бостириб кирган тақдирда унга нисбатан “мисли кўрилмаган” иқтисодий санкциялар қўлланиши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Байден: Россия Украинага бостириб кирган тақдирда кескин жавоб олади

Жо Байден Оқ уйдаги матбуот анжумани чоғида

АҚШ президенти Жо Байден 20 январь кунги баёнотида Россия ҳарбий бўлинмаларининг Украина чегараларини кесиб ўтиши “тажовуз” ўлароқ баҳоланиши ва унга кескин “иқтисодий чоралар” билан жавоб қайтарилишини билдирди.

“Путин билан суҳбатлашган чоғимизда унга аниқ-тиниқ қилиб айтдим. Бу борада у англамаган нарса йўқ. Россиянинг исталган, такрорлайман, исталган ҳарбий бўлинмаси Украина чегарасини кесиб ўтиши – “бостириб кириш” ўлароқ баҳоланади ҳамда унга қатъий ва мувофиқлаштиришган иқтисодий жавоб берилади. Жавоб чоралари иттифоқчиларимиз билан муҳокама этилиб, Путинга тўла-тўкис баён қилинган”, дея урғулаган Жо Байден.

Президент ушбу баёнотидан бир кун олдин матбуот анжумани чақириб, унда Россиянинг ҳужуми “кичикроқ” бўлган тақдирда Ғарб мамлакатлари бунга қандай муносабат билдиришини тахмин қилиш мушкуллигини, бироқ Украинага катта куч билан бостириб кириш Россия учун ҳалокатли бўлишини айтган эди.

Байденнинг мазкур баёноти Киевда ва Европадаги бошқа пойтахтларда таажжуб уйғотган. Украина президенти Владимир Зеленский Твиттерда: “майда халқлар бўлмагани каби эътиборга арзимайдиган истило ҳам бўлмайди”, деб ёзган. 19 январь оқшомидаёқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки президент Байден нимани назарда тутгани юзасидан изоҳ беришга мажбур бўлган.

АҚШ президенти 20 январдаги баёнотида, шунингдек, Россия яримҳарбий тузилмалар, фуқароча кийинган ҳарбийлар ва “яшил одамчалар”ни қўллаш, киберҳужумларни амалга ошириш сингари турли тактикаларни ишга солаётгани, “бунақа хатти-ҳаракатларга қарши зарба беришга шай туриш лозим”лигини қўшимча қилган.

Европарламент Қозоғистондаги январь воқеалари бўйича халқаро тергов ўтказишга ва айбдорларга нисбатан санкция жорий этишга чақирди

Жорий йилнинг 20 январь куни Европа парламенти Қозоғистонда рўй берган январь воқеалари бўйича резолюцияни кўпчилик овоз билан қабул қилди. 27 банддан иборат ҳужжатда мамлакат ҳукумати фуқаролар ва жамоат бирлашмаларини таъқиб қилишни тўхтатишга, ҳибсга олинганларни озод этишга, асоссиз қамашлар ва қийноқларни тўхтатишга, тинч йиғилишларга тўсқинлик қилмасликка чақирилган.

Резолюцияда қайд этилишича, Қозоғистон ҳукумати намойишларга “номутаносиб зўравонлик” билан муносабатда бўлган; “терроризм” ва “экстремизм” тушунчаларини сўз эркинлиги ва ўзгача фикрлашни чеклаш учун бузиб талқин қилган. Тоқаевнинг “огоҳлантиришсиз ўт очиш” буйруғи Европарламент ҳужжатида “Қозоғистон томонидан яшаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва муҳофаза қилиш бўйича халқаро мажбуриятларнинг бузилиши” деб аталган.

Резолюцияда ЕИ Кенгаши “2022 йил январдаги намойишлар чоғида содир этилган жиддий қонунбузарликлар учун жавобгар бўлмиш Қозоғистоннинг юқори мартабали мансабдор шахсларига нисбатан санкциялар жорий этиш”га, халқаро ҳамжамият эса “Қозоғистон халқига қарши амалга оширилган жиноятлар бўйича зудлик билан халқаро тергов бошлаш”га чақирилган.

Европарламент, жумладан, Қозоғистон президентини огоҳлантиришсиз ўт очишга доир ҳар қандай буйруқни бекор қилишга чақирган, шунингдек, унинг намойишчиларни “террорчилар”га менгзаганини қоралаб, улар сонига оид баёнотларини “асоссиз” деб атаган.

Европарламент депутатлари январь воқеаларини 2011 йилда Жанаўзенда содир бўлган хунрезликка тенглаштирганлар.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 21 январдаги баёнотида Европарламент резолюцияси “бирёқлама ва нохолис хулоса ва маълумотларга асосланган”ини иддао қилган.

“Қозоғистон Республикаси раҳбарияти томонидан қўзғатилган расмий тергов натижалари эълон қилинмасдан бу каби ҳужжатлар қабул қилинишини ножоиз деб ҳисоблаймиз. Яна бир карра тасдиқлаймизки, тергов натижалари халқаро жамоатчиликка тақдим этилади”, дейилган Қозоғистон ТИВ баёнотида.

“Росатом” Қирғизистон ҳудудида кичик АЭС қурмоқчи

“Росатом” логотипи

Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси ва Қирғизистон энергетика вазирлиги кам қувватли атом электр станцияларини қуришда ҳамкорлик қилишга оид меморандумга қўл қўйди. “Росатом” сайтидаги маълумотга мувофиқ, ҳужжат 20 январь куни Дубайда “Экспо-2020” Бутунжаҳон кўргазмаси доирасида имзоланган.

Меморандумга Россия томонидан “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв, Қирғизистондан энергетика вазири Досқул Бекмурзаев қўл қўйишган. Ҳужжат “Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги РИТМ-200Н реактор қурилмаси негизида кам қувватли атом станциясини қуришда” ҳамкорлик қилишни назарда тутади.

“Қирғизистонда бундай атом станцияси қурилиши мамлакатнинг энергетик мустақиллигига ёрдам бериши билан бирга, аҳолининг турмуш сифатига ва бутун Марказий Осиёнинг илмий-техник салоҳияти ривожланишига таъсир этади”, деган “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв.

Шунингдек, Россия давлат корпорацияси Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Тилек Айталиевнинг “энергиянинг экологик тоза манбаларини ривожлантириш долзарб дунё тенденцияси бўлиб, Қирғизистондан ундан орқада қолишни истамайди”, деган сўзларини келтирган.

Қирғизистон энергетика вазирлиги “Росатом” билан имзоланган ҳужжат юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

АҚШда “Навальний рўйхати” бўйича россиялик миллиардерларга қарши санкциялар ҳозирланди

Америкалик конгрессменлар 35 нафар россиялик, жумладан миллиардерлар, амалдорлар ва уларнинг яқин қариндошларига нисбатан санкциялар жорий этишга оид қонун лойиҳасини тайёрладилар. У исмлар бўйича Алексей Навальний жамоаси таклифлар қилган рўйхат билан бир хил. Ҳужжат The Washington Post нашри томонидан ёйинланган.

“Путиннинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун” дея номланган лойиҳа 150 нафар консерватив депутатдан ташкил топган “Республика тадқиқот қўмитаси” гуруҳи томонидан тайёрланган, деб ёзган нашр. Унинг муаллифи гуруҳ етакчиси бўлган Жим Бэнкс бўлиб, ҳужжат унинг 30 дан зиёд ҳаскасби томонидан дастакланган.

Ҳужжат АҚШ президентига санкция рўйхатидаги кишилар молк-мулкини блокировка қилиш ҳуқуқини беради, уларга мамлакат ҳудудига киришни таъқиқлаш мумкин бўлади. Қонун лойиҳаси Россияни террорчилик ҳомийси, Россия томонидан дастакланаётган донбасслик айирмачиларни эса террорчилар дея тан олишни талаб этади. Ҳужжат Россия давлат қарзи билан боғлиқ амалиётлар бўйича америкаликларнинг ҳаракат имкониятини сезиларли даражада чеклайди.

Роман Абрамович, Алишер Усмонов, Геннадий Тимченко ва Олег Дерипаска каби миллиардерлар; “Роснефть” ташкилоти раҳбари Игор Сечин, “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ва ВТБ банки президенти Андрей Костин; Москва шаҳри мэри Сергей Собянин, Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёв, Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов, ФХХ раҳбари Александр Бортников ва унинг ўғли Денис, Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев, Путин аппаратининг собиқ раҳбари Игорь Шувалов, Президент маъмуриятининг раҳбарлари, жумладан собиқ бош вазир Сергей Кириенко, амалдаги ҳукумат раҳбари Михаил Мишустин – жами 35 нафар кишига якка тартибдаги санкциялар жорий этиш таклиф қилинган.

Рўйхатга Россия давлат телеканали бўлмиш RTнинг раҳбари Маргарита Симоньян, Биринчи канал раҳбари Константин Эрнст, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳамда Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова ҳам киритилган.

Бундан ташқари, конгрессменлар АҚШ президенти командаси зиммасига қонун кучга кирганидан кейин ярим йил ўтиб Россия президенти Владимир Путин, унинг оила аъзолари ва Путин билан муносабатда экани айтиладиган гимнастикачи Алина Кабаеванинг шахсий бойлиги ва даромадлари манбаига оид ҳисобот тайёрлаш мажбуриятини юклашни таклиф қилишган.

Олмаота полицияси “жангарилар дафн этилган жойлар”га оид маълумотни очиқлади

Қозоғистонда январь воқеалари чоғида қурбон бўлган киши жанозасидан лавҳа

Олмаота полицияси 20 январь куни “оммавий тартибсизликларда иштирок этган жангарилар яширинча кўмилган жойлар” топилганини очиқлади.

Олмаота полицияси расмий вакили Салтанат Азирбекнинг билдиришича, жангариларнинг жасадлари бу жойларга “талончилар шахсини аниқлаш имконини йўққа чиқариш учун” кўмилганини маълум қилди. “Жасадлар ва улар дафн этилган жойлар сонига оид маълумотлар оператив сир ҳисобланиб, улар ошкор этилмайди”, дея таъкидлаган мулозима.

Қозоғистонлик ва хориждаги инсон ҳуқуқлари фаоллари аввалроқ бир неча бор қозоқ расмийларини январь воқеалари чоғида тинч аҳоли орасида қурбон бўлганлар ҳақида тўлароқ маълумот беришга чақиришган. 15 январь куни Қозоғистон Бош прокуратураси оммавий тартибсизликларда камида 225 одам қурбон бўлгани ҳақида баёнот тарқатган. Олмаотада, полиция маълумотларига кўра, ҳарбий бўлмаган фуқаролардан 149 киши нобуд бўлган. Аммо расмийлар қурбонларнинг қанчаси талончилар томонидан, қанчаси куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан ўлдирилганини очиқлашган эмас. Шунингдек расмийлар бевосита жиноят содир этаётган пайтида отиб ўлдирган “мародёрлар” сонини ҳам ошкор қилишмаяпти. Бу орада ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар тартибсизликларда иштирок этмаган ва жиноят содир этмаган, балки тасодифий ўққа учган ўнлаб киши ҳақида маълумот тўплашга муваффақ бўлганлар.

Январь воқеалари чоғида қурбон бўлганларнинг қариндошлари ўликхоналарда уларга яқинларининг жасадларини беришмаётгани ва ҳаттоки уларни ўлдирилган жойларидан олиб кетишга рухсат беришмаётганини айтишган эди. Уларга кўра, Олмаота ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларида жасадлар бир неча кун кўчада ётган: ҳарбийлар ҳатто уларнинг ёнига яқинлашишга ҳам изн беришмаган. Ақтўбелик 30 ёшли қурбон Русланбек Жубаназаровнинг оиласи журналистларга марҳумнинг жасадини бир неча кун давомида олишолмаганини айтишган. Расмийлар уни “террорчи” деб эълон қилиб, уни дайдилар каби умумий қабрга, ҳеч қандай белгисиз кўмишни талаб қилишган. Бу қабрнинг таърифи Олмаота полициясида маълум қилишгани билан жуда ўхшаш.

“Ўзини Берик Бисекенов дея таништирган полиция ходими бизга: “Жубаназаров – террорчи. Унинг жасади берилмайди. Уйларингизга тарқалинглар! Акс ҳолда, сизларни ҳам отиб ташлаймиз. Бизга бўйсинмаган ҳар қандай кишини ўққа тутишга буйруқ беришган” деди, деган марҳум Русланбекнинг онаси Жайнагул Бурқит қизи.

Гувоҳларга кўра, Олмаотада энг кўп тасодифий қурбон 6 январь куни майдонда оммавий тинч намойиш ўтаётган пайтда берилган. Аммо ўша оқшом майдонга ҳарбий кийимда бўлган бир неча киши келиб, тинч намойиш иштирокчилари ва тасодифан кўчадан ўтиб кетаётганлар кишиларни ўққа тутишган.

Расмийлар Олмаота ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларда намойишчилар ўққа тутилганини тасдиқлаётганлари йўқ, бироқ ўша пайтда Қозоғистонда расман “аксилтеррор амалиёти” ўтаказилганини урғулашмоқда. Эртасига, яъни 7 январь куни Қозоғистон президенти Тоқаев кучишлатар тузилмалар ходимларига огоҳлантирмасдан отишга буйруқ берган. Шундан сўнг расмийлар тинч намойиш иштирокчилари ва тасодифан ўққа тутилганлар тўғрисида лом-мим демай, январь воқеалари чоғида “террорчи” ва “мародёрлар” ўлдирилгани ҳақида гапира бошлаганлар.

ЖССТ коронавирусга қарши эмланмаганларга ҳам саёҳат қилиш учун рухсат беришни таклиф қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти - ЖССТнинг Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси жаҳон давлатларига барча фуқароларга саёҳат қилиш ҳуқуқини бериш ва давлатлараро чекловларни юмшатишни таклиф қилди.

Қўмита хулосасида таъкидланишича, саёҳатларни чеклаш ҳаракати коронавирусга қарши курашда самарали натижа бермади. “Омикрон” штаммининг кенг тарқалиб кетиши бунга мисол тариқасида келтирилган. Шу билан биргаликда ЖССТнинг Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси чекловлар кўп мамлакатларда “иқтисодий ва ижтимоий босимларни кучайтираётгани”ни эътироф этган.

Қўмита ҳукуматларга мамлакатга хориждан кириб келувчилар учун вакцина олиш талабини бекор қилишни ҳам тавсия қилди. ЖССТ бунинг ўрнига коронавирусга қарши тест тизимини мукаммалаштириш ва карантин чораларини кучайтиришни таклиф этмоқда.

Сўнгги бир сутка давомида жаҳонда 4 миллион 200 минг киши коронавирусга чалинди. Бу ўтган кунга нисбатан 400 минг кишига кўп. Пандемия бошланганидан бери жаҳонда 400 миллион кишига коронавирус юққан ва вирусдан камида 5,5 миллион киши вафот этган.

Қозоғистонда фаоллар “Январь воқеалари” юзасидан комиссия тузишни талаб қилмоқда

Нур-Султонда матбуот анжумани ўтказган фаоллар.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда фаоллар ва “Мамлакат тираги” ҳаракати аъзолари 20 январда матбуот анжумани ўтказди. Улар ҳукуматдан январь ойида Қозоғистонда юз берган норозилик намойишлари ва тартибсизликлар юзасидан мустақил тергов ўтказилишини талаб қилди.

Фаоллар фикрича, январь воқеалари юзасидан мустақил тергов ўтказиш учун фуқаролик жамияти ва мухолифат вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиши шарт.

Матбуот анжуманида фаоллар норозилик намойиши иштирокчиларига ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўлланилгани ортидан тартибсизликлар бошланиб кетганинини иддао қилдилар.

Уларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида тинч намойишга чиққанларнинг кўплиги, полиция норозиларга қарши ўқотар қурол қўллаганига далил бўла олади. Фаоллар норозилар томониан кучишлатар тузилмалари ходимларига нисбатан ўқ отилмаганини айтмоқдлар.

Эрон президенти Россия Давлат думасида НАТОнинг ҳалокатини башорат қилди

Эрон президенти Кремлда 19 январь куни Путин билан учрашди.

Эрон президенти Иброҳим Раисий 20 январь куни Россия Давлат думасида нутқ сўзлаб, яқин орада НАТОнинг тарқаб кетиши ва ҳалокатга учрашини башорат қилди. Унга кўра “НАТО турли баҳоналар билан мамлакатларнинг жуғрофий ҳудудларига кириб олиш билан шуғулланмоқда” ва “мустақил демократиялар ҳамда халқлар маънавиятига” қарши турмоқда.

Эрон президенти фикрича, НАТОнинг бу сиёсати унинг яқин орада тарқаб кетиши ва ҳалокатга учрашидан дарак беради.

Раисий ўз нутқида Россия президенти Владимир Путинга Эрон билан Сурия масаласида ҳамкорлик қилаётганига миннатдорчилик билдирди.

Эрон президенти 19 январь куни Москвага расмий ташриф билан келган эди. У Путин билан учрашуви пайтда Эрон-Россия муносабатларини “доимий ва стратегик аҳамиятга эга экани”ни алоҳида таъкидлади. У Владимир Путинга Россия билан келажак 20 йилга доир ҳамкорлик шартномаси лойиҳасини топширди.

Хабарда билдирилишича, 21 январь куни Ҳинд океанида Россия Хитой ва Эрон билан ҳамкорликда денгиз ҳарбий машғулотларини ўтказади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG