Линклар

Шошилинч хабар
22 июл 2018, Тошкент вақти: 02:15

GM Uzbekistanнинг арест қилинган машиналаридан камида 1500 таси Уфадаги жамлоқда занглаб ëтибди (ВИДЕО)


Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар Уфада сотилмасдан турибди

Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳри четида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган минглаб янги машиналар жамлоқда занглаб ëтгани ҳақида Озодликнинг Уфадаги мухбири хабар берди. Жамлоқни бориб кўрган мухбиримизнинг объект қоровулига таяниб айтишича, жамлоқда сақланаётган машиналарнинг ҳаммаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги машиналардир.

​GM Uzbekistan​ бренди - Ravonнинг Россиядаги ваколатхонаси мулозимига кўра, автомобиллар Россиядаги банклар талаби билан арест қилинган.

Мухбиримизнинг кузатишича¸ жамлоқдаги машиналар абгор аҳволда: кузовлари занглаган¸ резиналари чириган¸ офтоб ва ëмғирдан машина бўёғи хиралашган.

Олдинроқ россиялик блогерлар ўзбек автомобиллариниг Уфа жамлоғида қаровсиз ëтганини ëзган эди. Воқеани ўрганган Озодлик мухбири жамлоқ ўраб олингани ва ҳудуд видеокамера тизими ва махсус қўриқчилар назоратида эканлигини аниқлади. Баъзи блогерлар жамлоқдаги ўзбек машиналари сони беш мингта эканлигини айтмоқда.

Гвардейский кўчасидаги “ўзбек машиналари турмаси”

Ravonнинг Россиядаги ваколатхонаси мулозимининг исми сир қолиш шарти билан​ айтишича, айтишича “Уфанинг Гвардейский кўчасидаги жамлоқда GM Uzbekistanга оид банклар талаби билан арест қилинган 1500 та машина мавжуд”.

Дилерга кўра¸ бу машиналар банклардан олинган кредит масаласи ечилганидан кейин россиялик мижозларга сотилади:

"Уфадаги жамлоқда баъзилар айтгандек, 5 000 эмас 1 500 та машина турибди. Улар банклардан олинган кредитларни кризис боис қайтаришда қийинчиликлар туғилгани учун гаровдаги мулк сифатида арест қилинган. Ҳозир кризисни ҳатлаб ўтдик. Қарзларни тўлаб¸ машиналарни сотувга чиқарамиз. Машиналарни Ўзбекистонга қайтарилиши идеясига қўшилмайман. Ҳаражати кўпаяди. Уларни шу ернинг ўзида реализация қиламиз"¸ деди мулозим.

Уфадаги машиналар жамлоғи
Уфадаги машиналар жамлоғи

Унинг айтишича¸ Россиядаги банклардан "Ўзавтосаноат" олган кредитлар учун гаров сифатида қўйилган 17 минг автомобиль 2016 йилдан бугунга қадар ҳақдор банклар тарафидан арест қилинганича турибди.

Ўзбекистон банк тизимларида ишлайдиган мулозимнинг айтишича¸ Москвадаги икки тижорий банк - "Пересвет" банки ва "Сбербанк"дан машиналарни гаровга қўйиб, қарз олинишига Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар Миллий банки кафил бўлган.

Россияда минглаб "узбечка" занглаб ётибди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:19 0:00

“Қарз тўланмагунча машиналар занглаб ëтаверади”

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобиллар савдоси билан шуғулланувчи "RAVON МОТОРС РУС" вакили кредит эвасига гаровда турган машиналар ҳибсга олинганини тасдиқлаб¸ бу ҳолат "Россиядаги молиявий бўхрон ортидан кўпга келган тўй" эканини айтиб, муаммо “ечим тарафга қараб силжишига” умид билдирди.

Мулозимга кўра¸ Уфа жамлоғида қолаëтган машиналар Ўзавтосаноатнинг расмий дилери «УзДЭУ Авто-Уфа» томонидан ўз вақтида сотувга қўйилган.

- Ўтган йилнинг 4 июлида Бошқирдистон арбитраж суди «УзДЭУ Авто-Уфа»ни банкрот деб топиш ҳақидаги даъвосини қондирмади. Боз устига, встречний иск билан чиққан ООО «Башкирская строительная компания» фойдасига суд «УзДЭУ Авто-Уфа»дан 2,03 млн рубл ундирилди¸ деди мулозим. Унга кўра Ўзбекистондаги Avtosanoat invest ширкати муассислигида тузилган «УзДЭУ Авто-Уфа» Уфадаги Гвардейдкий кўчасидаги машиналар жамлоғи учун ижара ҳақини тўлай олмасдан қолган ва аснода унинг камомади ярим миллион рублдан ошиб кетган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган "Nexia " ва "Matiz" автомобиллари 2016 йилгача Россияда кўп сотилаётган хорижий автомобиллардан ҳисобланган.

"Россиядаги иқтисодий кризис ортидан ўзбек машиналари сотуви камайди", - деди Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг Россиядаги савдоси билан шуғулланувчи "RAVON МОТОРС РУС" вакили.

Унга кўра, Россия автомобиль бозорида Жанубий Кореянинг "КИА Рио", "Солярис" каби қатор маркалари савдога чиқиши билан, ўзбек машиналари бозори анча заифлашган.

GM Uzbekistanнинг арест қилинган машиналари Уфадаги жамлоқда занглаб ëтибди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:28 0:00

Озодлик, ўз ихтиёридаги маълумотларга таяниб, Россиянинг Воронеж, Липецк ва Ижевск шаҳарларида GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ директори, "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси раисининг собиқ муовини Тоҳиржон Жалилов ва унга яқин GM мулозимлари ширкат учун Россия банкларидан олинган кредитлар ҳисобидан хусусий мол-мулк ва бизнес тизимларини сотиб олганлари тўғрисида, кредитлар учун гаров сифатида қўйилган 17 минг автомобиль ҳозирда ҳақдор банклар тарафидан тортиб қўйилгани иддао қилинаётгани ва бу иддаолар қисман тасдиқлангани тўғрисида ёзган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG