Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:58

Ғужумсой олтин конида 31 яшар ишчини тоғ жинси босиб қолди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Навоий кон-металлургия комбинатининг Ғужумсой олтин конида руда қазиётган 31 яшар Олим Қўшмуродов 31 январь куни тоғ жинси босиб қолиши оқибатида воқеа жойининг ўзида вафот этди.

Марҳум ҳамкасбларининг айтишича, жаримадан қўрқиб берилган топшириқни тез бажариш учун ҳаракат қилган Олим ўз иш жойида хавфсиз ҳудуд ташкил қилмай ишлаган.

Ғужумсой олтин конининг техника хавфсизлиги бўлими бошлиғи Озодликка бу воқеага изоҳ беришдан бош тортди.​

Бу сўнгги бир йил давомида Озодлик хабар берган Жанубий кон бошқармасидаги олтинчи ўлим ҳолатидир.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган Ғужумсой олтин кони мутахассисларидан бири кон ковловчи(проходчик) Олим Қўшмуродовнинг ҳалок бўлганини тасдиқлади:

Ички аъзоларнинг шикастланиши оқибатида ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган.


“Олим Қўшмуродов янги очилган 04-05 блокда ишлаётган бўлган. Блокнинг эни 1,5-2 метр бўлган. Проходчик ишлаётган пайтда блокнинг бир томони узунасига ёрилиб, унинг елкасидан иккинчи томонга қисиб қўйган. Ички аъзоларнинг шикастланиши оқибатида ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган. Кеча суд-тиббий экспертизаси ўтказилди. Марҳумнинг ўпкаси, талоғи, қовурғалари эзилган, бўйин умуртқаси ва қовурғалари синган”.

Исми сир қолишини сўраган кон ишчиларидан бирининг иддао қилишича, берилган топшириқни бажармагани учун ишчилар жаримага тортилиши сабабли, улар техника хавфсизлигини унутиб, тезроқ ва кўпроқ ишлашга ҳаракат қилади:

Техника хавфсизлигини бу пайт ҳеч ким ўйлаб ўтирмайди. Ура қилиб ковлаб кетаверади.


“Кончиларга ҳаддан ташқари кўп нагрузка қўйилган. Агар унга берилган топшириқ бажарилмаса, ишдан чиққанидан сўнг тушунтириш хати ёзиб бериши керак. Бу тушунтириш хатлари уларнинг ойлик маошлари 50, баъзан 100 фоизгача кесилишига баҳона бўлади. Шунинг учун ҳаммамиз ҳам планни бажарайлик, маошимиздан кесиб қолмасин деб қаттиқ ишлаймиз. Техника хавфсизлигини бу пайт ҳеч ким ўйлаб ўтирмайди. Ура қилиб ковлаб кетаверади. Шунинг учун ҳам сўнгги пайтларда бундай ҳодисалар кўп содир бўлмоқда”.

Ғужумсой олтин конининг техника хавфсизлиги бўлими бошлиғи Эркин Мусурмонов Озодликка бу воқеага изоҳ беришдан бош тортди.

Бундан олдин ҳам Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли конларда бир неча фожиа рӯй берган.

Бу сўнгги бир йил давомида Озодлик хабар берган Жанубий кон бошқармасидаги олтинчи ўлим ҳолатидир.

2019 йилнинг 22 ноябрь куни Жанубий кон бошқармасининг Зармитон олтин конида тунда ишлаган икки нафар кончини тоғ жинслари босиб қолди.

2019 йилнинг 25 июль куни Зармитон конининг ГДУ-3 участкаси шахтасида 38 яшар ишчи Шуҳрат Тилавов​ тош босиб қолиши оқибатида нобуд бўлган эди.

2019 йилнинг 9 май куни Самарқанд вилояти, Қӯшработ тумани ҳудудида жойлашган “Ғужумсой” олтин конида газ тўпланиб қолиши оқибатида икки кончи заҳарланиб ўлгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

2018 йилнинг августида "Ғужумсой" олтин конида устига тоғ жисми қулаб тушиши оқибатида бир кончи ҳалок бўлганди.

2018 йилнинг январида Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бошқа бир конда 30 дан ортиқ олтин қазувчи қолиб кетган ва бир кишининг жасади қазиб олинган эди.

Нурота тоғларининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Зармитон олтин конларида қазиб олиш ишлари 1978 йилдан буён олиб борилади.

Бу конлардан асосан олтин, кумуш, вольфрам, қўрғошин, руҳ ва бошқа металлар рудаси қазиб олинади. Зармитон ва 2010 йилда очилган янги Ғужумсой конлари Навоий кон- металлургия комбинатининг Жанубий кон бошқармасига қарашлидир.

XS
SM
MD
LG