Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 07:34

Беҳзод Аҳмедов: Гулноранинг энг катта хатоси мени Интерполга бериш бўлди!

  • Озодлик

Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистон ИИВ томонидан 2012 йилнинг 15 июнь куни Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди.

Стокҳольм маҳкамаси жамоатчилик учун очиқ ҳужжатлар сирасига киритган тергов материалларининг Озодлик танишган иккинчи ҳужжати 2015 йили Швейцария прокурорларининг Гулнора Каримованинг энг яқин бизнес шериги Беҳзод Аҳмедов билан ўтказган сўроғидир. Москвада тўрт кун давомида тўрт нафар терговчи томонидан ўтказилган бу сўроқ-жавобда Беҳзод Аҳмедов¸ Гулнора Каримова жиноятларига оид кенгроқ тафсилотларни тақдим этган.

Ўзи ўзига адвокат

2015 йилнинг май ойида Россия Бош прокуратурасининг Москвадаги идорасида Швейцария федерал прокуратураси ва федерал криминал полициясининг тўрт терговчиси МТС-Ўзбекистон ширкати собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовни тўрт кун сўроқ қилади.

12 майдан 15 майга қадар давом этган тергов¸ Швейцария прокуратураси Беҳзод Аҳмедовга қарши очган жиноий иш доирасида федерал прокурор Патрик Ламон (Patrick Lamon) раҳбарлигида ўтказилади.

Тергов бошланишида прокурор Беҳзод Аҳмедовдан ташқари Рустам Мадумаров¸ Гулнора Каримова¸ Гаяне Авакян¸ Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировларга қарши пул ювиш ва яна бошқа айблар бўйича жиноий иш қўзғатилганини билдиради.

Швейцария қонунчилигида кўзда тутилган ҳақ-ҳуқуқлари билан таништирилган Беҳзод Аҳмедов¸ саволларга адвокатсиз ўзи жавоб беришга қарор қилганини айтади.

12 май куни Москва вақти билан тунги соат 11 да бошланган терговнинг биринчи сессиясида Аҳмедов асосан ўзи 10 йилдан кўпроқ бошқарган “Ўздунробита” ширкатининг Гулнора Каримова билан алоқаси¸ ширкат аксар акцияларининг америкалик инвесторлар ва Ўзбекистон ҳукуматидан Каримова қўлига ўтиш жараëни билан боғлиқ саволларга жавоб беради.

Беҳзод Аҳмедов оиласи билан.
Беҳзод Аҳмедовнинг 2012 йил 10 сентябрида Россия терговида берган гувоҳлик кўрсатмаси протоколи

Бу саволларга Аҳмедов¸ асосан¸ 2012 йил 12 сентябрь куни Россия Тергов департаменти терговчисига берган жавобларни такрорлайди ва Каримованинг бир тийин инвестиция қилмай туриб¸ Ўзбекистондаги барча мобиль алоқа операторлари ва мамлакат телекоммуникация соҳасини босиб олганини ҳикоя қилади.

“Гулнора нима ниятда сизни “Ўздунробита”га бош директор қилиб тайинлади?”

Швейцария терговчиларининг бу саволига Беҳзод Аҳмедов¸ 2002 йилда телекоммуникация соҳасида “ҳаводан пул қилиш” мумкинлигини тушунган Гулнора Каримовани фақат бир нарса – пул қизиқтирганини айтади.

“У “Ўздунробита”га бир тийин ҳам пул сарфламай¸ ширкатни қўлига олди ва уни МТСга 350 миллион долларга сотди”¸ деган Аҳмедов Каримова муносабатларини тасвирлашга ўтади.

Гулнора Каримова билан шахсий муносабатларим нотекис эди. Бир томондан¸ у ўзини менга дўстдек тутарди¸ бошқа томондан¸ ўзини мен бошқарувчиси бўлган ширкат аукционери деб биларди. Учинчидан¸ менга ўзидан катта қарзи бор одамга қилгандек муомала қиларди. Шунингдек¸ менга исталган пайт соғиладиган соғин сигир деб қарарди. У бир қарасанг¸ мени туғилган куним билан табриклар¸ бир қарасанг¸ қамоқда чиритаман¸ деб таҳдид қиларди. Бир томондан¸ мени туғилган кунига таклиф қилса¸ бошқа томондан¸ ота-онамнинг четга чиқишини тақиқлаб¸ уйларимни тортиб олишга уринарди. Мен учун Гулноранинг кимлигини аниқ айтиш қийин. У менга қулига қарагандек қарарди. Лекин мен ўзимни ҳеч қачон унинг қули деб билмаганман. Қарорларни мен берардим¸ Гулнора чегарадан ошмагунча¸ маъқуллаб бош ирғиб турардим¸ аммо бу чегара оиламга келганда тугарди. Аслида¸ менда кўп ҳам танлов йўқ эди. Жиннихонага тушишим ҳеч гапмасди! У мени ҳатто ўлдириб юбориши мумкин эди. Чунки Гулнора ўзини энг қудратли аëл деб биларди”¸ дейди Швейцария терговчиларига Беҳзод Аҳмедов.

Бир кечада 50 миллион доллар тўлаш талаби

Аҳмедовга кўра¸ 2007 йили “Ўздунробита”ни МТСга 350 миллион долларга сотиб¸ ширкат акционерлари сафидан чиққан Гулнора Каримованинг бу ширкатдан пул ундириш ҳаракатлари тўхташ ўрнига¸ аксинча¸ янада кучайган.

Аввалига акционер сифатида қилинган иқтисодий талаблар ўрнини энди очиқ қароқчилик эгаллаганини айтган Аҳмедовга кўра¸ Каримова МТС-Ўзбекистон директори сифатида ўзидан бир кунда “Ўздунробита” ҳисобида турган 50 миллион долларни беришни талаб қилган.

Система” (МТСнинг мулкдори бўлган гуруҳ¸ эгаси россиялик миллиардер Евтушенков-таҳр.) “Ўздунробита” орқали “Ўзпромстройбанк” акцияларини сотиб олмоқчи бўлди. Улар нархи 50 миллион доллар эди. Банкни олишга Гулнора ҳам қизиқди. Буни эшитиб¸ “Система” режасидан қайтди¸ аммо Гулнора “Ўздунробита” активида 50 миллион доллар нақд пули бор¸ деган тўхтамга келди ва олдимга Нодир исмли ëрдамчисини юбориб¸ бир куннинг ичида 50 миллион долларни ўзига етказишни талаб қилди”¸ деб ҳикоя қилган Аҳмедов¸ масалани муҳокама қилиш учун Гулнора Каримова билан юзма-юз учрашишни талаб қилганини айтади.

Тошкентдаги Гулнорага қарашли "Fashion Bar"да гаплашдик. Мен унга бу ишни қилолмаслигимни айтдим. У менга¸ “қамоққа тиқишдан бошқа чора қолдирмадинг”¸ деди. Мен унга¸ бу ишни қилсам ҳам қамоққа тушишим аниқлигини айтдим. Агар мен бир чора топмасам¸ шубҳасиз¸ у мени қамоққа ташларди. 2012 йилги кунлар¸ 2008 йилдаëқ бошимга тушиши мумкин эди. 50 миллионни қандай қилиб бўлса ҳам тўлашимни айтиб¸ мен ўз умримни узайтирдим¸ холос. Бу Гулнора Каримова билан чиққан энг оғир конфликт эди. У қудратли президентнинг ниҳоятда қудратли қизи эди¸ ундан қўрқмаслик мумкин эмасди”¸ деб кўрсатма беради Беҳзод Аҳмедов.

“Takilant” муаллифи менман”

TeliaSonera, VimpelCom ва МТС ширкати Гулнора Каримовага берганини тан олган бир миллиарддан доллардан ошиқ порани ўзлаштиришда марказий роль ўйнаган Takilant Ltd асосчиси¸ Беҳзод Аҳмедов кўрсатмасига мувофиқ¸ айнан унинг ўзидир.

Аҳмедов айтганларидан англашилишча¸ 2005 йилда Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant оффшор ширкати айнан хориж телекоммуникация ширкатларининг Гулнора Каримовага берадиган миллионлаб доллар порани легаллаштириш воситаси сифатида тузилган.

Мен учун Takilant Гулнора талаб қилган 50 миллион долларни пул ëки акциялар билан тўлаш воситаси эди. Takilant нинг телекоммуникация соҳасидаги концепцияси ва стратегиясини мен ишлаб чиққанман”¸ деган Аҳмедов¸ МТС ва TeliaSonera берган поранинг бир қисмини (2007 йил)¸ айнан Гулнора ўзига илиб қўйган 50 миллион долларлик қарзни узиш учун Takilant ҳисобига ўтказганини айтади.

Бу иқрордан сўнг Аҳмедов¸ уч хориж мобиль алоқа оператори – МТС¸ VimpelCom ва TeliaSoneraнинг Ўзбекистон телеком бозорига киришида ўзи воситачилик қилгани ва бу жараëнга ҳам Каримова қўйган қарзни тўлаш босими остида кирганини айтади.

Тўрт кунлик сўроқ давомида Аҳмедов Takilant ширкатининг қолган бошқарувчиларига оид айрим маълумотларни ҳам тақдим этади.

“150 миллион доллар ëки ўлим”

Беҳзод Аҳмедовнинг Швейцария терговчиларига 2015 йил майида берган кўрсатмасида айтилишича¸ Гулнора Каримованинг қароқчилик иштаҳаси ошгандан-ошиб борган ва 2012 йилга келиб у энди ўзидан 150 миллион доллар беришни талаб қилишга ўтган.

Ўзбекистонни тарк этишимдан аввал у мен президент бўлган “Ўздунробита” ҳисобидаги 150 миллион долларни беришни талаб қилди. Шунда мен унинг нияти фақат пул эмас¸ мени бутунлай йўқ қилиш эканини тушундим”¸ дейди Беҳзод Аҳмедов.

Кўрсатма давомида Аҳмедов¸ Гулноранинг бундай босимларига чидаб бўлмай қолганини айта туриб¸ унга ишлаган аëллардан бирининг Гулнора таҳдидларидан қўрқиб¸ уксус ичиб ўзини ўлдирганини тасдиқловчи қандайдир ҳужжатларни терговчиларга тақдим этади.

Гулноранинг энг катта хатоси...

Ўлим таҳдиди остида қолганидан 2012 йил 6 июнь куни Ўзбекистондан қочиб чиқишга мажбур бўлганини айтган Аҳмедов¸ 15 июнь куни Гулнора буйруғи билан ўзининг пул ювишда айбланиб “шоша-пиша” Интерпол орқали халқаро қидирувга берилганига тўхталади.

“Бу Гулнора Каримованинг энг катта хатоси эди”¸ деган Аҳмедов¸ номи пул ювиш билан боғланиши ҳамоно банклар¸ хусусан¸ Швейцария банкларидаги ўз ҳисобларига “қизил чироқ” ëқилганини айтади.

Аҳмедовга кўра¸ у Lombard Odier (LODH) банкида Гулноранинг ўз номига ҳисоб очиб¸ унга юзлаб миллион доллар ва бошқа қимматбаҳо ашëлар қўйганидан мутлақ бехабар бўлган.

"Алишер ва Шоҳруҳ Гулнора номидан келиб¸ менга оппоқ қоғоз ëки менга кўрсатилмаган ҳужжатлар тагига қўл қўйдириб кетишарди. Йўқ дейиш мумкин эмас эди. Ана шундай қоғозлар орасида¸ тахминимча¸ менинг номимга банк ҳисоби очиш ëки кўчмас мулк сотиб олиш ҳақидаги ишончномалар ҳам бўлган. Швейцария банкида ҳисоб очиш учун номига ҳисоб очиладиган шахснинг ўзи бориши шарт эмас"¸ деб изоҳлашга уринади Гулнора Кaримованинг ўз номига Lombard Odier банкида ҳисоб очганидан бехабарлигини Аҳмедов.

Айни пайтда¸ Беҳзод Аҳмедовнинг мазкур ҳизобдаги миллионлаб пулларни чиқариб олишидан қўрққан Гулнора¸ аввалига бу ҳисобдаги пулларни олишга ҳақли деб кўрсатилган Гаяне Авакянни¸ унга берилмагач¸ Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собировни Женева банкига юборади.

Авакянннинг икки юз миллионга яқин долларни чиқариб олиш сўровини рад қилган Lombard Odier¸ Эргашев ва Собиров айни талаб билан келганда¸ молиявий полицияга хабар беради ва улар ҳибсга олинади. Гулнора Каримованинг югурдаклари¸ кўп ўтмай унинг ўзига қарши Швейцарияда жиноий иш очилишига¸ 2012 йилнинг 30 июнь куни содир бўлган ана шу воқеа асос бўлади.

Швейцария федерал прокуратурасининг молиявий жиноятлар бўйича федерал терговчиси Патрик Ламон етакчилик қилаëтган бу жиноий иш ҳозирга қадар давом этмоқда¸ ишнинг қачон маҳкамага оширилиши ҳақида ҳозирча расмий хабар йўқ. Тергов билан кўнгилли равишда ҳамкорлик қилаëтган Беҳзод Аҳмедовга қўйилган айбларнинг олиб ташланган-ташланмагани ҳақида ҳам ҳозирча маълумот йўқ.

Гулнора Каримовадан қочиб¸ унинг империяси қулашига хорижда ҳуқуқий замин яратган Беҳзод Аҳмедовнинг¸ 2012 йилдан бери Россия ҳуқуқ тизимлари гувоҳ сифатида берган хавфсизлик кафолати остида ҳамон Россияда яшаëтгани айтилади.

Айни пайтда¸ Швейцарияда бошланиб¸ сўнгра Швеция¸ Франция¸ Ҳолландия¸ Латвияга кўчган жиноий ишлар якунига етмай туриб¸ бу ишларга фигурант бўлганларнинг барчаси Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ маҳкама ҳукми билан қамоққа ташланди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси жорий йил 27 июлида эълон қилган расмий баëнотга кўра¸ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Гулнора Каримова Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG