Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:35

Гулнора Каримова "уйда" экани айтилганидан бир кун ўтиб¸ Дубайга Гулнора Каримова исмли VIP меҳмон келди


Гулнора Каримовани Дубайда кутиб олиш ва жойлаштиришга оид ички маълумотномага унинг ана шу сурати илова қилинган.
Гулнора Каримовани Дубайда кутиб олиш ва жойлаштиришга оид ички маълумотномага унинг ана шу сурати илова қилинган.

1 октябрь куни қизи Имон Каримова онасининг "уйда" эканини эълон қилганидан бир кун ўтиб¸ Озодликка бир-биридан мустақил манбалардан келган ва жараëнга бевосита алоқадор маҳаллий хизматчилар томонидан тасдиқланган ҳужжат-далилларга кўра¸ 2 октябрь куни Гулнора Каримова деган VIP меҳмон Дубайга келган.

3 октябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси "Гулнора Каримованинг қонунда назарда тутилган тарзда Ўзбекистонда жазо ўтамокда"¸ деган баëнотни яна бир бор такрорлади.

VIP меҳмон

Гулнора Каримова исмли меҳмоннинг Бирлашган Араб амирликларига етиб келганини Озодликка уни 2018 йилнинг 2 октябрь куни Дубайда шахсан кутиб олиш ва жойлаштириш жараëнида қатнашган аэропорт ва меҳмонхона ходимлари тасдиқлади.

Озодликка Каримованинг Дубайга олиб келинишини бевосита ташкиллаштирган шахслардан бири юборган ҳужжатга кўра¸ VIP меҳмон сифатида қайд этилган Гулнора Каримова хусусий самолëтда 2 октябрь маҳаллий вақт билан соат 14 да Дубайга келиб қўнган ва шундан сўнг амирликдаги энг қиммат меҳмонхоналардан бирида ўрнашган.

Гулнора Каримова ҳақида Дубай меҳмонхонаси хизматчиларига тарқатилган маълумотнома нусхаси.
Гулнора Каримова ҳақида Дубай меҳмонхонаси хизматчиларига тарқатилган маълумотнома нусхаси.

Каримовани кутиб олувчи¸ унга хизмат кўрсатиш¸ хусусан¸ хавфсизлигини таъминлашга масъул хизматчиларга тарқатилган VIP меҳмонга оид маълумотномада¸ Каримованинг Ўзбекистоннинг 2016 йилда вафот этган президентининг тўнғич қизи экани ва Ўзбекистонда қатор ноҳукумат ташкилотлари асосчиси ва раҳбари экани айтилган ва унинг Монакодаги форум логоси фонида тушган сурати илова қилинган.

Озодликка Каримова ва унинг шахсий қўриқчилари жойлашган меҳмонхона¸ уларнинг айнан қайси хоналарда яшаëтганига оид аниқ маълумот бор¸ аммо хавфсизлик ва шахсий ҳаëт дахлсизлиги нуқтаи назаридан уларни эълон қилмаëтир.

(Озодлик таҳририяти Каримованинг Дубайга келганига оид ҳужжатларни¸ уларни юборган шахслар хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида жамоатчиликка эълон қилмасликка қарор қилди.)

Ҳужжатдан Дубай меҳмонхонасининг энг юқори қаватидаги бешта Deluxe Resort номери Каримова ва унга ҳамроҳлик қилаëтганлар томонидан икки ҳафтага олингани кўрилади.

Гўшакни "Гулнора Каримова" кўтарди

Озодлик Гулнора Каримова жойлашган меҳмонхонанинг бир неча расмийси билан боғланди. Бир-биридан мустақил тарзда бу хизматчилар 2 октябрь кун мазкур меҳмонхонага Гулнора Каримова исмли меҳмоннинг жойлашгани ва ҳозирда ҳордиқ чиқараëтганини тасдиқлади.

“Гулнора Кaримова ҳозир билишимча пляжда¸ у билан боғлана оласизми-йўқми билмадим. Лекин кеча уни кутиб олганимизда Каримова хоним бизнинг хизматларимиздан мамнунлигини яширмади”¸ деди Каримова жойлашган меҳмонхона расмийларидан бири.

Озодлик 3 октябрь куни Гулнора Каримова жойлашган хона билан боғланди.

Гўшакни кўтарган аëл “Гулнора¸ сизми?”¸ деган саволга “ҳа” деб жавоб берди ва ким телефон қилганини сўраб¸ дарҳол трубкани қўйиб қўйди.

Бу қисқа суҳбатдан кейин Каримова жойлашган хона билан қайта боғланиш уринишлари натижасиз қолди. Бу қўнғироқдан сўнг меҳмонхона хизматчилари Гулнора Каримова деган меҳмонга оид бирор маълумот бера олмасликларини айтишга ўтди.

Меҳмонхона раддияси

Имон Каримованики эканига ишониладиган Instagram саҳифасида "онам уйда" деган ëзув чиққанидан бир кун ўтиб Дубайдаги қиммат меҳмонхоналардан бирига хусусий самолëтда қўриқчилар ҳамроҳлигида келган VIP меҳмон Гулнора Каримова айнан Ўзбекистон марҳум президентининг қизими¸ деган савол билан Озодлик меҳмонхона менежерларидан бирига боғланди.

VIP меҳмонларга хизмат кўрсатиш бўлими раҳбари (исми-шарифи ошкор қилинмаëтир) 2 октябрь куни ўз меҳмонхонасининг беш хонасини икки ҳафтага олган меҳмоннинг Гулнора Каримова экани¸ Озодликка юборилган меҳмонга оид ички маълумотноманинг ҳақиқий эканини тасдиқлади.

Аммо бу мулозим¸ айни номдаги меҳмоннинг Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғичи Гулнора Каримова эканини рад қилди.

"Гулнора Каримова исмли шахс бизнинг меҳмонхонамизни брон қилганидан кейин¸ хизматчиларимиз бу номни Google қилишган ва биринчи бўлиб Ўзбекистон марҳум президентининг қизига оид маълумот чиқиб келган. Шундан кейин у фақат ички фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотнома тайëрлаб¸ уни Каримовани кутиб олишга бевосита алоқадор шахсларга тарқатган. Мен Каримовани шахсан кўрганим йўқ ҳозирча. Лекин билишимча¸ кеча келган Гулнора Каримова Ўзбекистон президентининг қизи эмас¸ бошқа Гулнора Каримовадир. Биз хизматчиларимизга е-майл жўнатиб¸ олдинги маълумотномада нотўғри информация кетганидан огоҳлантирдик"¸ деди Гулнора Каримова икки ҳафтага жойлашган меҳмонхона менежерларидан бири.

Бу суҳбатдош Озодликка ўз меҳмонхонасида қолаëтган Гулнора Каримованинг қайси давлат ватандоши экани ¸ унинг ëши ëки кўринишига оид маълумот беришни истамади.

"Сизга ишонч билан айтишим мумкин бўлгани¸ бизнинг VIP меҳмонимиз Гулнора Каримова Ўзбекистон эмас¸ бошқа давлат паспорти эгасидир. Унинг ëши ҳам Каримовнинг тўнғич қизиникидан анча ëш"¸ деди Озодлик гаплашган Дубай меҳмонхонаси менежери.

Имон Каримова: "Онам уйда". Прокуратура: Каримова жазони ўтамоқда!

1 октябрь куни Гулнора Каримованинг қизи Имон Instagram саҳифасида “Онам уйда” деган ëзув қолдирди¸ аммо айнан қайси давлат ва қайси шаҳардаги “уйи”да эканини очиқламади.

Озодликка август ойида маълумот юборган Ўзбекистон ҳуқуқ тизими мулозими Каримованинг Содиқ Азимов кўчасидаги уйига чиқарилгани ва бу ерда махсус қўриқланаëтганини билдирган эди.

2 октябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликнинг Гулнора Каримова ҳозир қаерда¸ деган саволига “Гулнора Каримова қонун билан белгиланган тартибда жазо ўташни давом этмоқда”¸ дея жавоб берди¸ аммо айнан қаерда¸ қандай жазони ўтаëтганига аниқлик киритмади.

2017 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси Бош прокуратура расмий сайтида "Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар" эълон қилган эди.

2-3 октябрь кунлари Бош прокуратура расмий сайтидан топилмаган бу ҳужжатда¸ Гулнора Каримовага Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани айтилган эди.

Айни баëнотда¸ “Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилаëтгани ва унга нисбатан Жиноят кодексининг олтита моддаси бўйича айблов эълон қилиниб¸ қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани" ҳам айтилган эди.

Каримова Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик¸ ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик йўли билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда бекитиш каби жиноятларда айланаëтган эди.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида Каримовага нисбатан жиноят ишининг ëпилган-ëпилмагани ҳақида маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG