Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:01

Ҳаага суди Путинни ҳибсга олишга ордер берди. Бу нима дегани?


Россия президенти Владимир Путин ва Болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Львова-Белова. Москва, 16 февраль, 2023
Россия президенти Владимир Путин ва Болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Львова-Белова. Москва, 16 февраль, 2023

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни ҳамда Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Бу иккиси ҳарбий жиноятларда, аниқроғи Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларидан аҳолини, хусусан, болаларни мажбурий депортация қилиш ва кўчиришда гумонланмоқда. Халқаро ҳуқуқ ушбу жиноятларни геноцид деб баҳолаши мумкин.

Суд сайтида таъкидланишича, Путинни эҳтимолий жиноятлар учун шахсан жавобгар деб ҳисоблашга мантиқий асослар мавжуд.

Хўш, Путин сўроқ бериши учун суд қаршисига келтириладими? Уни ҳибс этишга ордер берилиши ортидан қандай воқеаларни кутиш мумкин?

– Ордер берилиши бу – Халқаро жиноят суди статути иштирокчиси бўлмиш давлатлар ҳибсга олиш қарорида назарда тутилган шахс уларнинг ҳудудига кирганида уни қўлга олиб, Ҳаагадаги Халқаро жиноят судига топширишга мажбурлигини билдиради, – дейди АГОРА ҳуқуқбонлик гуруҳи аъзоси, халқаро юрист Кирилл Коротеев.

Қуйида унинг Озодлик рус хизматига берган интервьюси эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

- Ушбу статутга қўшилган ва назарий жиҳатдан, Владимир Путинни ҳатто у расмий ташриф билан келган тақдирда ҳам ҳибсга олиши мумкин бўлган мамлакатлар айни пайтда нечта?

Кирилл Коротеев: Адашмасам, 123 та. Собиқ СССР таркибига кирган республикалардан, янглишмаётган бўлсам, Болтиқ мамлакатлари, Грузия ва Тожикистон ушбу статутни ратификация қилган. Украина Халқаро жиноят суди юрисдикциясини 2014 йил воқеаларидан кейингина тан олди. Яъни, ратификация қилмасдан юрисдикциясини тан олди – шунақаси ҳам бўлади.

Бироқ ҳибсга олиш ордери автоматик тарзда ишламайди. Масалан, Судан президенти Умар ал-Башир ордер берилганига қарамай, статутни ратификация қилган давлатларга бемалол бориб келган. Тўғри, Жанубий Африкада муаммо туғилган эди, лекин Жанубий Африка Республикаси судининг ал-Баширни қамоққа олиш ҳақидаги қарори у жўнаб кетганидан кейин чиқди, аниқроғи, атайлаб кечиктирилди. Хуллас, амалиёт шуни кўрсатадики, ҳатто статут иштирокчиси бўлган давлатлар ордерни ҳар доим ҳам ижро қилавермайди.

- Шундай бўлса ҳам, Владимир Путин расмий ташриф билан Анқарага ёки бирон халқаро саммитга, масалан, ШҲТ йиғинига борди, деб тасаввур қилайлик. Мамлакат президенти мақомида борди. Статут иштирокчиси бўлган мамлакат раҳбариятининг сиёсий иродаси етса, уни шу ордер бўйича ҳибс қилишлари мумкинми?

Кирилл Коротеев: Бу аслида сиёсий ирода эмас, балки юридик мажбурият масаласидир. Шу маънода Тожикистон ҳам ёки, масалан, Чехия Республикаси ҳам Путинни қўлга олиб, Ҳаагага топширишга бирдек бурчли. Бироқ реал ҳаётда, табиийки, сиёсий омиллар амал қилади. Бошқа тарафдан, Халқаро жиноят суди статути давлат раҳбари иммунитетини тан олмайди, бинобарин Владимир Путин давлат раҳбари сифатида расман бирон давлатга ташриф буюрган тақдирда ҳам бу уни ҳибсга олишга тўсиқ бўлмаслиги керак. Путин сўнгги йилларда хорижга жуда кам чиқадиган бўлиб қолган эди, бу воқеадан кейин бутунлай тўхтатиб қўядими, йўқми, билмайман, аммо эндиликда Россия томони мезбон мамлакатларнинг халқаро юридик мажбуриятларига жуда жиддий қарай бошлаши аниқ.

- Хитой ХЖС статути иштирокчисими, йўқми?

Кирилл Коротеев: Йўқ. Хитой, АҚШ, Исроил ва яна тахминан етмиштача давлат статутга қўшилмаган.

- У ҳолда Владимир Путин ҳибсга олишларидан қўрқмасдан бу мамлакатларга бориши мумкинми?

Кирилл Коротеев: Такрор айтаман, ҳатто статут иштирокчиси бўлган давлатларга бориш ҳам ҳаммавақт хавфли бўлавермайди. Ана, Умар ал-Башир статутни ратификация қилган мамлакатларни эмин-эркин кезиб юргану охир-оқибат ўз юрти Суданда исёнчилар томонидан қўлга олинган. Бироқ, ҳар ҳолда статут иштирокчиси бўлмаган давлатлар номига ордер ёзилган одамни ҳибс қилиб, Ҳаагага топширишга мажбур эмас.

- Владимир Путин ўз сафарларида учоқдан тобора кам фойдаланяпти. Шунга қарамай, яна бир вазиятни фараз қилайлик: дейлик, Путин бирон дўст мамлакатга боришни ихтиёр этиб, учоқда йўлга тушди, учоқ статут иштирокчиси бўлмиш учинчи мамлакатнинг ҳаво ҳудудига кирди. Бу мамлакат Путиннинг учоғини мажбуран қўндириши мумкинми?

Кирилл Коротеев: Йўналишни белгилашда сиз фараз қилган эҳтимоллар ҳисобга олинади, албатта. Умар ал-Башир баъзан ўз парвоз йўналишларини ўзгартиришга мажбур бўлганидан хабаримиз бор. Лекин бу вақт ва ёқилғи сарфи масаласи, холос. Айни чоғда назарий жиҳатдан учоқни учинчи мамлакатда мажбуран қўндириш имконияти бўлишини истисно этмайман.

- Россиянинг ўзида Владимир Путинни ёки бола ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Беловани ушбу ордер бўйича ҳибсга олишлари мумкинми?

Кирилл Коротеев: Буни тасаввур қилиш қийин, чунки Россияда лоақал давлат раҳбари сифатида иммунитетдан фойдаланади, бинобарин уни фақат Конституцияда назарда тутилган тартиб-таомиллар бўйича жиноий таъқибга олиш мумкин. Львова-Белова хоним эса ушбу ҳолатда оддий фуқаро – Россия ҳукумати уни Жиноят-процессуал кодексга риоя қилган ҳолда қамоққа олдириши мумкин. Россия терговчиси ёки прокурорида Львова-Белова хонимни айблаш учун бирон нима бор ёки йўқлиги эса бошқа масала. Билишимча, ҳозирда уни ҳеч ким айбламоқчи эмас.

Украинага босқин: 390-кун | Европа Иттифоқи Украинага 2 миллиард евролик ўқ-дори беришни режаламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:51 0:00

- Россиянинг Халқаро жиноят суди олдида мажбурияти борми, у статутга қўшилганми?

Кирилл Коротеев: Йўқ, Россия бир пайтлар уни имзолаган, лекин кўп йиллар олдин ушбу ҳужжатни ратификация қилмоқчи эмаслиги ҳақида расман баёнот берган. Демак, Халқаро жиноят суди кўрсатмасини бажаришга мажбур эмас.

- Халқаро жиноят суди ордерининг амал қилиш муддати бўладими? Яъни ордер қачонгача кучида бўлади?

Кирилл Коротеев: Халқаро жиноят суди статути юрисдикциясидаги жиноятларнинг ҳеч қачон муддати ўтиб кетмайди, бинобарин, ордер – то у ижро этилмагунича ёки номига ордер берилган шахс вафот этмагунча амалда бўлади. Ёхуд Халқаро жиноят судининг ўзи қарорини қайта кўриб чиқиб, ордерни бекор қилдириши мумкин, лекин бунақа эҳтимол жуда кам.

- Ордер берилиши воқеасига амалий эмас, балки сиёсий ёки рамзий нуқтаи назардан қаралса, Халқаро жиноят суди жаҳон ҳамжамияти ва Владимир Путинга қандай мужда йўлламоқда?

Кирилл Коротеев: Мен юристман, масаланинг фақат ҳуқуқий жиҳатларини изоҳлай оламан, сиёсий ёки рамзий жиҳатларини эмас. Менга Халқаро жиноят суди прокурори Путинни суд қилиш учун параллел трибунал ташкил этилиши ҳақидаги гап-сўзлардан катта босим остида қолиб, бошқа ҳеч қанақа трибунал керак эмаслигини кўрсатиб қўйиш мақсадида ордер бергандек туюлмоқда. Бу битта омил. Бошқа томондан, Халқаро жиноят суди прокурори уни Афғонистондаги АҚШ ҳарбийларига нисбатан терговни тўхтатгани учун эмас, катта ва шов-шувли бу иш билан одамлар ёдида қолишни истамоқда.

- Бироқ халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан Владимир Путин ҳозирча жиноятчи эмас, балки ўта оғир жиноятларни содир этганликда гумонланаётган шахс, тўғрими?

Кирилл Коротеев: Суднинг кучга кирган ҳукми йўқ экан, ҳеч ким уни жиноятчига чиқара олмайди. Яъни, бу ерда гап ҳарбий жиноятларда айбланиш ҳақида боряпти. Дарвоқе, Халқаро жиноят суди давлат раҳбарларини жазога тортиш борасида ҳозирча унчалик муваффақият қозонган эмас. Масалан, Кот-д'Ивуар президенти Лоран Гбагбо оқланган эди. Кениялик сиёсатчи Ухуру Кениата эса Халқаро жиноят судида оқланганидан сўнг Кения президенти бўлган.

-Демак, Путин учун ҳали ҳаммаси тугагани йўқ?

Кирилл Коротеев: Жиноят жараёни якунида суд ё айблов ҳукми, ёки оқлов ҳукми чиқаради.

Форум

XS
SM
MD
LG