Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:31

Хоразмнинг Янгибозори ҳокими учта маҳаллада “фавқулодда вазият” эълон қилди


Иллюстратив сурат (Фарғонанинг Риштонида олинган сурат)
Иллюстратив сурат (Фарғонанинг Риштонида олинган сурат)

Хоразм вилоят, Янгибозор туман ҳокими - Фуқаро муҳофазаси бошлиғи Ўктам Машарипов 24 июнь куни ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган учта маҳаллада “фавқулодда вазият” режими эълон қилгани ҳақидаги хабар Озодликка 1 август куни келди.

Ҳокимнинг буйруғига кўра, уч маҳаллага ҳудудида ободонлаштириш ишлари бўйича “махсус-тактик ўқув машқи” ўтказиш топширилган.

Туман ҳокими “фавқулодда вазият” режими ободонлаштириш ишларига ҳаммани жалб қилиш учун машқ сифатида уюштирилганини айтди.

Озодликка 1 август куни нусхаси келган Янгибозор туман ҳокими ва айни пайтда туман Фуқаро муҳофазаси бошлиғи Ўктам Машарипов имзолаган буйруқда “Наврўз”, “Янгиёп”, “Дўстлик” маҳаллаларида “фавқулодда вазият” режими эълон қилингани ёзилган.

Ҳоким буйруғидан нусха
Ҳоким буйруғидан нусха

Ҳужжатга кўра, фуқаролар йиғинлари аҳолисининг турмуш тарзини ошириш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш, эпидемик вазиятни яхшилаш, кўп йиллар давомида таъмирланмаган ички йўлларни қум-шағал аралашмаси билан қоплаш йўли билан қисман таъмирлаш бўйича Махсус-тактик ўқув машқи ўтказиш буюрилган.

Янгибозор туманининг “Янгиёп” маҳалласида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бирининг айтишича, ҳокимнинг бу буйруғидан сўнг, ҳамма ободонлаштириш ишига сафарбар қилинган:

“Ўша мажлисда мен ҳам қатнашган эдим. Ҳамма маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, дўкони борлар, фермерлар, ташкилотлар ободонлаштиришга жалб қилинди. Кам таъминланган оилаларнинг уйларини таъмирлаш, шифер ёпиш тадбиркорлар, фермерлар зиммасига юкланди. Ҳозир ҳамма ёқ чанг, тўполон, қурилиш ишлари авжида. Лекин, тўғрисини айтишим керак, аҳоли яшайдиган уйлар бузилгани йўқ. Фақат янги бинолар қурилиб, кўчанинг икки томони ободонлаштириляпти. Фавқулодда вазияти шу бўлса керак, яъни ҳамма Янгибозор Сити қилишда қатнашяпти”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа тадбиркорнинг айтишича, қурилишда қатнашаётган ишчиларнинг озиқ-овқати тадбиркорлар зиммасига қўйилган:

“Усталар ва қурилишдаги одамларнинг бир кунлик овқати беш миллион сўмга айланяпти. Катта тадбиркорлар, ўзига тўқ фермерларга кунма-кун бўлиб берилган, улар ўз ёнларидан қилиб беришяпти”.

Янгибозор туман ҳокими Ўктам Машарипов Озодлик саволларига жавоб бераркан, “фавқулодда вазият” режими эълон қилинганини кескин инкор қилар экан, бу ҳақда ҳеч қанақа ҳужжат ҳам, буйруқ ҳам бўлмаганини айтди.

Озодлик ўз тасарруфида ҳокимнинг ўзи имзолаган буйруқ борлигини айтиб, бу буйруқдан уч-тўрт жумла ўқиб берганидан сўнг, ҳоким бу ободонлаштириш ишлари учун ўқув машқи бўлганини айтди:

- Бу бир ҳафталик учения эди. Ҳамма идора ва ташкилотларни ободонлаштириш ишларига жалб қилиш мақсадида қилинган эди. Бунинг нимаси ёмон? Биз ҳамма жойни обод қиляпмиз. Бизда Жалолиддин Мангуберди номли катта кўчамиз бор. Эни 90 метр, узунлиги 2 километр. Ўша кўчани ҳозир хиёбонга айлантиряпмиз. Тадбиркорларимиз ўзлари ёрдам бериб, қилишяпти. Мана 30 та кам таъминланган оилага қурилаётган уйлар калитларини Мустақиллик байрамига топширамиз. Боғча, мактаблар қуряпмиз. Умумий 27 миллиард сўмлик иш бажариляпти.

Ҳоким қурувчи ва усталарнинг овқатланиши тадбиркорлар ва фермерлар зиммасига қўйилганини инкор қилди:

- Йўқ, унақа нарса йўқ. Ҳеч кимни ишлашга мажбурлаганимиз ҳам йўқ, бир сўм пул сўраганимиз ҳам йўқ. Аммо ҳашар бўлаётган жойларга тадбиркорлар ўзлари келиб, ё битта қўчқор, ё бир қоп гуруч ташлаб кетяпти. Ҳеч ким мажбурлангани йўқ.

Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига биноан:

"Фавқулодда вазият — одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолатда эълон қиинади".

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 20 февралдаги "Обод қишлоқ" дастурига кўра, мамлакатда кенг қамровли бузиш ва қуриш ишлари олиб бориляпти.

Озодлик бу қурилиш ишларида аҳолининг шахсий мулки бўлган дахлсизлиги бузилаётгани, бузилган объектларга етарли миқдорда товон пули ёки жой берилмаётгани тўғрисида хабар берган эди.

Жумладан, 20 июль куни Яккабоғлик тадбиркор дўконини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб, ëқиб юборган эди.

26 июль куни кечаси Урганчда уйи бузилиб, товон пули ололмаган минглаб одам норозилик билдириб автомобиль йўлини тўсган эди

XS
SM
MD
LG