Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2020, Тошкент вақти: 09:59

Андижон ҳокими фермерларни олмаган соляркасига пул тўлашга мажбурламоқда


Фермерларга имзо чекиш учун берилган "юк хати"

Андижон вилояти Андижон тумани ҳокимининг оғзаки буйруғи билан фермерлар ўзлари олмаган солярка (дизел ёнилғиси) нинг “юк хати”га имзо қўйиб беришга мажбурланмоқда. Бу ҳақда Озодликка арз қилган фермерларга кўра, туман ҳокими президент Шавкат Мирзиëев Андижонга борганда ўтиши кутилаëтган магистраль йўл ва унинг атрофини ободонлаштириш жараëнида ишлатилган 10 тонна солярка харажатини фермерларга бўлиб ташлаган. Ҳокимлик расмийлари бу шикоятларга оид Озодлик саволига жавоб беришни истамади.

Андижон тумани ҳокими ободонлаштиришга сарфланган соляркани фермерлар бўйнига юклади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00
Бевосита линк

Андижон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов¸ олмаган ëнилғиси учун ҳақ тўлашга рози бўлмаган фермерларга солярка беришни тўхтатиб қўйган.

“Ҳоким ободонлаштириш ишларига 10 тонна соляркани нефтебазадан олиб ишлатиб юборган экан. Энди ўша соляркани ҳар бир фермерга ерининг катта-кичиклигига қараб¸ 60-70 литрдан қилиб сочиб ташлади. Бир литр солярка нархи 4600 сўм бўлса, 70 литри 323 минг сўм бўлади. Токи биз нефтебаза вакили олиб келган “юк хати”га имзо қўймасак, бизга бошқа солярка берилмас экан”, деган фермер Озодликка фермерлар номига 26-27 апрель кунлари ёзилган “юк хатлари”нинг нусхасини юборди.

Фермерга имзо қўйиш учун берилган юк хати
Фермерга имзо қўйиш учун берилган юк хати

​Суҳбатдош¸ фермерларга имзо қўйиш учун берилган “юк хати”дан унинг фермерга тегишли эмаслигини англаш мумкинлигини иддао қилди.

“Бу “юк хат”ларига эътибор беринг. Бировга 52 литр ёзилган, бировга 62 литр ёзилган. Фермер ҳеч қачон бундай ҳажмда солярка олмайди. Фермер олса, 50, 100 ёки 150, яъни охири 0 билан тугайдиган солярка олади. Ҳоким ҳар бир фермернинг пахта майдонига қараб, сочиб юборган. Яъни бир гектар пахтага 2-3 литрдан қилиб", дейди фермер.

Исми сир қолишини сўраган бошқа андижонлик фермернинг айтишича, солярка берилмаётгани сабаб, дала ишлари тўхтаб қолган.

“Бизга 26 апрелдан буён солярка берилмаяпти. Чигитлар униб чиққан, культивация қилиш керак. Трактор қиладиган бошқа ишлар бор. Лекин то шу “юк хати”га имзо қўймасак, нефтебаза бизга солярка бермаяпти. Ўша ерда ишлайдиганларнинг айтишича, ҳоким ўша 10 тонна соляркани фермерлардан ундириб олиш ҳақида оғзаки буйруқ берган. Ахир, ободонлаштириш ишларига ҳукумат ўзи пул ажратадику, нега буни фермерлар бўйнига қўяётганига ҳайронман”, дейди фермер.

Фермерларга имзо чекиш учун берилган "юк хати"
Фермерларга имзо чекиш учун берилган "юк хати"

​Андижон нефть базасининг Зуҳриддин исмли мулозими Озодлик билан суҳбатда, фермерларнинг бу иддаоларини инкор қилди.

“Бундан хабарим йўқ. Энди эшитяпман. Майли, текширамиз ва жавобини айтамиз”, деди нефть базаси мулозими.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган Андижон нефть базасининг бошқа мулозими бу ишлардан хабари борлигини айтди.

“Бу бўлган иш. Андижон аэропортига кетиш йўлини ободонлаштиришга ишлатилган бу солярка. Ҳоким соляркани беравер, ўрнини кейин тўлдириб бераман, деган. Андижон туманидаги 8-ёнилғи қуйиш шохобчаси орқали чиқарилган бу солярка. Унда Тилло деган бир йигит ишларди. У ҳужжатсиз солярка чиқармайман, деган. Кейин уни ишдан олиб ташлаб, бошқа одамни қўйишди. Энди эса камомаднинг жойини тўлдириш учун фермерларга 10 тоннани сочиб ташлади. Бу ҳақда ҳужжатлар бор”, деди нефть базасининг Озодлик гаплашган мулозими.

Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддиновнинг мобиль телефони ўчирилгани боис, у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Маҳмуд Исроилов Озодлик мухбирининг фермерлар иддаолари ҳақидаги саволини эшитиб бўлганидан сўнг, “селектор бошланаяпти, мен мажлисга кираяпман, кейин ўзим қўнғироқ қиламан” деб¸ алоқани узиб қўйди.

Андижон вилоят, Андижон туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов фермерлар билан жорий йилнинг 25 январида ўтказилган йиғилишда чигит экишда қўлланиладиган “плёнкага” пул ўтказмагани учун фермерларни "гадой, ҳайвон, ифлос, мараз" деб ҳақорат қилган эди.

Февраль ойида эса айни ҳоким барча фермерлардан ерларини давлат захирасига топшириш ҳақида мажбурий тарзда ариза ёздириб олган ва бу фермерларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган эди.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG