Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:33

HRW экспертлари: Ўзбекистон афғон қочқинларига кўпроқ ёрдам бериши керак


Diplomat нашри Human Right’s Watch нинг Марказий Осиё бўйича эксперти Миҳра Риттман ва ушбу ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳью Уильямсоннинг Ўзбекистоннинг афғон қочқинлари юзасидан олиб бораётган сиёсати борасидаги муносабати ва таклифлари баён қилинган мақолани эълон қилди.

Толибон Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганидан бери мамлакатнинг шимолий қўшниси Ўзбекистон хавф остидаги минглаб афғонларни эвакуация қилишда учоқлар учун ёқилғи тўлдириш ва қочқинларни учинчи мамлакатга элтишдан аввал вақтинча қўналға сифатида Ғарб давлатларига кўмак берди.

Ўзбекистон, шунингдек, Афғонистондан қочган юзлаб учувчилар ва уларнинг оила-аъзоларига вақтинча мезбонлик қилмоқда. Экспертларнинг фикрича, бу ёрдамлар Ўзбекистоннинг муҳим ҳиссаси, аммо мамлакат кўпроқ ёрдам бера олади ва шундай қилиши ҳам керак.

Ўзбекистон бошқа ҳукуматлар томонидан виза ёки бошпана берилиши мумкин бўлган, аммо Афғонистондан чиқиб кета олмаётган минглаб афғонлар учун муҳим дарвоза бўлиши мумкин, дейди Human Right’s Watch экспертлари. Ўзбекистон таъқибдан қочаётган афғонларга чегараларини очиши мумкин.

Толибон қўлида ўлим ва қийноқ кутиб турган афғонларга ёрдам бериш расмий Тошкентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларига мувофиқ келади ва мамлакатнинг халқаро майдонда муҳимроқ роль ўйнашга тайёрлигини намойиш қилади, дейди улар.

Охирги ҳафталарда Ўзбекистон АҚШ, Германия ва бошқа ҳукуматларга минглаб афғонларни ўз ҳудуди орқали эвакуация қилишга изн берди. Бунга қўшимча, 14 август куни Мозори Шариф толиблар қўлига ўтгач, Ўзбекистонга қочган бир неча юз афғонга, жумладан 585 нафар афғон учувчилари ва уларнинг оила аъзоларига вақтинча бошпана берди.

Ўзбекистон АҚШдан учувчилар ва уларнинг оилаларини ўз ҳудудидан олиб чиқиб кетишни сўрагани хабар қилинган эди. АҚШ Давлат департаменти ҳам ушбу масала юзасидан ўзбек ҳукумати билан ишлаётганини маълум қилган.

Муаммо шундаки, Ўзбекистон ўз чегарасини афғон қочқинларига ёпган. Мамлакат БМТнинг 1951 йилги Қочқинлар бўйича конвенциясини имзоламаган, аммо инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа халқаро меъёрларга кўра, у одамларни ҳаёти хавф остида турган жойларга қайтариб юбормасликка мажбур, дейди мақола муаллифлари.

Ўзбекистон 20 август куни 150 нафар одамни Толибон билан келишувга кўра Афғонистонга қайтарганини маълум қилди. Экспертлар фикрича, бу ҳолат жуда хавотирлидир, зеро Ўзбекистон одатий халқаро ҳуқуқ тамойилларига кўра, одамларни уларнинг ҳаётини хавфга қўювчи ҳудудга қайтариши мумкин эмас.

Аммо 31 август куни хорижий кучларни Афғонистондан олиб чиқиб кетиш муддати тугагач, Ўзбекистон Германия визаси бўлган афғонлар учун транзит ҳудуд сифатида ёрдам беришга рози бўлди.

Мақола муаллифлари ўзбек ҳукумати яхшиликни охиригача қилиб, учинчи мамлакатга визаси бўлган ёки виза бериладиган афғонларга транзит ҳудуд сифатида ёрдам бериши керак деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарининг икки томонлама қабул қилинган эвакуация дастурлари “афғонларнинг бошпана сўраш ҳуқуқини челамаслиги кераклиги” ҳақидаги чақирувига қулоқ тутиши керак. 20 август куни чиққан баёнотида БМТ қочқинлар идораси “барча давлатлар афғонларнинг одатий ёки ноодатий шаклда бўлсин келиб бошпана сўраш ҳуқуқини бузмаслиги керак”лигини таъкидлаган.

Human Right’s Watch экспертлари афғонларни эвакуация қилиш учун ўзбек ҳукумати билан ҳамкорлик қилаётган давлатлар Тошкентни молиявий қўллаб‑қувватлаши керак деб ҳисоблайди.

Уларнинг фикрича, афғонларга вақтинча мезбонлик қилиш, бошпана изловчиларга қўниб ўтиш учун ёрдам бериш нафақат инсон ҳуқуқини ҳурмат қилиш саналади, балки уларнинг ҳаётини сақлаб қолади ва бу ўзбек ҳукумати ўз бўйнига олган мажбурият ҳамдир.

Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йили ҳокимиятга келганидан буён Ўзбекистон авторитар ўтмишдан узоқлашиб, янги саҳифа очганини кўрсатишга уриниб келади. Мамлакат БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига ҳам кирди, президент эса “инсон ҳуқуқлари ислоҳотларда марказий ўрин тутиши”ни омматан эълон қилди.

Ўзбекистон инсон ҳақлари юксак ҳимоя қилинадиган давлатлар сафидан жой олиши учун кўп иш қилиши керак, аммо хавф остидаги афғонларга ёрдамни кучайтириш, қочқинларга чегараларни очиш орқали Ўзбекистон эвакуация қилишга уринаётган бошқа ҳукуматлар ишига катта ҳисса қўшади, дейди мақола муаллифлари.

XS
SM
MD
LG