Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:44

HRW: Ўзбек ҳукумати институцион ўзгаришларни амалга ошириши лозим


Human Rights Watch (HRW) ташкилотига кўра, Шавкат Мирзиёев президенглигининг илк йили давомида Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш учун айрим чораларни кўрди, аммо эндиликда ҳукумат институцион ўзгаришларни амалга ошириши керак.

Ташкилот Ўзбекистонда сўнгги йил ичида содир бўлган ўзгаришлар акс этган видеолавҳани ҳам эълон қилди. Видеода ўзбек қамоғида деярли 18 йил ўтирган “Эрк” газетасининг собиқ муҳаррири Муҳаммад Бекжонов билан суҳбатдан парча ҳам бор.

HRWнинг Марказий Осиë бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов:

HRW вакили Стив Свердлоу.
HRW вакили Стив Свердлоу.

- Мамлакат учун умид пайдо бўлган бир пайтда, ўзбек ҳукумати аллақачон ташланган камтар қадамларни Ўзбекистоннинг барча ватандошлари ҳуқуқлари мунтазам муҳофаза қилинишини таъминлайдиган тўғри йўлга йўналтириши керак. Тошкент олдида турган синов ижобий ҳаракатларни барқарор институцион яхшиланишларга айлантиришдир, - деди.

Ташкилотга кўра, Мирзиёев маъмурияти мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларига амал қилишни янги сиёсий даврнинг асосий ютуғига айлантириши керак. Ўзбекистон ҳукумати ўз фаолияти тинч йўл билан танқид қилинишига нафақат изн бериши, балки буни қадрлашини очиқ кўрсатиши керак.

Ўтган ойда HRW Ўзбекистон ҳукуматининг бир неча расмийси билан учрашди, фаоллар, собиқ сиёсий маҳбуслар, ҳозирда қамоқда бўлган сиёсий маҳбуслар қариндошлари ҳамда оддий ватандошлардан интервью олди ва шулар асосида ҳисобот эълон қилди. Ҳисоботда ҳукумат амалга оширган ижобий ислоҳотларга урғу берилди ва ижобий ўзгаришлар узоққа чўзилишини таъминлаш учун зарур бўлган чоралар кўрсатилди.

Мирзиёев президент бўлганиден бери Ўзбекистон ҳукумати 16 нафар сиёсий маҳбусни озод қилди, сўз эркинлигига қўйилган айрим чекловларни бекор қилди, фуқароларни Миллий хавфсизлик хизматининг қора рўйхатидан чиқарди ҳамда ҳукумат расмийларининг фуқаролар олдидаги жавобгарлигини оширди. Ҳукумат, шунингдек, ўқитувчи, шифокор ва талабаларни пахта далаларига мажбурий сафарбар қилишни ман этди.

Юқорида тилга олинган ижобий ўзгаришларга қарамасдан, Ўзбекистоннинг авторитар сиёсий тузуми тубдан ўзгара олишини, инсон ҳуқуқларининг поймол қилининишига чек қўйилиши ёки йўқлигини вақт кўрсатади.

Тошкентга мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини яхшилаш учун берилган маслаҳатлар орасида қамоқ муддати арбитрар тарзда узайтирилишига чек қўйиш, матбуот эркинлигини таъминлаш, сиёсий масалаларни кўтарувчи нодавлат ташкилотларни рўйхатга олиш ҳамда чиқиш визаларини бекор қилиш кабилар бор.

Октябрь ойида мамлакатда бир вақтнинг ўзида ижобий ўзгаришлар ва ортга қадам ташлаш кузатилди. Бир неча ҳафта ичида Ўзбекистон расмийлари беш сиёсий маҳбус – журналист Солижон Абдураҳмонов, мухолифатчи фаол Муҳаммадали Қорабоев, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Аъзам Фармонов, Ғанихон Маматхонов ҳамда Аъзам Турғуновларни озод қилдилар, аммо ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ва журналист Бобомурод Абдуллаев янги айбловлар билан ҳибсга олинди.

Ўзбек қамоқхоналарида сиёсий маҳбуслар ҳали ҳам талайгина

Ҳозирда мамлакат қамоқхоналарида сиёсий мотивга эга айбловлар билан қамалган минглаб маҳбус бўлиб, улар қийноққа тутилиб келаётгани эҳтимолдан холи эмас.

Ҳозирда қамоқда бўлган инсон ҳуқуқлари фаоллари орасида Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Ғайбулло Жалилов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов ҳамда Фахриддин Тиллаевлар бор.

Журналистлардан Бобомурод Абдуллаев, Ғайрат Михлибоев, Юсуф Рўзимуродов ва Дилмурод Саидовлар панжара ортида тутиб турилибди.

Ҳибсдаги диний уламолар ва ҳукумат танқидчилари сафида Арамаис Авакян, Руҳиддин Фахриддинов, Собир Ҳамидқориев, Нодирбек Юсупов, Дилором Абдуқодирова, Равшан Қосимовлар бор. Мухолифатчи фаол Қудратбек Расулов ҳам қамоқда.

Ўзбекистон қамоқлари расмийлари Жиноят кодексининг қамоқ қонунларига оид 221-моддасига таянган ҳолда, сиёсий маҳбуслар қамалган муддатни арбитрар равишда узайтиришда давом этмоқда.

Мирзиёев маъмурияти Каримов маъмуриятидан фарқли ўлароқ, камтар тинч намойиш ўтказилишига қисман изн бермоқда. Аммо мустақил инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар, ҳуқуқшунослар ҳамон тазйиқларга учрамоқда.

Инсон ҳуқуқлари вазиятини ўнглаш учун Тошкент қандай одимлар отмоғи лозим?

HRW мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун Ўзбекистон ҳукуматини муайян чораларни кўришга чақирди. Булар қуйидагилардир:

Ноҳақ равишда қамалган барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар, сиёсий мухолифат аъзолари ҳамда сиёсий мотивга эга айбловлар билан қамалган бошқа фаолларни зудлик билан ва чекловсиз озод этиш;

Қамоқ муддатини кичик қонунбузарликлар ёки Жиноят кодекси 221-моддасида кўрсатилган қамоқ қоидаларини бузилиши сабаб арбитрар тарзда узайтиришни тўхтатиш;

Қийноқларни тўхтатиш учун муайян чора кўриш, БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси маслаҳатларига тўлиқ амал қилиш, жумладан, Жаслиқ колониясини ёпиш, Халқаро қизил хоч томонидан турмалар назорат қилинишини қайта йўлга қўйиш ҳамда Қийноққа қарши келишувнинг ихтиёрий баённомасини имзолаш;

Матбуот эркинлигини таъминлаш, Интернет цензурасини тўхтатиш, журналистлар таҳқирланишини бас қилиш ҳамда маҳаллий ва халқаро нашрларга, жумладан, Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган нашрларга рўйхатдан ўтишга изн бериш ҳамда хорижлик журналистларни аккредитация қилиш;

Маҳаллий ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳукумат аралашувисиз ишлашига йўл қўйиш, хусусан, ликвидация қилинган ёки Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган ташкилотларни қайта рўйхатга олиш;

2015 йил июнида қабул қилинган, нодавлат ташкилотларни ҳар қандай иш-ҳаракат учун Адлия вазирлиги маъқуллигини олишга мажбурловчи қонунни бекор қилиш;

Ўзбекистон ватандошлари хорижга саёҳат қилиш учун олиши керак бўлган визаларни бекор қилиш;

Диний тазйиқларга барҳам бериш, жумладан, тинч диний фаолиятга изн бериш ҳамда минглаб одамни диний эътиқодига тинч йўсинда амал қилгани учун қамашни бас қилиш;

БМТнинг диний эркинлик бўйича махсус маърузачиси 2017 йилнинг октябрида мамлакатга киритилгани каби БМТнинг қолган 13 кузатувчисини ҳам Ўзбекистонга чақириш;

Вояга етганлар пахта теришга мажбурланишини тўхтатиш, ҳукумат ишчилари ва талабаларни мажбурий сафарбар қилишни ман этувчи қонунга амал қилинишини таъминлаш, мустақил нодавлат ташкилотлар мониторинг ўтказишига йўл очиб бериш;

2005 йилги Андижон қирғини учун жавогбарликни олиш ҳамда қирғиндан кейин мамлакатни тарк этганлар ватанларига қайтганидан кейин, уларни сиқувга олишни тўхтатиш.

XS
SM
MD
LG