Линклар

Россия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади


Ўзбекистон ва Россия ички ишлар вазирлари Тошкент мулоқотида.

"Россия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади"

Тошкентга сафар қилган Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев Ўзбекистон раҳбарлари билан музокаралардан сўнг шундай баëнот берди.

Тошкент музокаралари давомида асосан ноқонуний миграция ва экстремизмга қарши кураш соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилган Колокольцев¸ ҳозирги вазият кучларни бирлаштиришни тақозо қилаëтганини таъкидлади:

- Бугун ҳаëтнинг ўзи биздан ахборот алмашинувини кучайтиришни тақозо қилмоқда. Мен биз томонимизда жиноятчиларни қидириб топиш учун оператив гуруҳлар алмашинувини ҳам йўлга қўйиш истаги кучли эканини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман¸ деди жумладан Россия полициячилари раҳбари.

Россия ва Ўзбекистон президентлари икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш вазифасини берганини алоҳида айтиб ўтган Владимир Колокольцев¸ Ўзбекистон ички ишлар тизими ходимларини Россияда ўқитиш борасида квоталар жорий қилиш таклифини ҳам қувватлашини билдирди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида келтирилган маълумотга кўра¸ айни пайтда вазирликнинг йигирмадан ортиқ давлатда расмий ваколатхонаси мавжуд.

Сайтга кўра¸ бу АҚШ¸ Германия¸ Австрия¸ Хитой каби давлатлар баробарида аксар постсовет республикалари¸ қолаверса¸ Абхазия ва Жанубий Осетия каби айирмачи ҳудудлардаги бу ваколатхоналар Россия элчихонаси доирасида фаолият юрғизади. Айни пайтда¸ постсовет давлатларида Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция масалалари бўйича алоҳида ваколатхоналари ҳам фаолият юрғизмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Озодлик суҳбатлашган вакили СССР тарқаганидан бери Ўзбекистон Россия ИИВси ваколатхонаси бўлмаган Марказий Осиëдаги ягона давлат бўлиб келганини таъкидлади:

- Бу ерда қизиқ жиҳат ҳозиргача бундай ваколатхонанинг Ўзбекистонда бўлмагани. Вазиримиз сафари давомида бу нарсага барҳам бериладиган бўлди ва эндиликда ваколатхона очиш бўйича ишлар бошланади¸ деди Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати расмийси.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекитонда очилажак ваколатхонаси Россия элчихонаси таркибида бўладими¸ ëки алоҳида идора сифатида фаолият юрғизадими¸ деган саволга матбуот хизмати расмийси ҳозирча жавоби йўқлигини билдирди:

- Авваллари миграция масалалари бўйича ФМС – Федерал миграция хизмати шуғулланарди¸ шунинг учун ИИВ ваколатхонаси баробарида¸ миграция хизматининг ҳам постсовет ҳудудида ўз ваколатхонаси бўларди. Бу нарса ҳозир ҳам сақланиб турибди. Ўзбекистонда очиладиган ваколатхона қайси тартибда бўлади – алоҳида ваколатхона ëки элчихона таркибида бўлади¸ бу нарса ҳозирча муҳокама жараëнида ва аниқ жавоб беролмайман¸ деди Россия ИИВ матбуот хизмати расмийси.

"Россияга яқинлашиш бошланди"

Тошкент музокараларида Россия ИИВ раҳбари айни кунларда ўз мамлакати ҳудудида 1 миллион 700 минг ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги¸ йил бошидан бери 600 минг ўзбекистонликнинг Россия ҳудудига кирганини айтди.

Сон жиҳатдан¸ дейлик¸ бутун бошли Латвия аҳолисидан кўпроқ бўлган Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар орасида¸ мутахассисларга кўра¸ жиноятчилик ҳам кўпайиб бормоқда.

Ана шу объектив вазият¸ икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни тақозо қилаëтганини таъкидлаган Ўзбекистон ИИВнинг собиқ мулозими¸ айни пайтда¸ Россия ИИВсининг Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очишида сиëсий баëнот ҳам борлигини билдирди.

"Шу пайтгача ҳам икки давлат ички ишлар тизимлари ўртасида ҳамкорлик бор эди. Масалан¸ мустақилликдан бери Ўзбекистон ИИВ намояндаси Россия ИИВ биносининг 1-қаватида ўз офисига эга. Лекин Ўзбекистонда Россия ваколатхонаси очиқчасига йўқ эди. Каримов Россиядаги меҳнат муҳожирлари муаммосини очиқ тан олмади ва бу соҳадаги ҳамкорликка ҳам изн бермади. Мирзиëев Россиядаги ўзбек муҳожирлари ижтимоий ҳимоясини таъминлашга уринмоқда. Миграция Россияда ИИВ назоратига ўтганидан кейин¸ бу иш шу тизим орқали бўлади. Шунинг учун бундай ваколатхона¸ асосан¸ меҳнат миграцияси масалалари билан шуғулланса керак. Лекин айни пайтда бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Россия билан сиëсий яқинлашувни бошлаганини ҳам кўрсатади¸ деди ўзбекистонлик собниқ мулозим.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG