Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:52

Мирзиëев гапидан кейин юқори рутбали ИИВ ходимлари участка нозирига айланмоқда


Милиция ходимлари Қуръонга қўл қўйиб, порахўрлик қилмаслик ҳақида қасамëд қилмоқда.
Милиция ходимлари Қуръонга қўл қўйиб, порахўрлик қилмаслик ҳақида қасамëд қилмоқда.

Ўзбекистон президентининг жорий йил 10 январь куни берган оғзаки тавсияси асосида Ички ишлар вазирлиги ходимларининг 86 фоизини қуйи бўғинга тушириш ишлари бошланди.

Озодлик билан 6 март куни суҳбатлашган ва исми эфирда эълон қилинмаслигини сўраган ИИБ полковнигининг айтишича¸ у ҳозирда Тошкент туманларидан биридаги оддий инспектор лавозимига туширилган.

Суҳбатдошга кўра¸ ИИБ инспектори ўз асосий иши қолиб¸ туман аҳолисидан жарима ундириш¸ аҳоли сонини рўйхатга олиш ва махалла оқсоқоли топширган жамоат ишлари шуғулланмоқда ва шу боис инспекторнинг жиноятни олдини олиш каби асосий ишига вақт қолмаяпти.

Унинг яна айтишича¸ вазирликдаги олий юридик маълумотли зобитларни участка нозири қилиб қўйиш тажрибаси тескари натижа берган.

Президент фармони бор

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати мулозимининг 6 март куни Озодликка айтишича¸ бу ишлар “президентининг селектордаги топшириғига асосан, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов топшириғи асосида амалга оширилган.

-Участка нозири олий юридик маълумотли бўлишини таъминлаш мақсадида тажрибали ходимлар жалб қилинди. Бу ПҚ–4075-сонли «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги прзеидент қарорига асосан амалга оширилди¸ деди ўзини ИИВ матбуот хизмати вакили деб таништирган мулозим.

"Акахони йўқлар пастга қулади"

Озодлик билан 6 март куни суҳбатлашган ва исми эфирда эълон қилинмаслигини сўраган милиция полковнигининг айтишича¸ ПҚ–4075-сонли қарор асосида “тепада акахони бўлмаган зобитлар вазирликдаги ишидан олиниб¸ оддий участка нозири вазифасига тайинлангани шахсий таркиб ўртасида салбий кайфият туғдирган:

- Мен вазирлик бошқармасида терговчи ўлароқ самарали ишлаб жиноят қидирув иши билан банд эдим. Ортимда ҳеч кимим бўлмагани боис айнан мени¸ яъни олий маълумотли юрист ва офицерни Тошкентдаги туманга участка нозири қилиб юборишди. Майли¸ бориб ўша туман криминал аҳволини ўзгартирай¸ жиноятчиликни камайтирай¸ десам мени ўз касбим билан боғлиқ бўлмаган ишлар билан кўмиб ташлашди¸ дейди оддий участка нозир бўлиб ишлаëтган милиция полковниги.

Суҳбатдош ўз гапи исботи сифатида 2018 йилнинг февраль ойи мобайнида профилактика катта инспектори зиммасига юклатилган “вазифалар рўйхатини” озодликка тақдим қилди.

Рўйхатда бир участка нозири февраль ойида жарима ундириш юзасидан 20та баëннома тузиши ва жарималарни ундириб бериши кўрсатилган.

Ҳужжатга кўра¸ профилактика инспекторлари қарз ундириш бўйича қилган ишларини кундалик иш дафтарига қайд қилиб қўйиши керак.

ИИВ полковнигининг айтишича¸ қарз ундириш суд ижрочиси ëки МИБ (Мажбурий ижро бюроси) вазифасига киради:

- Нега бошқа идора қилиши керак бўлган вазифани участка инспектори бажариши лозим. Бизнинг вазифамиз қарз ундириш эмас¸ балки жиноятчиликка қарши курашку¸ дейди суҳбатдош.

Оқсоқолга югурдак

Унинг яна айтишича¸ участка инспектори маҳалла оқсоқоли буйруғини бажарадиган хизматчига айланган:

-Ўн синф саводи бўлмаган маҳалла оқсоқолига олий юридик маълумотга эга профилактика катта нозири югурдак қилинган. ИИБ ходими маҳалла оқсоқоли етаклаб юрадиган кучукдай бўлиб қолган. Ҳар ким ўз ишини қилиши керак¸ дейди суҳбатдош.

Суҳбатдош шу кунда банд бўлган ишларни санар экан¸ буларнинг бирортаси жиноят қидирув ëки профилактика билан боғлиқ эмаслигига эътибор қаратди:

- Ҳозир перепись население (аҳолини санаш) жараëни кетаяпти. Шунга жалб қилинганмиз. Низолашган эр -хотин¸ қайнона- келинни яраштириш¸ дарахт экиш¸ дарахт оқлаш билан бандмиз. Бундан ташқари¸ “Маҳалла” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси мажлисига бориб ўтириб келамиз¸ дейди полковник рутбасидаги ИИОФМБ ҲПБ ТП катта нозири.

Куну-тун постда турган милиция чарчади

Озодликка ички ишлар тизимидаги жараëнларга оид ўз хавотирларини баëн қилган полковникка кўра¸ ИИБ ходимлари 8 соат ўрнига 18 соат ишлашга мажбур бўлмоқда:

- Қонунга кўра¸ Ўзбекистонда иш куни 8 соат. Шанба-бозор дам олиш керак. Аммо биз кунига 18 соатдан дам олишсиз ишлаяпмиз. Ойлик 400 долларга етар-етмас. Тузукроқ турмуш учун ойига 800 доллар кетади. Эрта-кеч ишлаб¸ яна 400 доллар қарз бўлиб қолаяпмиз. Яхшиям ойликка қараб қолган куним йўқ. Бир-ккита бизнес юритиб қўйганман¸ томиб турибди. Агар ойликка қараб қолганимда¸ қозонимда шўрва ҳам қайнамас эди¸ дейди ИИВ полковниги.

Машина берилмади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2019 йил 10 январдаги кенгайтирилган йиғилиши баёнига мувофиқ, участка нозирларига автомашина берилиши керак эди. ИИВ полковнигининг айтишича¸ амалда бу автомашинани бозордан сотиб олган осонроқ бўлмоқда:

- Ҳеч қанақа автомобиль берилгани йўқ. Кредитга олишингиз мумкин дейишди . Уям имтиëзли кредит эмас. Эл қатори олинадиган кредит дейди¸ суҳбатдош.

"Лавозим эмас¸ вазифа муҳим"

Юқори лавозимдан туширилиб учатка нозирлигига юборилган зобит санаган муаммоларни Озодлик мухбири Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати мулозимига гапириб берди. ИИВ расмийси¸ бу иддаоларда жон борлигини тан олди:

- ИИБ ходимининг ўз касби билан алоқаси бўлмаган жамоат ишларига ортиқча жалб қилинмаслиги кераклигини ўзимиз ҳам уқтириб келамиз. Айни пайтда¸ олий маълумотли ходим профилактика инспектори бўлиб ишласа¸ нега уялиши керак. Биз офицерлармиз - ватан буюрган ҳар бир постда виждонан ишлашимиз керак. Вазифанинг катта-кичиклиги эмас¸ муҳим эканига эътибор қаратишимиз лозим¸ деди ИИВ мулозими.

Президент танқидининг доимий нишони

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти фаоллари билан йиғинда ИИВ вазирлиги ходимларини ортиқча вазни ва самарасиз фаолияти учун танқид қилган эди.

Бундан олдин Шавкат Мирзиёев жорий йил 10 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимига бориб нозирларни танқид оситига олган эди. Айнан ўша куни Ўзбекистон президенти "ички ишлар ходимларининг 86 фоизини қуйи бўғинга тушириш бўйича" тавсия берган эди.

XS
SM
MD
LG