Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:10

Тошкентда ИИБ ходими педофилияда айбланиб қамоққа олинди. У "ўз хоҳишига кўра" вазифасидан бўшатилган


Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Яшнобод тумани ИИО МФБ профилактика нозирига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 118-моддаси 4-қисми ((Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақдаги маълумотни Озодликка терговга яқин икки манба тасдиқлади.

Озодлик манбасининг билдиришича, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегишда айбланаётган ходим процессуал тартибда ушланган ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли тергов изоляторига жойлаштирилган. Ички ишлар ходими "вазифасидан ўз хоҳишига кўра бўшатилгани" айтилмоқда.

Воқеа тафсилоти ҳақида ёзган Nemolchi.uz лойиҳаси фаолларига кўра, профилактика нозирининг 13 яшар қизалоқни зўрлагани юзасидан фаолларга жабрланувчининг онаси мурожаат қилган.

"Жиноят май ойининг охирида содир бўлган. 13 ёшли қизча дугонаси билан кўчада ўйнаб юрганда, шунда уларнинг қўшниси машинадаги ўртоғининг олдига ўтириш ва айлантириб келишни таклиф қилган. Қизча қўшнисини яхши таниганлиги боис ёмон ҳаёлга ҳам бормаган. Кейин қизчаларни ижарага олинган дала ҳовлига олиб боришган ва ўша "дўсти" қизчани зўрлаган", — дейилади Nemolchi.uz лойиҳаси тарқатган хабарда.

Сенат маиший ва жинсий зўравонликка жазони кучайтиришни маъқуллади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:04 0:00

Фаолларга кўра, воқеадан кейин қиз одамови бўлиб қолган, одамлардан ўзини олиб қоча бошлаган. Бу ҳолдан ташвишланган она ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза ёзган.

Nemolchi.uz га кўра, ариза асосида тегишли суд-тиббий экспертизаси ўтказилиб, қизчанинг жинсий зўравонликка учрагани ошкор бўлган. Терговолди суриштирувларида воқеа тафсилотлари аниқланган.

Бироқ фаоллар бу натижага эришиш осон бўлмагани, оила ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг тазйиқига дуч келгани ҳақида ёзишган.

Nemolchi.uz бундан аввал Хоразм вилояти Адлия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлари билан содир бўлган ҳодиса тафсилотларини жамоатиликка ошкор қилганди.

Ўтган йил ёзида юз берган ҳодисада Хоразм вилояти Адлия бошқармасининг собиқ раҳбари О.М. ва Янгиариқ тумани ФВБ собиқ бошлиғи А. Қ. лар вилоятдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан жинсий зўравонлик содир этган.

Ҳозирда Тошкент шаҳар суди кассация ҳайъати жамоатчиликни жунбушга келтирган Хоразмдаги ҳодисага оид жиноят ишини қайта кўрмоқда.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари келтирган маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳамда хотин-қизларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар сони ортган.

“Хусусан, 16 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқа қилишда айбли деб топилганлар сони 2019 йилда 99 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 153 нафар, 2021 йилда 216 нафар, 2022 йилда 238 нафарни ташкил этган.

14 ёшга тўлмаган бола билан зўрлик ишлатиб, жинсий алоқага киришиш жиноятини содир этганлар сони эса 2019 йилда 52 нафар, 2020 йилда 35 нафар, 2021 йилда 57 нафар, 2022 йилда эса 73 нафарни ташкил этган.

Амалдаги қонунга кўра, 16 ёшга тўлмаган шахс билан унинг розилиги асосида жинсий алоқага киришган айбланувчи жабрланувчининг ёшини билмаганини баҳона қилиб, енгилроқ модда билан жавобгарликка тортилиши мумкин эди” дейилади Kun.uz сайти хабарида.

Шу йилнинг апрель ойида қабул қилинган янги қонун бўйича педофилия жиноятлари учун жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланиб, айбланувчи жабрланувчининг ёшини билган-билмаганидан қатъи назар жиноий жазога тортилиши кўзда тутилган.

“Яъни 14, 16 ёки 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахснинг қилмиши, у жабрланувчининг ёшидан хабардор бўлган-бўлмаганидан қатъи назар, жабрланувчининг ҳақиқий ёшидан келиб чиқиб баҳоланиши ва мутаносиб оғир жазо белгиланиши назарда тутилмоқда.

Янги қонун билан, жинсий жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси бир поғонага орттирилиб, илгари унча оғир бўлмаган турдаги жиноятлар, оғир жиноятлар туркумига, оғир жиноятлар эса ўта оғир жиноятлар туркумига киритилди”, дейилади қонунга берилган изоҳда.

Форум

XS
SM
MD
LG