Линклар

Шошилинч хабар
11 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:14

Ўзбекистон Сенати аёллар ва болаларни зўрлаганга жазони кучайтирувчи қонунни маъқуллади


6 апрель куни Ўзбекистон Сенати қабул қилган қонун лойиҳаси қабул қилинса, оиласидаги зўравонларга маъмурий ёки жиноий жавобгарлик берилиши мумкин.

Аёл-қизлар ва болаларга жинсий зўравонлик қилганлар муддатидан аввал озод қилинмайди, жазоси енгиллаштирилмайди. Бундан ташқари, жинсий зўравонларнинг рўйхати тузилади.

Сенатдаги бу лойиҳа Ўзбекистонда шу ҳафта вояга етмаган қизларга катталар ва айниқса, турли тузилма раҳбарлари тажовуз қилгани ошкор бўлган бир паллада қабул қилинди.


6 апрель куни Сенат ялпи мажлисида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Сенат матбуот хизматининг хабар қилишича, янги қонун билан:

  • “оилавий (маиший) зўравонлик”, яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзанди бўлган шахсга нисбатан зўравонлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланади;
  • жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмайди, аксинча бундай жиноятлар учун жазо янада оғирлаштирилади;
  • хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний ҳаракатлар қилганлик, таъқиб қилганлик ҳамда ота-она ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланади;
  • айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди;
  • вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланади;
  • бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхати юритилади.

Сенатдаги муҳокамаларда иштирок этган юрист, инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис Дилфуза Қуролова бу қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишида қатнашгани ва қатор таклифларни илгари сурганини айтади:

“Биз илгари сурган таклифларнинг 3 дан икки қисми қабул қилинди. Бу жуда катта натижа. Агар бу қонун қабул қилинса, бирор шахс томонидан зўравонлик ва тазйиққа учраган аёл ёки эркакка бериладиган ҳимоя ордери муддати 1 йилгача узайтирилиши мумкин. Калтаклайдиган эридан қочиб юрган аёллар ҳозир 2 ойгача ҳимоя қилиниши мумкин. Бундан ташқари, жинсий зўравонликка жазо берилишидаги ёш категорияси олиб ташланяпти. Ҳали биз қонун лойиҳаси матнини тўлиқ кўрмадик. Умид қиламизки, бошқа таклифларимиз ҳам инобатга олинган”.

Сенат бу қонун лойиҳасини 10 кун муддат ичида президентга тақдим қилиши лозим. Президент эса 30 иш кунида қонунни кўриб чиқиб, имзолаши ёки қайта ишлаш учун яна ортга қайтариши мумкин.

Ўзбекистонлик фаоллар бу лойиҳа қабул қилиниши учун узоқ курашганини айтмоқда.

Жумладан, Ўзбекистондаги аёллар ва вояга етмаган қизларга сўз ва ҳуқуқий ёрдам бериб келаётган NeMolchi.uz ахборот лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенко вояга етмаган болаларни жинсий зўрлаган ёки жинсий алоқага товлаган шахсларга берилган жазонинг оғирлаштирилишидан мамнунлигини айтади.

Матвиенко ҳам ушбу қонун лойиҳаси устида ишлаган Сенат комиссиясининг аъзосидир.

Айнан унинг гуруҳи эълон қилган сўнгги хабар - Хоразмдаги оилавий меҳрибонлик уйидаги 3 вояга етмаган қизнинг вилоятдаги раҳбарлар томонидан 10 ой давомида зўрланиши жуда жиддий норозилик билан қарши олинди.

NeMolchi.uz ахборот лойиҳасига кўра, Хоразмда 15, 16, 17 ёшдаги қизлар билан жинсий алоқада айбланган 2 мулозим 6 ой аввал судланган.

Суд қарори билан Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовга 1 ярим йилгача озодликни чеклаш жазоси қўлланган.

Яъни, 3 вояга етмаган қизни жинсий алоқага зўрлаган амалдорларга берилган жазо - 1 ярим йилгача соат 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқмаслик ва яшаш жойини тарк этмасликдан иборат.

Аммо, NeMolchi.uz лойиҳаси кутилмаганда бу ҳақда хабар бергач, вазият бирдан ўзгарди. Бу хабарни виртуал жамоатчилик фавқулодда катта норозилик билан қарши олди. Кўзга кўринган блогерлару тармоқлар фаоллари 3 етим қизни зўрлаган мулозимга енгил жазо берган судлов ҳамда бунга кўз юмган ижро тизимини қоралай бошлади.

Тармоқларни титратган баҳсга Саида Мирзиёева-Комил Алламжонов сиёсий тандеми қўшилгач, вазият янада жиддийлашди.

“Педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келди! P.S. Агар бу масала дунё тажрибасисиз бўлмайди, қайда бор бу жазо, десангиз Қозоғистон, Украина, Германия, Норвегия, Швеция, Дания, Исроил, Жанубий Корея, Франция, АҚШ ва ҳоказо давлатларни кўринг. Уларда бор экан бу жазо. Хитой, Лотин Америкаси давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда биратўла ўлдириб юборилар экан”, деб ёзди Комил Алламжонов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.


1 апрель куни Президент қизининг чиқишидан бир неча соат ўтиб, Бош прокуратура зўравон амалдорларга берилган жазо устидан Олий судга протест киритганини маълум қилди.

Баёнотда протест киритилган сана 29 март - яъни, хабар тармоққа тушишидан икки кун олдин экани айтилди, аммо бунга бирор ҳужжат илова қилинмади.

3 апрелга келиб Олий суд матбуот хизмати, Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига Хоразм вилоят прокуратурасидан кассация тартибидаги протест келиб тушганини билдирди.

“Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 6 апрелдаги ажрими билан Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести қаноатлантирилиб, ушбу жиноят ишини янгитдан апелляция инстанция судида кўриш учун юборилиши белгиланди”, деб хабар қилди Олий суд матбуот хизмати 6 апрель куни.


Тармоқларда Хоразмнинг Урганч шаҳридаги оилавий меҳрибонлик уйи можароси тинмай туриб, айни вилоятнинг Янгиариқ туманида 2006 йилда туғилган қизнинг 11 киши томонидан зўрлангани ҳақидаги яна бир хабар тармоққа тушди.

Бош прокуратура, бу шахслардан 3 нафар шахс айбланувчи тариқасида қўлга олингани, яна 8 нафари гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинганини билдирди.

Зўрланган қизнинг яқинлари эса, 8 гумонланувчи шахснинг ҳануз очиқда юрганидан норози бўлмоқда.


Бундан сал аввал, Қашқадарё вилоятида 13 яшар қизнинг катта ёшли эркак томонидан зўрлангани маълум бўлганди.

Ҳар гал бундай можаро тармоқлар тилига тушганда фаоллар кўпроқ қатор ижтимоий муаммоларни санайди:

  • Вояга етмаганларни зўрлаган мулозимларга берилган жазонинг енгиллиги,
  • Қизларнинг оилавий меҳрибонлик уйида пуллангани,
  • Бу икки мулозим ишлаган - Адлия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг шу кунгача енгил жазога кўз юмгани,
  • Бундай зўравонлик ҳолатларининг ҳар гал президент қизи иштирокидаги кампаниябозлик мавзусига айланиши,
  • Бу жинсий зўравонликми ёки педофилия - ҳануз қонунчиликда бу саволга жавоб йўқлиги.

Булар йиллардан буён ҳал қилинмаётган жиддий ҳуқуқий муаммолардир.

Жумладан, Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги Хоразмдаги оилавий меҳрибонлик уйининг 3 вояга етмаган қизлари билан мулозимлар жинсий муносабатини жинсий тажовуз сифатида кўрмайди.

Озодликка маълум бўлган қатор ҳолатларда, 18 ёшга тўлмаган қизларни жинсий алоқага товлаган ёки зўрлаган шахсларга нисбатан, одатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 128-моддаси қўлланган.

Яъни судьялар, гўёки бу қизлар “ўз хоҳиши билан жинсий алоқага рози бўлган” деган важ билан айбланувчиларга ушбу моддадаги энг енгил - жарима ва шартли жазони беради.

Фаоллар эса вояга етмаган болалар билан жинсий алоқа - жинсий зўравонлик сифатида 118-модда билан малакаланиши кераклигини йиллардан буён ҳукуматдан талаб қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддасида бундай жиноят учун 10 йилдан 20 йилгача қамоқ белгиланган.

Жамоатчилик ва ҳуқуқ фаоллари 6 апрель куни Сенат қабул қилган лойиҳага катта умид боғламоқда. Бу қонун жазони оғирлаштирса жинсий зўравонлар тийилиши мумкин, деган ишонч билдирилмоқда.

Сенат 10 кун ичида қонун лойиҳасини президентга тақдим қилиши, президент эса 30 кун ичида лойиҳани ё тасдиқлаши ёки қайта ишлаш учун жўнатиши лозим.

Ҳозирча қонун лойиҳасининг тўлиқ матни ошкор қилинмади. Шу боис, фаоллар нафақат зўравонларга жазони оғирлаштириш, балки бундай жиноятларнинг ёпди-ёпди қилиш, айниқса зўравон амалдорларни бир шаклда жазодан қочиши олдини олиш билан боғлиқ таклиф ҳамда талаблари ҳам инобатга олинганига умид қилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG