Линклар

Шошилинч хабар
29 январ 2020, Тошкент вақти: 11:59

ИИБ ходимлари урди деб арз қилган ака-ука зўравонликда айбланди (ВИДЕО)


Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи ака ука: Илҳом Хўжақулов ва Убайдулла Ўроловлар ИИБнинг 5 ходими калтаклагани, аммо шикоятчи бўлишига қарамай, ўзлари айбдорга чиқарилганидан арз қилмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, ўтган йилнинг 7 октябрида Нишон туманида уларни тўхтатган бир неча ИИБ ходими билан низо келиб чиққан ва ўша пайтда Илҳом Хўжақулов тан жароҳати олган, укаси Убайдулла эса оёғига етган оғир жароҳат билан шифохонага тушган.

ИИБ ходимлари билан низо

Ака-укалар ИИБнинг 5 ходими уларни калтаклагани, Убайдулла Ўроловнинг оёғини тош билан уриб синдирганини даъво қилиб, ариза киритган.

“Ўтган йилнинг 7 октябрида биз солярка олиш учун менинг Нексиямда Нишонга борган эдик. Қайтаётганимизда давлат рақами бўлмаган машина йўлимизни тўсиб, тўхташни сўради. Биз бегона районда бўлганимиз учун, машинада кўп миқдорда солярка бўлгани учун, формасиз кишилар бўлган номерсиз машинага тўхтамадик, кетвордик. Бироздан кейин бизни ИИВнинг 4-5 та машинаси билан ўраб олиб, формалилар тўхтатди ва мен машинани тўхтатдим”, - деди Илҳом Хўжақулов.

Хўжақулов Озодликка тақдим қилган суд ҳужжатларида қайд этилишича, ИИВ гуруҳи Илҳом Хўжақуловни ўз автомобилида пахта олиб қочаяпти, деган гумон билан тўхтатган, аммо ака-укалар, гўёки қочишга уринган.

Натижада, юзага чиққан низо вақтида, ака-укалар енгил ва оғир тан жароҳатлари олган, уканинг товони синиб, юролмас ҳолга келган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:37 0:00
Бевосита линк

Ака-уканинг даъвоси

Озодликка Хўжақуловнинг даъво қилишича, уларни ИИБ ходимлари калтаклаган:

“Мен қўлимни кўтариб, машинадан тушишим билан калтаклаб кетишди. Кейин укамни ҳам машинанинг ойнасидан тортиб тушириб, уни ҳам калтаклаб кетишди. Укам қўрқиб, қочаётган пайтда, биттаси орқасидан тош отди, ўзи поезд йўлига яқин тошлоқ жойда эдик. Кейин ўша тош, унинг оёғига тегиб, товонини синдирди – шу билан укам юролмай қолди”.

Хўжақуловнинг яна даъвосича, улар ўша куни Нишон тумани ИИБда 16 соатдан ошиқ тутиб турилган ва бу муддат давомида оёғи шишиб кетган укасига зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

ИИБдан қўйиб юборилгандан кейингина шифохонага олиб борилганида, Убайдулла Ўроловнинг ўнг товон суяги синиб кетгани, суяк синиқлари жойидан силжиб кетгани аниқланган.

Ўролов қарийб 6 ойдан буён қўлиқтаёқда қолмоқда.

Ака-укалар ўша куни куч билан Нишон туман ИИБга олиб борилган ва ўша кездаёқ калтакланганидан арз қилиб, шикоят аризасини киритган.

ИИБ ходимининг даъвоси

Аммо, суд ҳужжатларида қайд этилишича, воқеада иштирок этган ИИБ ходимларидан бири - Қувончбек Маннонов ҳам Илҳом Хўжақуловни унга фаол “қаршилик кўрсатиб, формасини йиртиб ташлагани, туҳмат қилгани”дан арз қилиб, қарши даъво аризасини киритган.

Шунингдек, ҳодиса иштирокчиси бўлган бошқа ИИБ ходимлари ука – Убайдулла Ўроловнинг "ўзи йиқилиб, товонини синдиргани, ака эса ўзига-ўзи тан жароҳати етказгани"ни айтиб, уларнинг калтаклангани ҳақида киритган даъвосини суд мажлисида рад қилган.

Эксперт хулосаси

Озодликка нусхаси тақдим этилган эксперт хулосасида 7 октябрь кунги ҳодисада ака-укалар танасида аниқланган тан жароҳатлари йиқилиш ёки ўз-ўзини жароҳатлашга уриниш натижасида олинганини тасдиқловчи натижалар қайд этилмаган.

Аксинча, ҳужжатда жароҳатлар "қаттиқ тўмтоқ жисмлар таъсиридан юзага келгани" ва даъвогарлар айтгани каби, тик турган ҳолда олингани "эҳтимолдан ҳоли эмас", деб қайд этилган. Яъни, бу жароҳатлар "йиқилиш натижасида олингани эҳтимолдан йироқ" экани айтилган.

Аммо, ушбу ҳужжатда, якуний хулосага "суриштирув-тергов йўли орқали ойдинлик киритиш лозим"лиги қайд этилган.

Шу боис, Озодлик мухбири бу иш тергови билан шуғулланган Қашқадарё вилоят прокуратураси терговчиси Қамбархон Қамбаров билан боғланди.

Терговчи бу иш юзасидан мавжуд саволларга: "Суддан жавоб олинг", деб гўшакни илиб қўйди.

Аммо, Илҳом Хўжақуловни ҳимоя қилган адвокатлар суд-тиббий экспертиза хулосаси ака-укаларнинг кўрсатмаларига "тўғри келади", деб ҳисобламоқда.

Хўжақуловнинг шикоят аризасидан тушунилишича, адвокатлар суд мажлисида Хўжақуловга қарши даъво аризасини киритган ИИБ ходими Маннонов ҳамда унинг даъвосини тасдиқлаган гувоҳлар кўрсатмалари тасдиғини топмади, деган хулосага келган.​

Акага айблов

Озодликка тақдим қилинган ҳужжатлардан маълум бўлишича, тергов-суриштирув охирида иш мутлақо бошқа ўзанга ўтиб кетган – оёғи синган ука ва ҳодиса иштирокчиси бўлган ИИБ ходимлари ишдан чиқарилиб, фақат Илҳом Хўжақуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.​

​Нишон тумани прокурори, адлия маслаҳатчиси А.Ў.Муҳамедиев тасдиқлаган хулосада айтилишича, ИИБ ходими Қувончбек Маннонов аризаси билан Хўжақулов ЖК 219-моддасининг 2-банди, 140-модданинг 3-банди, 139-модданинг 3-қисми билан айбланган.

Бу моддаларда хизмат вазифасини ўтаётган ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш, унга туҳмат қилиш ва уни ҳақорат қилиш айблари кўзда тутилган.

2019 йилнинг 7 мартида Жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди айбловлар тасдиғини топди, деган қарорга келган, аммо ЖКнинг 70-моддасини қўллаб, Хўжақуловни суд залидан озод қилган.

Бош прокуратура баёноти

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ҳам Нишон тумани суди ҳукмида тилга олинган маълумотларни Озодликка йўллади.

Бош прокуратура тақдим қилган матнда "И.Хўжақулов ва У.Ўроловлар ИИБ ходимларига хизмат вазифаларини бажаришларига қаршилик кўрсатиб, унинг кийимларини йиртиб ташлагани" айтилган.

Баёнотда айтилишича, ИИБ ходими Қ. Манноновга "соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига олиб келмаган енгил шикаст" етказилган.

Шу кунда қўлтиқтаёқда юрган "У.Ўроловнинг танасидаги жароҳатлари ўзи зарб билан ер қопламаси устига йиқилиши оқибатида олиши мумкинлиги кўрсатилган". Яъни, Ўроловни ИИБ ходими урмаганини иш бўйича сўров қилинган 5 гувоҳ тасдиқлагани айтилган.

"Айбдор" даъвогар

Эндиликда Илҳом Убайдуллаев ҳодисада ўзи ва ҳануз юра олмаётган укаси жарбдийда бўлгани ҳолда, уни айбдорга чиқарган суд ҳукми устидан ариза киритганини айтмоқда.

“Аслида калтакни еган бизмиз, оёғи синиб, қўлтиқтаёқда қолган укам. ИИБ ходимлари устидан арз қилган ҳам бизмиз. Лекин, суд ҳукмига кўра, мен милисани урган, формасини йиртган, ҳақорат қилган, туҳмат қилган бўлиб чиқдим. Мен ва укамга нисбатан шунча ҳақсизликка кўз юмган Нишон тумани суд ва прокуратура органлари менинг шикоятимни қондиришига ишонмайман”, дея даъво қилди Илҳом Хўжақулов.

Даъвогар ака-укалар: Мелиса бизни калтаклади, лекин суд бизни зўравонга чиқарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:42 0:00

"Вақтинча ишсиз қонунбузарлар"

Ака-уканинг ҳаётини бутунлай издан чиқариб юборган 7 октябрь кунги ҳодисага эса, 400 литр солярка сабаб бўлган.

Айтишларича, 2 фарзанднинг отаси бўлган 31 яшар Илҳом Хўжақулов ва келгуси йили уйланишни режалаётган укаси 28 яшар Убайдулла вақтинча ишсиз.

Илҳом бисотидаги Нексия машинасида киракашлик қилади ва ўша куни улар фермер қўшнисига солярка келтириб бериш учун Нишон туманига борган.

"Бизда ўқишга шароит бўлмади. Ота-онам мактабда ишлайди, оддий оиламиз. Мен киракашлик қиламан, укам эса шу ерда ёки Қозоғистонга бориб, мардикорлик қилади. Ўша куниям солярка олиб келиб берамиз, деб шунча иш бўлди", дейди Хўжақулов.

Эндиликда бу ака-укалар биринчи инстанция суди ҳукми устидан киритган аризаси қонуний тарзда кўриб чиқилиши ва адолатли ҳукм чиқарилишига умид қилиб, Президентга бир неча марта мурожаат қилган.

Нишон туман ИИБ раддияси

2019 йилнинг 1 апрелида Нишон тумани ИИБ матбуот хизмати номидан йўллангани айтилган раддия таҳририятга келиб тушди.

Раддияда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ва Нишон тумани суди ҳукмида тилга олинган ҳамда мақолада келтирилган маълумотлар такрорланган.

Яъни, ака-укаларнинг даъвоси "тўлиқ асоссиз бўлиб, бу тергов ва суд даврида тўлиқ исботланган"и таъкидланган.

"Аксинча, И.Хўжақулов ИИБ ходими саналган Қ.Манноновни уриб, хизмат кийимини йиртиб ташлагани, “қўйвор, фалон қиламан” мазмунидаги қўпол сўзлар билан ҳақоратлагани, У.Ўралов ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, қочиб кетаётган вақтида бир марта йиқилиб тушиб, сўнгра оқсоқланганча, қочиб кетгани воқеа жойида бўлган ИИБ ходимларидан ташқари фуқаролар (улар ИИБ ходимлари эмас) И.Нормўминов, П.Шомирзаев ва бошқа бир қанча шахсларнинг кўрсатувлари билан ҳам тасдиқланган", дейилади раддияда.

Шунингдек раддияда “танасидаги жароҳатларни йиқилиши натижасида олишлиги эҳтимолдан йироқдир”, деган хулоса "оёқ қисмидан тан жароҳати олган ука У.Ўролов эмас, балки ИИБ ходимлари билан тортишиб, уларни ҳақоратлаб, тан жароҳати етказган ва хизмат кийимини йиртиб ташлаган ака И.Хўжақуловга тааллуқли" экани таъкидланган.

XS
SM
MD
LG