Линклар

Шошилинч хабар
23 май 2022, Тошкент вақти: 08:22

Қозоғистон президенти ижтимоий тармоқларни блоклашга рухсат берувчи қонунни имзолади


Нур-Султонда норозилар ижтимоий тармоқ тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши чиқишган эди. 2022 йилнинг 2 апрели.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев расмийларга фойдаланувчиларни кибержиноятлардан ҳимоя қилиш учун ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларни блоклашга рухсат берувчи мунозарали қонунни имзолади.

Ҳукумат ўз танқидчиларининг овозини ўчиришда мазкур қонундан фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар фонида Тоқаев бу қонунни маъқуллади.

Қонун лойиҳаси 20 апрель куни депутатлар томонидан маъқулланган.
Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритган қонун лойиҳасига кўра, хорижий ижтимоий медиа тармоқлар ва мессенжерлар Қозоғистонда рўйхатдан ўтиши ва фаолият юритиши учун маҳаллий бўлимини очиши шарт.

Компанияларга Қозоғистонда рўйхатдан ўтишлари ва маҳаллий офисларини очиш учун олти ой вақт берилган.

Қонун муаллифлари депутатлар Айдос Сарим ва Динара Закиева бўлиб, улар назорат қилувчи органларга суд қарорисиз веб-сайтларни блоклашга рухсат беришни ҳам таклиф қилган.

Интернет экспертлари ва фаоллари қонунни танқид қилиб, бу ҳукуматнинг ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар устидан назоратни кучайтиришини билдирди. Сўнгги ҳафтада қонунга қарши бир неча норозилик намойишлари ўтказилди.

Интернет фойдаланувчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Ҳуқуқий медиа маркази” гуруҳи раиси Диана Окремова аввалроқ Озодлик билан суҳбатда қонун лойиҳасида болалар ўртасидаги кибержиноятларнинг аниқ таърифи йўқлиги ва хавфли маълумотларни тарқатиш атамаси ҳам мавҳумлиги сабабли, қонун устида ҳали ишлаш кераклигини айтган.

Окремова яна бир мунозарали қонун, ижтимоий низоларни қўзғатиш тўғрисидаги қонун ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, "ноаниқ бандлар" расмийларга сўнгги йилларда ўнлаб фаол фуқаролар, журналистлар, блогерлар ва диний гуруҳлар вакилларини қамоққа ташлаш имконини берган.

Ҳуқуқ фаоллари Қозоғистон ҳукуматини ўзгача фикрни бостириш учун қонун ҳужжатларида атайлаб “ноаниқ тил” услубиятидан фойдаланганликда айбламоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қозоғистон тез-тез ижтимоий тармоқларга киришни тўсиб қўйиши ёки чеклашини айтиб келади.
Freedom House дунёда интернет эркинлиги даражаси ҳақидаги йиллик ҳисоботида Қозоғистонни “эркин бўлмаган” давлат деб таърифлаган.

XS
SM
MD
LG