Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:16

"Қашшоқ аҳоли кредит олишга тушди". Икки банк муаммоли қарзлар сабаб тижорий кредит беришни тўхтатди


“Халқ банки”да муаммоли кредитлар салмоғи ошиб кетгани сабабли тижорат кредитларини бериш вақтинча тўхтатилди.
“Халқ банки”да муаммоли кредитлар салмоғи ошиб кетгани сабабли тижорат кредитларини бериш вақтинча тўхтатилди.

Ўзбекистонда икки йирик давлат банки - “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” муаммоли кредитлар салмоғи ошиб кетгани учун тижорий кредитлар беришни тўхтатди. Бу чораларни қўллаган банклар қайтган маблағлар ҳисобидан кредитлар беришни қайта тиклашини ваъда қилди.

Мутахассисларга кўра, банклар ишсиз ва камбағал аҳолининг катта қисмидан қарзларни ундиришга қийналмоқда.

Молиячиларнинг айтишича, муаммоли кредитлар миқдори давлатга қарашли бўлган деярли барча банкларда ортгани кузатилмоқда.

“Аҳолидан кредитларни ўз вақтида тўлаб беришни сўраймиз”

Жорий йилнинг 3 август куни акциядорлик тижорат “Халқ банки”да муаммоли кредитлар салмоғи ошиб кетгани сабабли тижорат кредитларини бериш вақтинча тўхтатилди.

Марказий банк келтираётган рақамларга кўра, 1 июль ҳолатига Халқ банки портфелидаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши 15 фоизни, яъни 21,3 трлн сўмнинг 3,2 трлн сўмини ташкил этди. Бу давлат банклари ўртасида «Ўзагроэкспортбанк»дан (62,6 фоиз) кейинги иккинчи кўрсаткич ҳисобланиб, июнь ойи бошида Халқ банкининг муаммоли кредитлари ҳажми 6 фоиз (20,9 рлн сўмдан 1,26 трлн сўми) даражасида бўлган.

Шу куниёқ давлат банки саналган “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки ҳам “Халқ банки” чиқарган хабарни сўзма-сўз такрорловчи эълон берди. Банк муаммоли кредитлар салмоғи ошиб кетгани боис тижорат кредитларини вақтинча тўхтатганини маълум қилди.

Давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар учун имтиёзли кредитларга чекловлар йўқ. Эслатиб ўтамиз, бу йўналишдаги кредитлар муаммоли кредитлари кўп бўлмаган ва кредитлар ўз вақтида қайтаётган филиаллар томонидан ажратилади”, дейилади банк расмий Телеграм-каналидаги хабарда.

Тижорат кредитларини тўхтатган банклар, вазият мураккаблигига қарамасдан, “яқин кунларда қайтган маблағлар ҳисобидан кредитларни бериш йўлга қўйилиши”ни айтмоқда.


“Микрокредитбанк” ва “Халқ банки” маъмурияти кредит олган Ўзбекистон ватандошларидан имкон қадар кредит қарздорликларини ўз вақтида узишни сўраб, мурожаат қилди.

Бундан олдинроқ Ўзбекистон Марказий банки мамлакатда муаммоли кредитлар улуши ортиб бораётган банклар сони кескин кўпайганини хабар қилганди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши 2021 йилнинг 1 май ҳолатига берилган кредитлар умумий ҳажмининг 4,4 фоизини ташкил этган ва бу рақам ҳозиргача фақат ўсишни кўрсатган. Марказий банк давлат банк тизими 2020 йилнининг айни даврига таққослаганда ўртача ҳисобда 2,1 фоизли муаммоли кредитлар улуши билан тугатганини очиқлади.

Муаммоли кредитлар (Non-performing loan, ишламай қолган кредитлар-таҳр.) деб 90 кундан ортиқ талаб қилинган ва қониқарсиз, шубҳали ва ёмон деб таснифланган кредитларга айтилади.

Банк ходимлари уйма-уй юрибди

Юзага келган вазиятда банклар раҳбариятлари берилган кредитларни қайтариш бўйича ишларни банк ходимлари зиммасига юклатилаётгани турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқармоқда.

29 июль куни Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги “Универсалбанк” АТБнинг Қарши шаҳар банк хизматлари маркази ходимлари маҳаллий фуқаро Э.Ш. ва унинг шериклари томонидан калтаклагани хабар қилинди.

2020 йили “Универсалбанк”дан жами 350 миллион сўм кредит олган бу шахс ўз ўртоқлари билан бирга уч нафар банк ходимини уриб, уларга тан жароҳати етказган.

“Универсалбанк”нинг жароҳатланган икки ходими шифохонага ётқизилди
“Универсалбанк”нинг жароҳатланган икки ходими шифохонага ётқизилди

4 август куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қарши филиалидан даволаниб чиққан Баҳодир исмли калтакланган банк ходими Озодликка “банк ходими бўлиш хатарли бўлиб қолгани"ни айтди.

- Қарз ундиришга боргандик ўша куни. Вазифамиз – қарз тўлови тўғрисида огоҳлантириш бериш эди. 3 киши эдик – улар иккита машинада 5 киши келиб бирдан уриб кетди, сўкиб таҳқирлашди. Бош мия чайқалиши, оғизда тикилган жойлари бор, бошқа жароҳатларни етказишди. Деҳқон ака юзидан қаттиқ жароҳатланди ва мияси чайқалди. Лазиз деган бухгалтеримизнинг ички органлари лат еди. Биз икки киши болнисага тушиб қолдик. Кредит билан шуғулланиш ҳар бир банк ходимининг бурчи, чунки усиз банк яшамайди. Бундай ҳолатга биринчи маротаба учраяпман. Унга олдин ҳам огоҳлантириш берганмиз. У йигит ўтган йилиям қийналиб тўлаган. “Бу йил тўлолмайман”, деб келаётганди, - деди суҳбатдош.

Мутахассислар муаммоли кредитлар улуши давлатга қарашли бўлган 13 банкнинг 10 тасида ошганига эътибор қаратмоқда.

“Халқимиз кредитларга “ўтириб” қолди”

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон банкларидан бирининг кредит бўлими бошқарувчиси республика бўйлаб кредитлаш тизимида келиб чиққан муаммоларни коронавирус пандемияси, нотўғри кредитлаш сиёсати ва ишсизликка билан боғлади.

Исми ошкор қилинмаслигини сўраган банк бошқарувчисининг сўзларига кўра, муаммоли кредитлар Ўзбекистондаги ҳамма банкларда мавжуд.

- Кредит тўлаш қурбининг пасайишига пандемия ортидан келиб чиққан импорт-экспортнинг кескин камайиши, товарлар реализацияси тушиши сабаб бўлди. Пандемия бошланганидан кейин қанча меҳнат муҳожирлари қайтиб келди, чегаралар ёпилди - ишсизлик кескин ошди. Нарх-наво ошяпти, одамларда тўлов қурби пасайиб кетяпти. Яна бир сабаб, бизда айниқса давлат банк тизими ҳокимларга бўйсунади. Топшириқ бўлади – берасан шунга, овози ўчсин, дейди! Ҳокимиятдагиларнинг унинг кредитни қайтара олмаслиги билан иши йўқ. Фуқаро банкдан кредит ололмаса, ҳокимга арз қилиб боряпти, ҳоким эса кредит бермаган банк ходимларини, раҳбарларини ишдан бўшатиб юборяпти. Ваҳоланки, ҳатто қарорларда ҳам “мақсадли ишлатилсин” дейилган. Ҳокимият гапни эшитмайди, банклар эса ўтириб қоляпти. Давлат порталига кредит сўраб мурожаат қилганлар жуда кўпайиб кетган, - дейди молия эксперти.

Кредит бўлими ходимининг айтишича, давлат банкларидаги аҳвол "бундан ҳам бешбаттар".

Суҳбатдош Ўзбекистон аҳолисида ҳали кредит олиш-қайтариш маданияти шаклланмагани, кўпчилик “бугунги кунни” ўйлабгина қарзга ботиб кетишга тайёрлигини айтади:

- Халқимиз кредитларга “ўтириб” қолган, боқиманда бўлиб қолган. Базавий ҳисоблаш миқдоридан 14 фоизли 150 баробаргача кредит бериш бемалол мумкин-да бизда! Қашшоқлашган аҳоли кредит олишга тушди. Мақсад у кредитни олиб ишлатиш эмас – шахсий эҳтиёжларни қондириш! 80 фоиз аҳолимиз шунга ўрганиб қолган. Кредитни сўраб борган ходимларни эса халқ уриб ташлаяпти. Халқаро молия институтлари томонидан 7 йилга ажратилаётган кредитлар аслида икки маротаба айлантириб олиниши керак. Одамлар иссиқхона учун, паррандачилик учун, чорвачилик дейди, аммо уни уй қуришга, машина олишга сарфлаб, қарзга ботиб кетяпти. Илгари қишлоқ хўжалиги кредитлари муаммо бўлса, ҳозир жисмоний кредитлар муаммо. Аммо муаммолар катта бизнес кредитларда ҳам мавжуд, сўзсиз.

Банк мутахассисининг сўзларига кўра, муаммоли кредитларни камайтириш учун Ўзбекистонда мустақил банк тизими яратилиши ва малакали банк бошқаруви жорий этилиши, халқ орасида банк маданияти оширилиши ва, энг асосийси, яхши маош тўланадиган иш ўринлари кўпайтирилиши керак.

Озодлик Ўзбекистондаги банклар аҳолига берилган кредитларни қайтариш мақсадида ўз ходимларини меҳнат қонунчилигига зид тарзда иш соатлари меъёридан оширилган ҳолда ва дам олиш кунларисиз ишлатаётгани тўғрисида олдин ҳам хабар берган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида корхоналарнинг кредит қопламаслик ҳолати ва оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича берилган кредитларни қайтариш муаммо бўлиб қолганини тан олиб, йил якунига қадар уларни юз фоиз қайтариш ҳақида кўрсатма берган эди.

XS
SM
MD
LG