Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 14:58

Наманганда икки битирувчи кафеда электр токи уришидан ҳалок бўлди


Иллюстратив сурат, унинг Попда содир бўлган фожиага алоқаси йўқ.

Наманган вилоят, Поп тумани марказидаги 67-умумтаълим мактабининг икки нафар 11 синф ўқувчиси 22 май куни электр токи уришидан ҳалок бўлди.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, икки синфдош музқаймоқ кафесининг ариқ четига ўрнатилган панжарасини ушлаганда ток урган.

Поп тумани ички ишлар бўлими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати бу воқеани текшириш вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинганини билдирди.

Поп туманидаги 67-умумтаълим мактабининг икки нафар 11-синф ўқувчисини ток уриб ҳалок бўлгани ҳақида, исми сир қолишини сўраган воқеа гувоҳларидан бири Озодликка хабар қилди:

“22-май куни 67-мактабнинг ёнидан ўтиб кетаётган эдим. Шу мактабнинг рўпарасидаги музқаймоқ сотадиган кафенинг олдида Тез ёрдам турган экан. Бориб қарасам, икки болани олиб кетишяпти. Сўрасам, ариқ четидаги панжарани ушлашганда ток урган экан. Кейин эшитсам, бу болалар вафот этган экан. Бу болалар дарсда бўлганми ёки бўлмаганми, бунисини билолмадим”.

67-умумтаълим мактабининг директори Гулнора Қодирова ўқувчилар фалокат содир бўлган пайт, мактабдаги дарсларни тугатиб, уйига кетганлигини айтди:

“Бу ўқувчиларимиз дарсдан чиқиб уйига борган, кейин тренировкага бормоқчи бўлишганда, ҳали вақт борку деб, музқаймоқ егани киришган. Кафе ишчилари музқаймоқ чиқарадиган аппаратни заземление қиламан деб, унинг иккита симини чиқариб, ариқ бўйидаги панжарага улаб қўйган экан. Кўрганлардан бирининг айтишича, болалардан бири қўлини юваман деб, ариқ бўйига тушгану битта қўли билан шу панжарани ушлаган, бир қўлини сув оламан деб ариққа тиққан. Шу пайт уни ток уриб, ариқнинг ичига йиқилган. Унинг ўртоғи, ток урганини билмайдику, ўртоғини ариқдан олиб чиқаётганда у ҳам ўша панжарани ушлаган экан, уни ҳам уриб йиқитибди”.

Мактаб директорининг айтишича, шундан сўнг болаларга биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинган:

“Кейин шовқин-сурон бўлди. Биз югуриб чиқсак, шу ҳолат. Одамлар ўзлари билганча биринчи ёрдам кўрсатаётган эди, Тез ёрдам келди, сунъий нафас беришга ҳаракат қилди. Кейин замбарга солиб олиб кетди. Аммо, афсус, касалхонага олиб боришганда иккисининг ҳам жони узилган экан. Сўнгги қўнғироққа икки кун қолганда шундай мудҳиш воқеа бўлди. Ҳаммамиз ҳозир шокка тушиб ўтирибмиз”.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Поп туманида яшайдиган фаоли Араббой Қодировнинг айтишича, музқаймоқ кафеси ҳозир ёпиб қўйилган:

“Кафе ишламаяпти, столлари йиғиштириб қўйилган. Кафе эгаларига жиноят иши очилганми, очилмаганми, бундан хабарим йўқ”.

Поп туман ички ишлар бўлимининг навбатчиси, музқаймоқ кафесида икки ўқувчи электр токи уриши оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлади. Аммо, бу ҳақда телефон орқали батафсил маълумот беролмаслигини айтди.

Ўзбекистон Бош прократураси матбуот хизмати 24 май куни кечки пайт бу воқеага шундай аниқлик киритди:

"Поп туман ИИБ навбатчилик қисмининг 2019 йил 22 май куни соат 16:00ларда берган хабарига кўра, шу куни соат 15:30ларда Поп тумани, “Мустақиллик” МФЙ, “Заргар” кўчасида яшаган, 02.01.2002 йилда туғилган И.Э. Поп туман Халқ таълими бўлимига қарашли 67-сонли умумтаълим мактаби ёнида жойлашган “Ифора” номли салқин ичимликлар савдо дўконида 10.08.2001 йилда туғилган синфдоши Н.М. билан музқаймоқ истеъмол қилиб, қўлини ювиш мақсадида шу ерда бўлган музқаймоқ тайёрланадиган дастгоҳни электр сими билан туташтириб турувчи сув ариғи бўйидаги темир тўсиқни ушлаши натижасида электр токи урган вақтида Н.М. уни қутқармоқчи бўлиб, қўлидан ушлаганида, Н.М.ни ҳам электр токи урган.

Натижада, вояга етмаган И.Э. ва Н.М.лар ҳодиса жойида вафот этишган.

Воқеа жойига Поп туман прокурори, прокурор ўринбосари, прокуратура терговчи ва ИИБ тезкор ходимлари чиқишган.

Вояга етмаган И.Э. ва Н.М.ларнинг вафот этиши ва бунинг сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Суд-тиббий экспертизасининг 22.05.2019 йилдаги 33-34-сонли дастлабки маълумотномасида, вояга етмаган И.Э.ва Н.М.ларда техник электр токидан шикастланиш аниқланганлиги кўрсатилган.

Мазкур холат юзасидан Поп туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Мазкур холат вилоят прокуратураси назоратига олинган".

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG