Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2018, Тошкент вақти: 06:58

Дунё бўйлаб касалхоналарда дори таъсир қилмайдиган кучли бактерия тарқалмоқда


Австралиялик олимлар дунё бўйлаб шифохоналарда кучли, ҳатто ўлимга олиб келиш мумкин бўлган кучли инфекция ёки бактерия тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирди. Уларнинг айтишича, бактерия дунёнинг турли бурчакларига тарқалмоқда.

Мельбурн университети ходимлари ҳозирда мавжуд ҳеч бир дори таъсир қилмаётган бактериянинг уч варианти аниқланганини айтишди.

Staphylococcus epidermidis деб номланувчи бактерия инсон терисида табиий ҳолда учрайди ва асосан ёши кексалар ёки простетик имплант ўрнатилган шахсларга юқади.

Университет ходимлари дунёнинг турли бурчагидаги 78 шифохонадан олиб келинган юзлаб Staphylococcus epidermidis бактериясини ўрганган. Бактериянинг айрим культуралари ўз ДНКсини ўзгартириб, икки кенг қўлланиладиган антибиотикка қаршилик кўрсата бошлагани аниқланган.

Олимларнинг фикрича, интенсив даволаш бўлмаларида антибиотиклардан кенг қўлланилаётгани кучли бактериялар тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти узоқ йиллардан бери антибиотиклардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш дори таъсир қилмайдиган кучли бактериялар тарқалишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириб келади.

Ўтган ойда чоп қилинган яна бир илмий мақолада шифохоналардаги бактериялар дезинфекция қилишда фойдаланиладиган спиртларга қаршилик кўрсата бошлагани эътироф этилган эди.

XS
SM
MD
LG