Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан 9 йил ўтиб, Ўзбекистонда ҳануз мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотлари чекланган, суд тизими мустақиллиги савол остида, қийноқлар давом этмоқда, озод этилган сиёсий маҳкумлар эса ҳануз оқлангани йўқ.
10 декабр – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун муносабати билан Озодликка гапирган фаоллар Ислом Каримов бошқарувидан мерос қолган шу каби қатор муаммоларни тилга олишди.
Айни пайтда, бу йил ушбу сана бутун дунёда сўз эркинлиги, шахс ва фуқаролик жамияти ҳуқуқлари тобора оғир аҳволга юз тутаётган паллада қарши олинмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 декабр - Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон ҳалқига йўллаган табригида, “фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтиришга оид қонунлар”, халқ ҳокимиятчилиги ва вакиллик демократияси” ни тилга олди.
Президентга кўра, у раҳбарлик қилаётган Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, сўз ва фикр эркинлиги каби қадриятларга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ҳамда муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Айни пайтда ҳуқуқбон ва жамоатчилик фаолларига кўра, айрим фундаментал инсон ҳуқуқлари борасидаги асл вазият президент ва бошқа расмийларнинг баёнотларидан фарқ қилади.
Жумладан, Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган ва узоқ йиллардан бери қарийб ягона мустақил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти бўлиб қолаётган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, сўз ва фикр эркинлиги чекланган, оммавий намойишлар ва халқ йиғинлари тақиқланган, суд ва кучлар ишлатар идоралар фаолиятида эса ҳануз қонунбузарликлар кўп.
Абдураҳмон Ташанов айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган маҳкумлар сони ортиб бораётгани, судлов ва тергов жараёнида ҳуқуқ бузилишлари кўпайганини тилга олди.
Ҳуқуқ фаолига кўра, Ўзбекистон суд органлари расман мустақил дейилса-да, амалда ҳокимият, куч ишлатар идоралар таъсири остида қолмоқда.
Ўзбекистонлик яна бир ҳуқуқ фаоли, Франциядаги Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева-Ўзбекистонда қарийб 30 йилга чўзилган авторитар режимни бошқарган Ислом Каримов давридан бери сақланиб қолаётган яна қатор муаммоларни тилга олади.
Бу - ўз вақтида сиёсий айблар билан қамоққа ташланган ва 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан озодликка чиқарилган сиёсий ва диний маҳкумларнинг ҳануз реабилитация қилинмаганидир.
Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президентликка келиши ортидан Каримов даврида қамоққа ташланган қатор сиёсий маҳкумларни озодликка чиқарди.
Бундан ташқари, расман 16 мингдан ортиқ диндор ва сиёсий фаол шахслар “қора рўйхат”дан чиқарилгани, бу амалиёт буткул бекор қилингани айтилди.
Аммо қамоқдан озод этилган маҳкумларнинг реабилитация ҳақидаги аризалари рад этилди, халқаро ташкилотлар ҳисоботларида уларга сохта айбловлар билан очилгани айтилган жиноят ишлари доирасида мусодара қилинган мол-мулки қайтарилмади.
Атаевага кўра, минглаб ўзбекистонлик диний эътиқоди ёки сиёсий қарашлари боис юртидан қувғин этилган, фуқароликдан маҳрум қилинган ва ҳануз Ўзбекистонга қайта олгани йўқ:
“9 йил олдин Шавкат Мирзиёев кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар бошлаганини эълон қилганди. Бироқ суд тизими ҳали ҳам амалда президент назорати остида, ижро ҳокимиятига боғлиқ қолмоқда. Янги қонунлар амалдаги вазиятни ўзгартирмади: қонун нормаси билан унинг қўлланиши ўртасида ҳануз чуқур тафовут бор. Собиқ сиёсий маҳкумлар Ўзбекистонда дискриминация ва ижтимоий яккаланиш шароитида яшашда давом этмоқда. Очиқ сўзлаганлар махсус хизматлар томонидан ҳали ҳам босимга учраётганини хабар қилмоқда. Бу босим уларнинг оила аъзоларига ҳам тарқалмоқда”.
Шу кунга қадар сиёсий ёки диний мотивларда айбланиб, қидирувга берилгани ортидан Ўзбекистонни тарк этган ёки фуқаролигидан маҳрум қилинганлар сони Озодликка маълум эмас.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари айни пайтда “Янги Ўзбекистон”га хос янги муаммолар ҳам юзага келаётганини қайд этмоқда.
Жумладан, ҳуқуқ ҳимоячиси Гулноза Мамарасулова, фермерлар ҳуқуқлари билан боғлиқ кенг кўламли ва тизимли ҳуқуқ бузилишларни тилга олади.
Ҳуқуқ фаоли тилга олган муаммо Ўзбекистонда президент Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган кластерлар тизимига боғлиқлиги айтилади.
Мамлакатда қишлоқ хўжалигининг асосий қисмини ўз назоратига олган агрокластерлар - мамлакатдаги деҳқон-фермерлар ва хусусий тадбиркорлар ҳуқуқларини бузиб келаётган бутун-бошли институтга айланиб қолди, дейди Мамарасулова.
Ҳуқуқ фаоли бунинг сабабларини навбатдаги фундаментал ҳуқуқ - мулк дахлсизлигининг Ўзбекистонда ҳануз кафолатланмаганида кўради.
Бундан 77 йил муқаддам - 1948 йил 10 декабр куни БМТ Бош ассамблеяси 217-резолюцияси билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган.
Экспертларга кўра, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий соҳадаги айрим ўзгаришларга қарамай, Ўзбекистондаги марказлашган ва қаттиққўл авторитар тузум ўзгармасдан қолмоқда. Жумладан, ҳокимият ҳануз жамоатчиликка ҳисобдор эмас ва эркин ҳамда демократик сайловлар сари қадам ташлангани йўқ.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган 1948 йилда дунё Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатларидан чиқиш, уруш домига тортилган 60 дан ортиқ давлат ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ва ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо янги геосиёсий воқеаликда қайта тикланаётган палла эди.
Орадан 77 йил ўтиб, Россиянинг Украинага босқини боис, дунё яна Иккинчи жаҳон урушини ёдга олмоқда ва ҳатто, учинчи жаҳон урушидан хавотирлар тилга олинаётган даврни бошдан кечирмоқда. Бу вазият дунё давлатлари сиёсатида умуминсоний қадриятлар ва демократик институтлар аҳамиятини бир қадар пасайтирди.
Фаолларга кўра, президент Доналд Трамп маъмуриятининг инсон ҳуқуқлари ва дунёнинг турли давлатларидаги демократик қадриятларни сақлаш, авторитар давлатлардаги фуқаролик жамиятларини қўллаш билан боғлиқ АҚШ молиявий дастурларини тўхтатиш қарори Ўзбекистон каби давлатларнинг олис қишлоқларида ҳуқуқи топталаётган фермерларининг ҳаётига қадар жиддий таъсирини кўрсатмоқда.
Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, дунё сиёсатида юзага келган бугунги вазият нафақат умуминсоний қадриятлар, балки бундай қадриятлар устиворлигини таъминлаб турган халқаро институтларга бўлган ишончни ҳам бир қадар сусайтирди.
Аммо таҳлилчилар 77 йил муқаддам 56 та давлатни бирлаштириб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилишга эришган БМТ каби институтлар муҳимлигича қолади, деган ишончда.
Ҳозир БМТ га 193 давлат аъзо ва бу давлатларнинг барчаси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини инсон ҳуқуқлари соҳасида асосий умумжаҳон стандарти сифатида тан олган.
Дунё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам ўзининг ички қонунчилиги ҳамда ҳуқуқий нормаларини ушбу декаларацияга мослаш ҳамда фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олган.
Форум