Линклар

Шошилинч хабар
17 июл 2024, Тошкент вақти: 17:55

"Ишчанлик обрўсига путур етказган". Манфаатлар тўқнашувида айбланган мулозим Kun.uz ни судга берди


Кун.уз журналистлари Баҳром Шарипов даъволарини асоссиз деб билади
Кун.уз журналистлари Баҳром Шарипов даъволарини асоссиз деб билади

Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов манфафтлар тўқнашуви ва непотизмга оид суриштируви боис Kun.uz cайти муассиси, таҳририяти ва мухбири Шокир Шарипов устидан Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси киритди.

Баҳром Шарипов Kun.uz да нашр этилган мақола унинг ва оила аъзоларининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилганини иддао қилган.

Қўмита раиси суддан таҳририят бу мақолага раддия эълон қилишини ва 1 миллиард сўм миқдорида маънавий зарар ундириб беришни талаб қилмоқда.

Kun.uz журналисти Шокир Шарипов Озодликка қўмита раисининг даъволари асоссиз эканлиги ва таҳририят ўз суриштирувни давом эттиришини айтди.

Жорий йилнинг 12 июнида Kun.uzда нашр қилинган “Давлат амалдорининг “ипакдан тўқилган” бизнес тўри. Соҳа шахсий томорқага айлантирилганми?” суриштирув мақоласида Ипакчилик ва жун саноатини Ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов “ўзига алоқадор кўплаб компаниялар орқали ипак саноатида шахсий бизнесни юритаётгани” ҳақида сўз боради.

Суриштирув аниқлашича, Баҳром Шарипов Ипакчилик ва жун саноати қўмитаси раиси бўлган ҳолда бир нечта МЧЖ раҳбари ва таъсисчилигини сақлаб қолмоқда ва хотини Сайёра Шарипова номига очилган ўндан ортиқ МЧЖ бор.

Kun.uz очиқ манбалардан бу иддаоларини тасдиқловчи далилларни ҳам чоп қилган ва фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши қонунчиликда тақиқланганини таъкидлаб ўтган.

Суриштирувда Баҳром Шарипов, давлат хизматчиси бўлатуриб, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида рўйхатдан ўтган “Karomat-Oyijon-Surxon” фермер хўжалиги раҳбари эканлиги, Бухоро шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказилган “1001 Nights” МЧЖнинг 50 фоиз улушига ҳам эгалик қилиши ҳам айтилган.

Шунингдек, нашрга кўра, “Баҳром Шариповнинг бизнес тузилмалари асосини унинг турмуш ўртоғи ҳисобланган Сайёра Шарипова номида очилган фирмалар ташкил қилади. Оила бекаси бир эмас, икки эмас, ўндан ортиқ МЧЖларда улушдор”.

Kun.uz очиқ манбалардан бу иддаоларга далил келтиради.

Баҳром Шариповнинг ўғиллари Машрабшоҳ ва Ботирбек Баҳромовлар ипак ва жун саноати билан шуғулланадиган бир неча МЧЖларга улушдор эканлиги ҳам ҳужжатлар билан келтирилган.

Ўзбекистон Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро фуқаролик судига киритган даъво аризасида президент топшириғи билан бу вазифага тайинлангани, унгача тадбиркорлик билан шуғулланганини айтар экан, 2017 йилдан 2023 йилгача “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига раҳбарлик қилганини таъкидлайди.

Озодлик суриштируви: Мирзиёев кластерига айланаётган Ўзбекистон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:10:20 0:00

2023 йил 23 январдан эса у Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимида ишламоқда.

Баҳром Шарипов ўз даъво аризасида “мақолада келтирилган маълумотлар нохолис ва бир томонлама бўлиб, мен ва оила аъзоларимнинг шаъни, қадр қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказганлигини” ёзади.

Шарипов идаосича, Уюшма таркибига кирувчи 74та корхонанинг бирортасида у таъсисчи эмас ва уларда улуши ҳам йўқ.

“Уюшма таркибига кирувчи бор-йўғи 4та корхонада турмуш ўртоғим С.Шарипованинг улуши мавжуд бўлсада, бироқ ушбу корхоналарнинг барчаси Уюшма ташкил этилишидан анча йиллар илгари ташкил этилган”, деб ёзади қўмита раиси.

Кун.уз эса очиқ манбалардан С.Шарипова улушдор бўлган 8та МЧЖнинг ҳужжатларини келтирган.

Баҳром Шарипов давлат фуқаролик хизматида бўлиш билан фермер хўжалигига раҳбарлик қилиш “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун бўйича ҳақли эмаслигини таъкидлаб ўтса-да, бундай ҳолатда тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартибини белгиловчи бирон – бир қонун ҳужжати қабул қилинмаганини дастак қилиб келтиради.

Шарипов суддан Kun.uz ва журналист Шокир Шарипов ундан расман узр сўрашини ва 1 миллиард сўм миқдорида маънавий зарар ундириб беришни талаб қилган.

Kun.uz журналисти ва ушбу мақола муаллифи Шокир Шарипов Озодлик билан суҳбатда қўмита раҳбари Баҳром Шариповнинг даъволарида асос йўқлигини айтди:

“Биз очиқ манбалардан фойдаланиб манфаатлар тўқнашуви бўлганини очиқ-ойдин кўрсатиб бердик. Қўмита раиси судда ўзини қанчалик оқлайди, билмадим, лекин даъво аризасида ўзини оқлолмаган. Лекин манфаатлар тўқнашуви борлиги шундайлигича кўриниб турибди. Менда шундай фикр пайдо бўляптики, аксарият раҳбарда манфаатлар тўқнашуви нима эканлиги ҳақида тушунча йўқ. Бундай ҳолатлар нормал деб қабул қилиняпти. Биз ОАВ сифатида бевосита ўз вазифамизни бажаряпмиз, жамиятга зарар келтирадиган иллатни топиб, жамоатчилик учун очиқлаяпмиз. Агар ОАВда давлат амалдорининг фаолиятидаги бир камчилик ёки иллатни очиб беролмайдиган, мустақил суриштирув ўтказа олмайдиган бўлса, бундай ахборот воситасининг нима кераги бор?”

Озодлик Ўзбекистон Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шариповнинг иш телефонига бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо гўшакни ҳеч ким кўтармади.

Ўзбекистонда амалдорларнинг маҳаллий нашрларни судга тортиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

2021 йилнинг январь ойида жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди Effect.uz нашри журналистларини унинг рухсатисиз кабинетга бостириб киришда айблаган эди.

Ҳодиса ортидан Судьялар кенгаши баёнот чиқариб, Effeсt.uz мухбирларини “журналист одобига зид хатти-ҳаракат қилиш, суд мустақиллиги ва судья дахлсизлигига очиқдан-очиқ тажовуз ва ҳурматсизлик”да айблаган.

Қашқадарё вилоят суди 3 ноябрь куни Effect.uz сайтининг собиқ мухбири, ҳозирда Taftish.uz сайти мухбири бўлган Элёрбек Тожибаевга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш, Effect.uz сайти мухбирлари Акбар Нуримбетовга 3 йил озодликни чеклаш, Ҳамиджон Аҳмедовга 2 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазоси берган эди.

Шу йил майида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков Koba san’at majmuasi таъсисчиси экани аниқланганини айтиб, у раҳбари бўлган вазирликка манфаатлар тўқнашувига барҳам бериш юзасидан тақдимнома киритганини маълум қилган эди.

Бунинг ортидан вазир аксилкоррупция агентлиги хабарида тилга олинган компанияни ўғли Жафарбек номига расмийлаштириб берган.

Ўтган ой Ўзбекистон Сенати “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни маъқуллаган.

Унда манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга аниқлама берилган.

Озодбек Назарбеков фирмаси. Манфаатлар тўқнашуви қачон барҳам топади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:19 0:00

Коррупцияга қарши кураш агентлиги ўтган йили мамлакат бўйича жами 138 нафар ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 1092 нафар ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланиб, манфаатлар тўқнашуви ҳолатини содир этганини аниқлаган. Жами 1378 мулозим давлат хизматида ишлаш билан биргаликда фирмалар очиб унга бевосита раҳбар ёки таъсисчи сифатида тадбиркорлик билан шуғулланган.

Президент Мирзиёевнинг коррупцияга қарши курашиш ваъдаларига қарамасдан ҳукумат давлат амалдорларининг даромадларини декларация қилиш тизимини йўлга қўйишни кечиктириб келмоқда.

Ўзбекистон расмийлари, хусусан, президент администрацияси Озодликнинг манфаатлар тўқнашуви ва коррупция, жумладан, президент оила-аъзоларининг бизнеси билан боғлиқ қатор суриштирувларини жавобсиз қолдирган.

Мирзиёев маъмурияти Озодликнинг 8 июль куни эълон қилинган президент оиласи ва қариндош уруғларининг ҳокимиятда юқори лавозимларга тайинланиши баробарида мамлакат иқтисодиётининг бутун бошли соҳаларини назорат қилаётганига оид охирги суриштируви юзасидан саволларга ҳам жавоб бергани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG