Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:13

Бозорқўмлар устидан очилган жиноий иш доирасида прокуратура “Ипподром”да текширув бошлади


24 сентябрь куни Тошкентдаги собиқ “Ипподром”¸ ҳозирги “Чилонзор буюм савдо комплекси”да прокуратура ходимлари кенг кўламли текширув бошлади. Озодликка бу ҳақда хабар қилган савдогарларга кўра, текширув жараëнида бозордаги омборхона ва айрим дўконлар муҳрланган. Бош прокуратура маълумотига кўра, ушбу текширув пиёз можароси боис ҳибсга олинган бозорқўмлар иши доирасида бўлиб, жараëннинг тадбиркорлар фаолиятига халақит бермаслиги таъминланмоқда.

Сўроқ-жавоб бошланди

Озодликка боғланган савдогарларга кўра, 24 сентябрь куни кечқурун “Чилонзор буюм савдо комплекси”даги савдо қилувчи тадбиркорлар бирма-бир сўроққа чақиртирилган.

“Кеча соат 5 ларда бошланди. Прокуратурадан битта группа бўлиб келишган. Ипподромдаги ҳаммани чақиришаяпти. Мен соат 7 га яқин бордим. Аввал оғзаки савол-жавоб қилди. Кейин ёзма равишда¸ аввалдан ёзилган саволларни беришди. Шуларни тўлдириб бердим. Улар қонуний ишлаяпсанми? Ҳужжатларинг борми? Бозор маъмуриятига тўланадиган тўловлар учун квитанция оласанми? Омборхоналардан фойдаланиш учун шартнома борми?, деб сўрашди. Кейин шу саволларга ёзма равишда жавоб бердим”, дейди терговга оид маълумотларни очиқлаш оқибатидан чўчиб¸ шахси сир қолишини сўраган тадбиркор.

Ҳужжатсизлар дўконини очмади..

Айни бозорда савдо қиладиган бошқа бир тадбиркор¸ 24-25 сентябрь кунлари бозордаги айрим дўконларнинг ишламаëтганини билдирди.

“Ҳужжатида озгина муаммоси борларнинг дўконини печатлаб қўйишди. Складларни ҳам печатлашган. Патентсиз ишлаётганларнинг товарларини мусодара қилишни бошлашган. Ипподромдан ташқари ёнимиздаги Бешқўрғон бозорида ҳам дўконларини печатлашган. Складга товар қўйиш учун шартномаси йўқлар ҳам бугун дўконларини очишмади. Уларнинг складдаги товарларини мусодара қилишаяпти. Ҳали ҳамма бозорчини сўроқ қилишмади. Бугун ҳам сўроқ бераётганлар бор”, деди савдогар йигит.

Озодликка боғланган тадбиркорлар прокуратура ходимлари ëзма жавоб беришни талаб қилган сўроқнома нусхасини юборди. Матндан бозордаги тадбиркорларни Ўзбекистон Бош прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасининг тергов гуруҳи сўроқ қилаëтгани аëн бўлади. Сўроқномадаги аксар саволлар тадбиркорларнинг “Чилонзор буюм савдо комплекси”даги омборхоналардан қандай фойдаланиб келаётганига оиддир.

Прокуратура қилган ёзма савол-жавобнинг Озодликдаги

нусхасида тадбиркор йигит бозор омборхонасида юк сақлаш учун ижара шартномаси тузмаган ҳолда, икки йилдан бери омборхона қўриқчиларидан бири билан келишиб, товарларини омборхонада сақлаб келганига иқрор бўлган.

Озодлик боғланган савдогарларнинг айтишича¸ “Чилонзор буюм савдо комплекси”да жами 15 та омборхона бор.

“Ипподром бозоридаги 15 та складга жами тахминан 500 та тадбиркор товарини қўяди. Кейин кўпчилик қўшни Дўстлик, Бек Барака, Бешқўрғон бозорлари омборхоналарига қўяди. Айримлар бозор яқинидаги хонадонлар билан келишиб, олган. Хонадон эгалари уйининг битта хонасини келишилган нархга бозорчиларга ижарага беради. Бу бозор складидан арзон тушади", дейди савдогар йигит Озодлик билан суҳбатда.

Пиёз можароси

Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозимининг Озодликка айтишича, “Чилонзор буюм савдо комплекси”даги текширув "пиёз можароси бўйича жавобгарликка тортилган бозорқўмлар иши доирасидаги қисқа текширув бўлиб, текширишни бозор маъмурияти ва тадбиркорларнинг савдо-сотиқ фаолиятига халақит бермаган ҳолда ўтказиш чоралари кўрилган".

Айни пайтда мулозим тадбиркорларнинг товарлари мусодара қилиниш ҳолатини инкор қилиб, текширув фақат бозор омборхоналари фаолиятини текширишга қаратилганини таъкидлади.

Озодлик Тошкентда 11 бозорқўм икки ойдан бери ҳибсда сақланаётгани ҳақида 23 августда хабар қилган эди.

Бош прокуратура мулозимига кўра, бозорлар раҳбарлари, жумладан, “Чилонзор буюм савдо комплекси” раҳбари давлат заҳирасидаги пиёзнинг чириб кетгани учун очилган жиноят иш доирасида қўлга олинган.

Дастлаб пиёз можароси сабаб очилган жиноят иши кейинчалик қўлга олинган бозорлар раҳбарларининг фаолиятини тафтиши билан давом эттирилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати сентябрь ойи бошида пойтахтдаги ҳибсга олинган бозор раҳбарлари пиёз можаросидан ташқари яна бир қатор иқтисодий жиноятларда айбланаётганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG