Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2024, Тошкент вақти: 23:54

Жиззахда бюджет ташкилотлари ходимларидан гулкарам уруғига пул йиғилмоқда


Жиззах шаҳридаги бюджет идораларининг ҳар бир ходимидан экспорт учун етиштириш режалаштирилаётган сабзавот - гулкарам уруғи учун 40 минг сўмдан пул йиғилмоқда. Айрим ташкилотлардан пулни "Микрокредитбанк"ка топшириш, айримларидан эса сабзавотни экиб, ҳосилни етказиб бериш талаб қилинмоқда. Вилоят ҳокимлигига яқин манбага кўра, ҳоким Бош вазирга бу йил гулкарам етказиб беришни ваъда қилган.

Жиззах вилоят ҳокимлигига яқин манбанинг айтишича, вилоят ҳокими июль бошида Бош вазир Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган селектор йиғилишида экспорт учун гулкарам етказиб бериш ташаббуси билан чиққан:

"Ўз қулоғим билан эшитдим. Мирзиёев нима етиштириб берасизлар, деб сўраган эди, ҳокимнинг ўзи айтди: "500 гектар ерга гулкарам экамиз", деб. Энди Жиззах шаҳри атрофидаги районлар, асосан, Жиззах туманида экилади, менимча. Ҳозир бюджет идораларидан ишчи бошига 40 минг сўмдан уруққа пул йиғиляпти", деди манба Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Жиззах вилояти ҳокимлиги шаҳардаги бюджет ташкилотлари ходимларидан сўнгги 15 кундан буён гулкарам уруғи учун маблағ йиғилаётганини тасдиқлади. Гулкарам етиштиришни ташкиллаштириш ишлари билан вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари шуғулланаётгани ҳам айтилди. Аммо, ўринбосар Абдунаби Шодмоновдан расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

"Туронбанк"нинг Жиззах шаҳридаги филиали ходими пул йиғишни вилоят ҳокимлиги талаб қилгани ва бу иш билан банк раиси ўринбосари шахсан шуғулланаётганини айтди:

"Йиғиб бўлай, деб қолдик. Раис ўринбосари шахсан шуғулланаяпти. Ҳозирча фақат пул йиғиляпти", деди банкнинг ўзини таништирмаган ходими.

Шаҳардаги яна бир банкдан олинган маълумотга кўра, уларга пул йиғиш, сўнгра махсус ажратиладиган ер майдонида гулкарамни етказиб бериш ҳам топширилган.

Шаҳардаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари, айрим шифохона ва поликлиникаларда ҳам пул йиғилаётгани айтилди.

Норасмий маълумотга кўра, ўқитувчилар ва шифокорлар пулни "Микрокредитбанк"ка топширишга мажбурланмоқда:

"Бу банк пулга уруғ олиб, фермерларга тарқатади, чамамда. Лекин, ҳали ҳеч нарса маълуммас, ҳозирча ҳаммадан мажбурлаб пул йиғишяпти. Қачон экилади, қанча майдонга экилади, қайси майдонларга экилади - ҳали бирор расмий гап бўлгани йўқ", деди жиззахлик манба.

Жиззах туманида 35 гектар ери бўлган фермерлардан бири эса уларга буғдойдан бўшаган майдонда гулкарам экиш ҳақида кўрсатма келгани ва уруғ учун улардан ҳам пул йиғилаётганини айтди.

Шу вақтгача карам экмаган деҳқон ҳосил яхши бўлмай қолишидан хавотирда:

"Мен шахсан ўзим ҳеч экмаганман, Жиззахда эканни кўрмаганман ҳам. Оддий карам экканмиз, лекин уни биринчи экин қилиб экардик. Ҳозир 5 августдан бошлаб экасизлар, унгача 3 миллион сўмдан уруққа пул ўтказинглар, деб топшириқ келган. Иссиқ 43 даража бугун, бунақа иссиқда гулкарам кўкарармикин, ҳосил берармикин ёки яна пулини берасан дейишармикин, деб ҳайронмиз", деди исмини ошкор қилишни истамаган жиззахлик фермер.

Ўзбекистонда гулкарам, асосан, иқлими бироз салқин бўлган вилоятларда, жумладан, Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида етиштирилади.

90-120 кун ичида етиладиган бу сабзавот тупроқ намлиги 70, ҳаво намлиги 80 фоиз атрофида бўлган қуёшли иқлимда яхши ўсади. Ҳаво ҳарорати эса энг пасти +10, юқориси +25 даражагача бўлиши лозим. Жиззах вилоятида гулкарам экиш кўзланаётган август-ноябрь ойларида ҳаво ҳарорати 35-40 даража, йил салқинроқ келганда 20-25 даражагача иссиқ бўлиши кузатилади. Бундан ташқари, вилоятда кейинги йилларда сув танқислиги ҳам кузатилмоқда.

Шу боис, вилоят ҳокимининг буғдойзорлардан бўшаган майдонларга иккинчи экин сифатида гулкарам экиш ташаббусига танқидий кўз билан қараётганлар кўп бўлмоқда. Аксинча, фермерлар йиллар давомида экилган дуккакли экинлар - мош, ловия ёки иссиқсевар сабзавотлар экиш ташаббусини илгари сурмоқдалар.

Аммо, бу йил хорижга савбзавот ва мева экспортини 17 баробарга оширишни кўзлаган ҳукумат жойларда деҳқон-фермерларга қайси сабзавотни экиш бўйича кўрсатма бераётгани, айрим ҳолларда кўрсатмалар иқлим, ер майдонининг шароити ва бугунги аҳволи, деҳқонлар ихтисослашган соҳаларга зид келаётганидан шикоятлар кўп бўлмоқда.​

XS
SM
MD
LG