Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:35

GM Uzbekistan нинг “қўшиб ëзишдан” бош тортган юқори лавозимли амалдори прокуратурада сўроқ қилинди


GM Uzbekistan ширкатининг “қўшиб ëзишдан” бош тортган собиқ юқори лавозимли амалдори Алишер Комилов.
GM Uzbekistan ширкатининг “қўшиб ëзишдан” бош тортган собиқ юқори лавозимли амалдори Алишер Комилов.

GM Uzbekistan ширкати мувофиқлаштириш ва режалаштириш дирекцияси директори бўлиб ишлаган 40 яшар Алишер Комилов 28 август куни Ўзбекистон Бош прокуратурасида сўроқ қилинди ва тилхат билан уйига қўйиб юборилди.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқарувига яқин мулозимга кўра¸ Алишер Комилов “кўзбўямачилик қилишга рози бўлмагани учун исталмаган шахсга айланган”​.

Озодлик мавзу юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ GM Uzbekistan ва "Ўзавтосаноат" раҳбарияти билан боғланишга уринди. Ўзбекистонда байрам куни бўлгани боис, бу идоралардан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқарувига яқин мулозимнинг айтишича, Комиловнинг хизмат кабинетида прокуратура терговчилари 28 авустда тинтув ўтказган. Комилов автомашиналарни навбатсиз расмийлаштириб сотганликда гумон қилинган.

Озодлик мухбири Комилов ҳақида уни яқиндан танийдиган ҳамкасбларидан суриштириб кўрганида, унинг чет-элда ўқиб келиб, 10 йилдан бери автосаноат системасида ишлаб келганини, ўзида бир дона Ласетти русумли мошинаси борлигини аниқлади. Ҳамкасбларидан бири уни "ақилли ва ойликдан ойликка яшайдиган тоза йигит", деб атади.

Озодлик суҳбатлашган “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқарувига яқин мулозимга кўра¸ Алишер Комилов ширкат тарафидан автосалонларга юборилаëтган (контрактация) GM автомобилари сонини аниқ кўрсатгани ва қўшиб ëзишдан бош тортгани учун жазоланган:

- Алишер хизмат вазифаси доирасида ширкат сайтига маълумот қўйиб ҳам турар эди. Уни автопромга чақириб салонлардаги автомобиллар ҳақида маълумотларни ширкат сайтига қўйишни сўрашган. Комилов реал рақамлардан иборат маълумотни қўйган. Раҳбарият эса, унга нега бу рақамларни қўйдинг¸ нега кўпайтирмадинг деб дағдаға қилган.

Озодликнинг вазиятдан хабардор бошқа бир суҳбатдоши - GM Uzbekiston ширкати бошқарувига яқин ходимнинг айтишича¸ “Комиловни қўшиб ëзишдан расман бош тортгани учун оператив ходимлар томонидан уларнинг мошинасида олиб кетилган ва прокуратура эшиги олдида унга кишан солинган. Шундан сўнг корхонанинг яна уч ходими ҳам олиб кетилган. Улар орасида машиналар тан нарҳини пасайтириш бўлими бошлиғи Рустам Бекжонов ҳам бўлган.

- Рустам ака Комилов кабинетини тинтув қилган прокуратура ходимларига ордерила борми, деб сўрагани учун "Сан ақиллимисан" деб уни ҳам олиб кетишган. Уни кечаси 12 да қўйиб юборишди. Алишер Комилов кўроқ сўроқ қилинди. Кабинетида тинтув ўтказилиб мухрлаб қўйилди. Ҳозир унинг устидан очилган жиноят иши ниҳоясига етмаган бўлса ҳам¸ уни тезда ишдан бўшатиб ўрнига янги одамни ҳам тайинлаб қўйишди.

Озодлик тасарруфида мавжуд ҳужжатда 29 август куни Алишер Комилов ишдан бўшатилиб¸ ўрнига Баҳодиржон Раҳмонов тайинлангани айтилган.

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқарувига яқин мулозимга кўра¸ Алишер Комилов “Кўзбўямачиликка рози бўлмагани учун исталмаган шахга айланган”.

Озодлик мухбири¸ устидан жиноий иш очилиб шаҳарни тарк этмаслик шарти билан уйида қолаëтган Алишер Комиловнинг ўзи билан ҳам гаплашди. Комилов тергов остида бўлгани учун вазиятни изоҳламаслигини билдирди.

GM Uzbekistan ширкатининг "қўшиб ëзиш" механизми

Бир мулозимнинг ишдан кетишига сабаб бўлган GM Uzbekiston ширкати “қўшиб ëзиш” тизимини айни ширкат бошқарувига яқин мулозим Озодликка тушунтириб берди:

- Қаранг, конвейердан чиқаëтган машиналарнинг аниқ сони бор ва автосалонларда тарқатилаëтган машиналарнинг сони бор. Бу икки рақам бир-бири билан боғлиқ. “Ўзавтосаноат” аҳоли орасидаги эътирозларга барҳам бериш ва юқори раҳбариятга яхши кўриниш учун автосалонларга ажратилган машиналарни кўпайтириб кўрсатади қоғозда. Аслида, бу сондаги машина салонда йўқ.

Мулозимга кўра¸ мувофиқлаштириш ва режалаштириш дирекциясининг собиқ раҳбари Алишер Комилов реал рақмларни GM Uzbekistan сайтида эълон қилиб қўйиб, бу “схема”ни фош қилган:

- Албатта, автомобилларнинг реал сони сайтдан олиб ташланиб ҳозир бўрттирилган рақамлар қўйилди. Ширкатда кўзбўямачилик яна эски ўзанига қайтди.

Автомобиль ишлаб чиқариш 10 марта кўпаядими?

Куни кеча GM Uzbekistan АЖ томонидан ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси қайта бошлангани ва харидорлар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, талаб юқори бўлган автомобиллар моделларини ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишнинг тез мослашувчан механизмини жорий қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда GM Uzbekistanнинг расмий сайтида хабар қилинди.

Бу қарорга кўра¸ Nexia ва Malibu ишлаб чиқариш қарийб 10 баробарга ошади.

Озодлик суҳбатлашган “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқарувига яқин мулозимнинг айтишича¸ "кузов зарб қилинадиган сандоннинг ишлаб чиқариш қуввати бу машиналарнинг тез орада 10 марта кўпайишини таъминлай олмайди", деди.

Суҳбатдошга кўра¸ GM Uzbekistan сайтидаги бу “маълумот реалликдан узоқ бўлган ва юқорига яхши кўриниш учун уйдирилган ширин ëлғондан бошқа нарса эмас”.

Озодлик GM Uzbekistan ширкатдидаги вазият бўйича ўз суриштирувини давом эттиради.

XS
SM
MD
LG