Линклар

Шошилинч хабар
30 июл 2021, Тошкент вақти: 03:22

ЖССТ Марказий Осиёда ташхис қўйилмаган ОИТВ ҳолатлари кўпаяётганидан огоҳлантирди


Европа Иттифоқининг касалликларни назорат қилиш агентлиги ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) дунё бўйлаб, айниқса, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда орттирилган иммунитет танқислиги вируси (ОИТВ) юқтирганларга ўта кеч ташхис қўйилаётганини айтиб, ҳукуматларни тест ўтказиш кўламини оширишга чақирди.

Орттирилган иммунитет танқислиги синдромини (ОИТС) келтириб чиқарувчи вирусни кеч аниқлаш ОИТВ тарқалишда давом этишига олиб келади, вирусга чалинган шахслар даволанишига ва уларнинг ҳаётини сақлаб қолишга тўсқинлик қилади.

Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) ҳамда ЖССТ 26 ноябрь куни эълон қилган ҳисоботда 2019 йилда Европа минтақасида 136 000 дан ортиқ одамга ОИТВ ташхиси қўйилгани айтилади. ЖССТ ўз ҳисоботларида Европа минтақасига 53 мамлакатни киритади.

Янги ташхисларнинг тахминан 80 фоизи ЖССТ Шарқий минтақа деб номловчи ҳудудда аниқланган. Ушбу ҳудуд Шарқий Европа, Россия ва Марказий Осиёдаги қатор давлатларни ўз ичига олади.

Ташхисларнинг тахминан ярми ўта кеч, яъни беморнинг иммун тизими ишдан чиқа бошлаганда қўйилган.

«Бу ҳолат минтақадаги тест стратегиялари ОИТВ ташхисини эрта қўйишда самара бермаётгани кўрсатади», дейилади ЖССТ ва ECDC баёнотида.

Европа Иттифоқи ҳамда Исландия, Лихтенштейн ва Норвегияни ўз ичига олувчи ECDC минтақасида сўнгги 10 йил ичида вирусни юқтириш ҳолатлари 9 фоизга қисқарган. Бундан ташқари, минтақада беморга ташхис қўйилмаган ҳолатлар сони озаймоқда.

Аммо бутун минтақа, жумладан, Шарқий Европа, Россия ва Марказий Осиё бўйлаб янги ташхислар сони 19 фоизга ўсган. Бундан ташқари, ҳисоботда эътироф этилишича, минтақада ОИТВ вирусини юқтирган бўлса-да, ташхис қўйилмаган одамлар сони кўпаймоқда.

COVID-19 пандемияси ОИТВ синовларига қандай таъсир ўтказаётгани номаълум бўлса-да, ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий директори Ханс Клюге пандемия «бизни эришишимиз мумкин бўлган ОИТСсиз келажакдан маҳрум қилаётгани» ҳақида огоҳлантирди.

«ОИТВ ташхиси ўлим ҳукмидек кўринган кунлар эсимда. Бугунги кунда тўғри даволаш билан ОИТВни юқтирган одамлар ОИТСдан қўрқмасдан яшашлари мумкин», - деди у.

ECDC директори Андреа Аммоннинг айтишича, мамлакатлар COVID-19 туфайли ОИТВ / ОИТС каби бошқа соғлиқ муаммоларини эътиборсиз қолдирмаслиги керак.

«ОИТВ ташхисини эрта қўйиш долзарб вазифадир», - деди у.

UNAIDS маълумотларига кўра, 2019 йилда дунё бўйлаб ОИТВ билан яшаётганлар сони 38 миллионни ташкил қилган. Уларнинг 26 миллиони ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун антиретровирус терапиясини олаётгани айтилади.

XS
SM
MD
LG