Линклар

Шошилинч хабар
13 июл 2020, Тошкент вақти: 23:00

Карантин даврида кўчага чиқиши тақиқланган кексалар пенсия учун банк олдида навбатда турибди


Халқ банки Олмазор тумани филиали биноси олдида пенсионерлар навбатда турибди, 19 май, 2020

COVID-19 инфекциясидан ҳаётига таҳдид катта бўлган ва заруратсиз кўчага чиқиши тақиқланган пенсионерлар Халқ банкининг Тошкент шаҳридаги филиаллари олдида пенсиясини олиш учун тиқилинч навбатда турибди.

Бундай вазият банкнинг Олмазор тумани филиали биноси олдида 19 май куни суратга олинган видеода ҳам акс этган.

Халқ банки раҳбариятига кўра, пенсия пулларини май бошидан пластик картага ўтказиб бериш тизими йўлга қўйилиши билан шундай навбатлар бошланган. Аммо, 14 кун ўтиб, пенсияни яна нақд пулда тўлаш тизимига ўтилгач, аҳвол оғирлашган.

Видео муаллифининг Озодликка билдиришича, у 19 май куни Тошкент вақти билан соат 12 ларда Халқ банки Олмазор тумани филиали биноси олдида шу манзарага гувоҳ бўлган.

Видеода кўплаб кексалар кўринади ва муаллифга кўра, улар пенсиясини олиш учун навбат кутиб турибди.

Видеонинг муаллифи бундай деди:

“Энг ёши 50 да бўлса керак, кўпчилиги 60 - 65 ёшларда. Карантин пайтида тиқилинч навбатда туришибди. Коронавирус шу катталаримиз учун хавфли, 80 фоиз ўлим билан тугаши мумкин, деб телевидениеда ваҳима қилиб ётишдику?! Нега булар кўчада, нега банкда навбатда турибди, нега банк бунга йўл қўйган? Ачиндим, бутун умри меҳнатда ўтган шу қарияларимизга!”

"Карантин пайтида пенсионерлар Халқ банкида пенсия навбатда турибди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:46 0:00

Халқ банкининг Олмазор тумани филиалидан воқеа гувоҳи кўтарган саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, банкнинг Тошкент шаҳридаги бир неча филиалидан олинган жавобларга кўра, пенсионерлар навбатининг пайдо бўлиши пенсия пулларининг пластик картага ўтказилиши биланоқ бошланган.

13 майдан пластик карта орқали пенсия тўлови бекор қилингач эса, аҳвол янада оғирлашган.

“Ҳозир май ойидаги пенсиясини ололмаган пенсионерларимиз, агар узоқ кутолмаса, банкдан келиб олишлари мумкин бўлди. Уларга нақдлаштириб беряпмиз. Лекин, агар бироз кутиб турсалар, кассирларимиз уйига ҳам олиб бориб беради. Иккинчидан, пластикда қолиб кетган пенсиясини нақдлаштириш учун келганлар ҳам ҳам йиғилиб қоляпти”, деди банк филиалларидан бирининг ходими.

Шу йилнинг 14 апрелида, мамлакатда ҳануз амалда бўлган карантин чора-тадбирларига маcъул Ҳукумат махсус комиссияси карантин тартибини сақлаш мақсадида пенсия пулларини пластик картага ўтказишга қарор қилган ва кексаларга Humo карталари тарқатилган эди.

Бироқ 7−8 май кунлари Humo тўлов тизимида жиддий узилишлар рўй берди. Бундан ташқари, карантин пайтида кўчага чиқиши тақиқланган кексаларда пластик картадаги пулни нақдлаштириш муаммоси пайдо бўлди.

Натижада, 13 май кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев пенсионерларнинг мурожаатларини ҳисобга олиб пенсия пулини, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, яна нақд пулда тарқатишга қарор қилинганини маълум қилди.

Халқ банки матбуот котиби Юнус Бўроновнинг айтишича, 14 майдан пенсия пулини нақд шаклда уйга етказиб бериш амалиёти қайта йўлга қўйилган.

Аммо, шу кунда пенсионерларнинг пластик карталардаги пулини нақдлаштириши жараёнида шундай навбатлар юзага келмоқда.

Банк масъулининг тан олишича, бу жараёнда кексаларнинг тиқилинч навбатлари олдини олиш мушкул бўлмоқда:

“Кўпчилик пенсионерларимиз бир нарсани тушунмаяпти: фақат Халқ банкимас, барча тижорат банклари пластикдаги пенсия пулини фоизсиз нақдлаб беради. Лекин, улар фақат Халқ банкига боришяпти, бунинг устига эрталаб соат 8 – 9 орасида йиғилишади. Ойнинг бошида ҳақиқатан, шунақа навбатларни эплаб бўлмай қолди. Чунки, ҳаммасига бир вақтда пластикка пул тушди, эртасига нақдлаш учун ҳаммаси банкка йиғилди", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Бўронов.

Матбуот котиби, банк томонидан карантин қоидалари талабларига тўлиқ риоя қилинмоқда, деб таъкидлади:

"Банк томонидан карантин пайтида масофа сақлаш учун огоҳлантириш чизиқлари қўйилган, ленталар тортилган. Ходимларга қатъий кўрсатма берилган. Лекин, энди одамлар масофа сақламагани учун шунақа тушунмовчликлар бўляпти”.

Юнус Бўроновнинг қўшимча қилишича, 14 майдан бери мамлакат бўйлаб, 90 фоиз пенсионерларнинг пули қўлларига етказилган:

“Олдинги маҳаллий ҳокимият билан тасдиқланган график асосида уйида тарқатиляпти. Штаб ташкил қилинган, мендаги охирги маълумотга кўра, 90 фоиздан ортиқ пенсия тарқатиб бўлинган аслида. Ҳозир сиз айтган Олмазордаги воқеа бўйича мен ҳайронман”.

Матбуот котибининг қўшимча қилишича, банкда аҳолига пенсия тарқатиш билан шуғулланган 4 мингдан ортиқ сайёр кассир бор.

Пенсияни пластик картага ўтказиш тизими бошланиши билан кассирлар вақтинча ишсиз қолган ва уларни маҳаллаларда очилиши режаланган банк хизматлари марказларига ўтказиш режаланаётган эди.

Аммо, пенсия пулларини пластик картага тушириш амалиёти тўхташи билан, сайёр кассирлар яна аввалги ишига қайтарилмоқда.

Пенсионерларга тарқатилган 620 мингга яқин Humo банк карталари эса, карта эгалари истагига кўра, муомаладан чиқарилиб, қолган сумма нақдлаштириб берилмоқда.

7 - 8 май кунлари Humo тўлов тизимида кузатилган узилишлар маош ва нафақаси Humo картасига ўтказилган ўзбекистонликлар, айниқса, пандемия даврида пенсиялари пластик карталарга ўтказилган пенсионерларни танг ҳолда қолдирганди.

XS
SM
MD
LG