Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:59

Қўнғиротга Каримов бориши олдидан барча ҳашарга жалб қилинди


21 май куни президент Ислом Каримовнинг Қўнғиротдаги UzKorGasChemical қўшма корхонасининг очилиш маросимига бориши кутилмоқда. Шу муносабат билан Қорақалпоғистондаги ишчидан тортиб талабагача ҳашарга жалб қилинди. Ҳатто Нукусдаги олийгоҳлар талабалари бир неча соатлаб йўл босиб, Қўнғиротдаги янги корхонанинг ободонлаштириш ишларида иштирок этаяпти.

Ҳамма ҳашарга!

Май ойи бошидан буён Қўнғирот тумани Ақчалак посёлкасидаги UzKorGasChemical Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасининг атрофи ва корхонага олиб борувчи йўлларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Нукуслик талабалардан бирининг Озодликка айтишича, уларни 2 майдан бошлаб Ақчалак посёлкасига олиб борувчи йўлларни ободонлаштиришга жалб қилишган:

“2 майдан буён деярли ўқимаяпмиз. Ақчалакдаги заводнинг очилиш тадбирига президент Ислом Каримов келар экан. Шунга Нукусдан тортиб, шу заводгача бўлган йўлларда ободонлаштириш ишлари кетаяпти. Йўл атрофларини тозалаяпмиз. Домлаларимиз ҳашар яна бир ҳафта давом этади деб айтишди”, дейди исмини очиқламасликни сўраган нукуслик талаба.

Йўлига 4 соат сарфлаб, ҳашарга қатнаган талабалар

Тошкент Давлат Аграр университетининг Нукус филиалида қариндоши ўқиётган қорақалпоғистонлик манбанинг айтишича, университет талабалари бир ҳафтадан буён Ақчалакдаги корхонага ҳашарга қатнаяпти:

“Уларни бир ҳафта Ақчалакка олиб боришди. Эрталаб автобусга ортиб олиб кетишган, кечқурин қайтариб олиб келишган. Йўл учун бориш 2 соат, қайтиш яна икки соат вақт кетган. Шунча узоқ йўлга олиб боришган ҳашарга. Яна йўл кирани талабаларнинг ўзидан олишган. Еб-ичиши ҳам талабаларнинг ўз киссасидан бўлган. Талабаларни шунақа қилиб, мажбурий меҳнатга жалб қилишаяпти. Бу беспредел қачон тугайди ўзи?”, дейди қорақалпоғистонлик манба.

Нукусдан олинган маълумотга кўра, шаҳардаги барча корхона ва ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари ҳам шу кунларда Ақчалакдаги корхона билан боғлиқ ҳашарга жалб қилинган.

Қўнғирот туман ҳокимлиги мулозимларига кўра, Ақчалак посёлкасидаги UzKorGasChemical корхонаси билан боғлиқ ободонлаштириш ишлари бир ҳафта ичида ниҳоясига етади.

Мулозимларнинг айтишича, 21 май куни корхонанинг очилиш маросими ўтказилади ва тадбирда президент Ислом Каримовнинг шахсан иштирок этиши режаланган.

4 миллиард долларлик завод

2008 йил февралида Ўзбекнефтегаз миллий холдинг компанияси Жанубий Кореянинг Kogas, Honam Petrochemical, LG International Corp., SK Gas ва STX Energy каби ширкатларидан иборат консорциум билан Устюртдаги Сургил кони негизида газ-кимё мажмуаси қуриш учун UzKorGasChemical қўшма корхонасига асос солган.

Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш 2012 йилда бошланган. Мажмуанинг умумий қиймати 4 миллиард АҚШ долларига баҳоланиб, 2013 йили Ўзбекистон ҳукумати билан Жанубий Кореянинг Kogas ширкати ўртасида бу борада шартнома имзоланган.

Мажмуада йилига 4,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаб истеъмол учун 4 миллиард куб метр газ, 400 минг тонна турли кўринишдаги полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен, 110 минг тонна пиролиз бензини ишлаб чиқариш режаланган.

“Kogas” ширкати 2006 йилдан бери Ўзбекистонда газ конларини қидириб топиш ва ўзлаштириш соҳасида ишлаб келади.

Расмий маълумотларга қараганда, Сургил конидаги газ заҳираси 120 миллиард кубометрни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG