Азамат Сарсенбоев Каспий денгизи бўйида жойлашган Ақтау шаҳридан.
“Ўн йил олдин мана бу харсангтошларгача 200 метр сузардик. Ҳозир эса ўша тошлар устида турибмиз", - дейди у Озодлик радиосининг қозоқ хизматига берган интервьюсида.
Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Россия ва Туркманистонга туташ Каспий денгизи қисқариб бормоқда.
Каспий денгизининг Қозоғистондаги қисми энг саёз бўлганлиги сабабли, қозоқ расмийлари табиий ҳодисанинг оғир оқибатларига қарши курашяпти.
Шу ёз бошида Ақтауда қирғоқнинг ўзгариши туфайли фавқулодда ҳолат жорий қилинди.
Қозоғистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Зулфия Сулайменова муаммо кўламини тан олиб, “иқлим ўзгариши ва кўлга қуйиладиган Волга ва Урал дарёларидан сув оқими қисқариши бунга асосий сабаб эканини билдирди.
Азамат Сарсенбоев Қозоғистон сувдан унумли фойдаланиши кераклигини айтар экан, Волга ва Урал дарёларининг Россиядаги юқори оқими бўйлаб кўплаб тўғон ва бошқа саноат объектлари қурилиши Қозоғистон учун катта муаммо туғдираётганини таъкидлайди.
Мутахассислар Каспийнинг охирги қисқариш босқичи тахминан 2005 йилдан бошланганини айтади.
Британиянинг Nature илмий журнали 2100 йилга бориб Каспий денгизи сатҳи 9-18 метрга қадар пасайишини прогноз қилди.
2020 йилда чоп этилган илмий мақолада эса, сув сатҳи пасайиши Каспий денгизи буғланишининг сезиларли даражада ошиши билан боғлиқ бўлиб, бу дарё оқими ёки ёғингарчилик кўпайиши билан мувозанатлашмаслиги айтилади.
Каспий денгизидаги сув сатҳи пасайиши "ўрта йўлак" деб аталадиган марказий денгиз портлари – Россияни четлаб ўтувчи Каспий савдо йўлини хавф остига қўяди.
Украина уруши сабабли Қозоғистоннинг Ақтау ва Қуриқ портларига талаб ортди. Негаки юк жўнатувчилар халқаро санкциялар туфайли Россия орқали ўтувчи йўналишларга муқобил йўл изламоқда.
Қозоғистон ўз нефтини халқаро бозорга олиб чиқишда фойдаланадиган Россиянинг Новороссийск-2 денгиз терминалига қарамликни камайтириш учун Каспий орқали нефть экспортини имкон қадар кўпайтиришга интилмоқда.
-"Бироқ сувнинг саёзлиги нефть ташувчи танкерлар ҳаракатланишига таъсир қила бошлаган",- дейди Ақтау порти директори Абай Турикпенбоев.
Турикпенбоев 2022 йил 1январдан 2023 йил 1 январигача портдаги сув сатҳи 30 сантиметрга пасайганини айтди. Бу сўнгги йиллардаги ўртача 5-10 сантиметрлик кўрсаткичдан анча кўп.
Ақтаудан 70 километр узоқликдаги Қуриқ портида муаммо унчалик долзарб эмас.
Шунга қарамай, Қуриқ порт директори Серик Ахметов порт аллақачон энг ёмон сценарийга тайёргарлик кўраётганини айтади.
“Денгиз тикланади, деган прогнозлар бор. Бунинг аксини ҳам айтишмоқда. Аммо биз ўтириб, кута олмаймиз. Айни дамда Бельгия ва Грециянинг чуқур қазувчи компаниялари билан музокаралар олиб боряпмиз” -, деди Ахметов.
Олимлар Каспий денгизининг қуриши беш қирғоқбўйи давлати ва бутун минтақага катта экологик ва ижтимоий-иқтисодий таъсир кўрсатишини айтмоқда.
Бир пайтлар дунёдаги энг йирик денгизлардан бири ҳисобланган Орол денгизи тақдири бунга ёрқин мисолдир.
Совет Иттифоқининг Марказий Осиёдаги пахтачилик сиёсати натижасида юзага келган Орол фожиаси қозоқ ва ўзбеклар учун қимматга тушмоқда.
Кўлнинг қуриган қисмларидан кўтарилган тузли чанг бўронлари, Туркманистондаги қишлоқ хўжалиги экинларини ҳам шўрлантирмоқда.
Аммо Каспий денгизи қисқариши таъсир даражаси, вақти ва табиати беш давлатда турлича бўлади. Бу эса биргаликда ҳаракат қилишни қийинлаштиради.
Каспий денгизи оқимининг қарийб 80 фоизини Волга дарёси ташкил этади. Россия учун муаммо таъсири унчалик сезилмайди.
1930-йилларда Совет Иттифоқини саноатлаштириш даврида Волга бўйлаб кўплаб тўғонлар қурилиши Каспий денгизи сув сатҳининг кескин пасайишига олиб келди. Кейинчалик кучли ёғингарчиликлар сабабли сув сатҳи тикланди.
Қозоғистонлик экспертлар айтишича, Россиянинг юқори оқим сувидан фойдаланишни фаоллаштиргани Қозоғистоннинг иқтисодий жиҳатдан муҳим Қашаган нефть кони жойлашган Каспийнинг шимоли-шарқий қисми қисқаришини тезлаштирмоқда.
Собиқ сув хўжалиги вазири Наримон Қипшақбоевнинг фикрича, Россия билан амалдаги трансчегаравий сув тақсимоти шартномаларни имзолаган давлат амалдорлари Каспий бўйича ўз мажбуриятларини бажармаяпти.
“Агар Уралдан Каспийга ҳар йили етти миллиард куб метр сув қуйилганида, Уралнинг Қозоғистондаги қисми бугунгидек саёз бўлмас эди”, - дейди собиқ вазир.
Форум